Ўзаро ҳамкорлик янги давр бошланишига хизмат қилади
Ўзаро ҳамкорлик янги давр бошланишига хизмат қилади

 

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташриф билан борди. Миср давлат етакчиси Президентимизни илиқ муносабат билан кутиб олди. Учрашув давомидаги икки давлат етакчиларининг бир-бирига нисбатан илиқ ва самимий муносабатлари бизнинг ўзбек халқига ҳурмат ва эътибори илиқ эканлигидан далолатдир. Президентимиз Қоҳирадаги Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф чоғида экспонатларни катта қизиқиш билан кўздан кечирар экан, тарих ва маданият буюк меросга эга халқларимизни яқинлаштиришнинг муҳим воситаси эканини алоҳида қайд этди.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига музейга ташриф учун миннатдорлик билдириб, халқларимизни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар кўплиги, бу дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари икки мамлакат музейлари ва тарихчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар, маданият кунларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Миср ишбилармон доиралари вакиллари, мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Учрашув давомида икки томонлама муносабатларда улкан салоҳият борлиги, ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимиз етакчиси икки мамлакат ишбилармон доиралари биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўтмишда гуллаб-яшнаган Буюк Ипак йўлидек мустаҳкам ҳамкорлик кўприкларини қайта тиклашда муҳим ўрин тутишини кўрсатиб ўтди. Кейинги йиллардаги шериклик суръати ошганлиги мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари каррасига ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайди.

Шунингдек, куни кеча ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес форумининг самарали натижаларига кўра, умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан ортиқ битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Хусусан, Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилганлиги ҳақида давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этди.

Яна бир аҳамиятли томони шунда бўлдики, Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари ўз чиқишларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

Бўлаётган янгиланишлар, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани Миср бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очаётгани алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фикр-мулоҳозалар билан бўлишиб, Мисрнинг йирик сармоядорлари мамлакатимизни Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун кўприк сифатида кўраётганлари қайд этилди.

Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши белгилаб олинди.

Иккала давлат етакчилари Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар.

Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот фаоллашгани, парламентлараро алоқалар жадаллашганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда - газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Бу каби ҳамкорлик, айниқса, ўзаро тажриба алмашиш ва кўплаб инвесторларнинг мамлакатимизга келиши келгусида янги иш ўринлари кўпайишига ва энергетика тизимида ҳам сезиларли натижаларга эришишга хизмат қилади. Санъат ва маданият ходимларининг ўзаро мулоқотининг ташкил этилиши эса янги янги ишларнинг бошланиши учун провардида халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг барқарор бўлиши учун замин яратиши шубҳасиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш