Вазир ўринбосари келмади. Чўчидими, ҳурмат қилмадими?
Вазир ўринбосари келмади. Чўчидими, ҳурмат қилмадими?

 

Жамиятимизда яхши демократик одат шаклланмоқда. Бошланаётган йилнинг марралари, йил давомидаги асосий вазифаларни белгилаб берадиган Президент мурожаатномасини кутиш одат тусига кириб бормоқда. Парламентга ва Ўзбекистон халқига мурожаатнома қандай ўзгаришлар бўлар экан, деган саволлар билан ҳам кутилади.

 

Узун кириш

2022 йил охирлаб бораётган пайтда эълон қилинган Мурожаатномада катта мақсадлар кўзланди. Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарувини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. «Қўл бошқаруви»дан воз кечиш, вазирлар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниши назарда тутилди.

Жумладан, энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилиши айтилди.

Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти ошириладиган бўлди. Вазирларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилиши ҳам алоҳида қайд этилди.

Вазир ҳар йилнинг бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот бериши каби аввал амалда бўлмаган масалалар белгиланди. Вазирлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун эса сенатор ва депутатларнинг ҳам маъсулияти оширилиши таклиф қилинди. Албатта, бу масалаларда аниқ ҳуқуқий тартиб-қоидалар вақти билан белгиланади.

Вазирликлар ўз соҳасининг иссиқ-совуғи учун жавоб беради. Яъни, кўзланган мақсадга кўра, вазирлар давлат бошқарувида катта шахсга, жавобгар масъулга айланиши керак.

Вазирликлар катта ваколатларга эга бўлиши ҳисобдорлик ошишини ҳам тақозо қилади. Акс ҳолда, мувозанат бузилади.

Шунинг учун вазирлар фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг масъулиятини белгилаш тавсия этилди. Демократик мувозанатга эришилиши жуда муҳим.

Вазирдан ҳисоб сўралар экан, нега энди депутат ёки сенатордан ўз ишини қандай бажараётганига қизиқмаслигимиз керак? Уларга ҳам катта имкониятлар яратилган. Соҳалар бўйича иккала палатада ҳам қўмиталар, комиссиялар бор. Улар вазирларга қайси йўналишда ёки муайян ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатиши, камчиликлар бўйича жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, масалани биргаликда ҳал қилиши мумкин.

Ечим топилмаётган масала бўйича парламент вакиллари ҳам вазирликларга ўз таклифларини берса, муаммолар тезроқ ҳал бўлади. Ҳар ҳолда, ҳудудга чиқиб, аҳолининг фикрини ўрганиш бўйича тажриба ҳам, восита ҳам, қонунчиликни такомиллаштириш ваколати ҳам парламентда кўпроқ.

Сиёсий партиялар хулоса қилиб, масъулиятли бўлиб, парламент ва жамоатчилик назоратини самарали, одамларга фойдаси тегадиган, муаммоларни кўтаришгина эмас, уларни ҳал қилишга ёрдам берадиган шаклда амалга оширишга ҳаракат қилиши муҳим.

 

Депутатлар нимадан безовта?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида талабаларнинг турар жой билан таъминланганлик даражасини дастлабки тарзда пойтахтимиздаги 15 та олий таълим муассасалари мисолида ўрганишди. Депутатлар олийгоҳлар мутасаддилари ҳамроҳлигида талабаларнинг эшигини тақиллатиб, ошхонасига ҳам бирга кириб кўрди.

Ўрганишларнинг бошланғич натижалари ўтган ҳафта пайшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, олий таълим муассасалари проректорлари иштирокида муҳокама этилди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси, талаби билан олий таълим соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Қабул квотаси бир неча баробар ошди. Ўқиш учун қўшимча енгилликлар, ёшларга имтиёзлар берилди. Талабалар сони 1 миллионга етди. Булар, шубҳасиз, тарихий ютуқлар.

Шу билан бирга, вазирликлар ва университетларга боғлиқ бўлиб қолаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Бугунги кун талабалари тураржойидан розими?.. Талабанинг бугуни қандай ўтаётгани унинг эртасини белгилайди...

Президент ва ҳукуматнинг тегишли қарорларида вазифалар аниқ белгиланган. Нима учун улар ижро этилмаяпти?..

Тегишли чора-тадбирлар натижасида 2021 йил 1 майдан бошлаб давлат олий таълим муассасаларидаги ижара асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.

Давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари 256 тага етказилиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имконияти яратилди. Лекин бу билан эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди, холос. Ҳозир қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига эҳтиёж мавжуд экан.

Президент, ҳукумат ҳужжатлари ижро этилиши, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши муҳим. Шунинг учун олдимизда турган вазифа катта ва масъулиятли. Мутасадди вазирлик-идоралар билан талабаларни турар жой билан таъминлаш борасидаги камчиликларни ҳамкорликда бартараф этишимиз керак.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, аввалги йилларга нисбатан ўзгаришлар катта, ютуқлар кўп эканини айтишимиз шарт. Олийгоҳлар раҳбар-мутасаддилари кенг кўламли амалий ишлар қилган. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин.

Талабалар турар жойлари масаласидаги муаммоларни ўрганиш натижаларига кўра, пойтахтдаги 15 та олий таълим муассасасида кундузги бакалавр ва магистр йўналишларида 121 513 нафар талаба таҳсил олиб, уларнинг 65 770 нафари ёки 54 фоизида турар жойга эҳтиёжи борлиги аниқланган.

Талабалар турар жойидаги ҳолат олий таълим муассасалари кесимида таҳлил қилинганда, Ўзбекистон Миллий университетида талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизими тўлиқ рақамлаштирилганмагани ойдинлашди. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сонли қарорига мувофиқ, талабалар учун турар жой қидиришга ихтисослашган электрон платформани ишлаб чиқиш, талабалар турар жойи ва хусусий хонадонлардан ижарага турар жой қидиришнинг ишончли тизимини йўлга қўйиш ҳамда доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш вазифаси юклатилган бўлса-да, бугунги кунда мазкур платформа ишга туширилмаган.

Ишчи гуруҳ бирорта олийгоҳда бу масала якунига етказилмаганига алоҳида урғу берди. Ҳатто ахборот технологиялари бўйича етакчи ҳисобланган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизими рақамлаштирилмаган.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг талабалар турар жойлари ҳолати ўрганилганда, 1-сонли талабалар турар жойида таянч ҳаракатида нуқсони бўлган ҳамда 1-гуруҳ кўзи ожиз талабалар учун махсус хоналар ажратилмагани, шунингдек, умумий овқатланиш хонаси фаолияти йўлга қўйилмагани аниқланди.

Тошкент молия институтининг 1-сонли ётоқхонаси хоналарига меъёридан ортиқ (5-6 нафар) талабалар жойлаштирилган. Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниш ҳолати ачинарли.

Тошкент фармацевтика институтида ижарада турувчи 1000 дан ортиқ талабаларга ижара маблағларининг 50 фоизи тўлаб берилмагани аниқланган. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ётоқхоналарининг шароити яхши эмас, айримлари 10-15 йиллаб таъмирланмаган. ТТЖ мебель ва жиҳозлари маънан эскирган. Шунингдек, талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласида хорижий тажриба ўрганилмаган.

Ўрганиш натижалари айтиб ўтилгандан сўнг навбат муҳокамаларга ўтди.

 

Анвар ТЕМИРОВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари билан гаплашдик. Чилонзор туманида жойлашган Қатортол савдо мажмуасининг 3-4 қаватларида тадбиркор талабалар учун 1100 ўринли ТТЖ ташкиллаштирган. Лекин талабалар у ерга жойлашганидан сўнг ТТЖ ёнғин хавфсизлигига жавоб бермаслиги айтилиб, ёпиб қўйилган. Нега бинонинг ёнғин хавфсизлигига тайёрлиги ТТЖ талабаларга топширилгунга қадар текширилмаган? Ёки шу кунгача вазирлик бу масалани нега ҳал қилмади?..

 

Аҳрор МУСТАФОЕВ,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили:

— Бундан хабаримиз бор, бизга ФВВдан хат келди. Хатнинг қисқача мазмуни бу бинодан фойдаланиш мумкин эмас. Сабаби, 1- ва 2-қаватларда савдо дўконлари жойлашган, дўконларда тез ёнадиган маҳсулотлар бор. Шунинг учун қўшимча ёнғиндан чиқиш йўлаклари етарлича эмаслиги учун ёпилган.

Тез орада бу масала ҳал бўлади, деган мазмундаги жавобга депутат Анвар Темиров «сизлар ҳал бўлади деяпсизлар, лекин ёпилган вақтдан ҳозиргача оз вақт ўтмаган. Энг ёмони эса талаба бу масала учун сизларни айбламайди, талаба давлатни айблайди. Уларда давлат бефарқ қараяпти, деган хунук таассурот пайдо бўлади», деб эътироз билдирди.

Фракцияси аъзоси Дилором Имомова айрим талабалар турар жойларида қизлар жуда ноқулай ҳолатларда яшашга мажбур бўлаётганини мисоллар билан тушунтириб берди.

Фракциянинг яна бир аъзоси Қизилгул Қосимова хоналарда одам сони меъёрда бўлиши тиббий нуқтаи назардан жуда муҳим экани, акс ҳолатда ёшлар соғлиғи, руҳиятига салбий таъсир этиши мумкинлигини айтиб, вазирлик вакилларига режалаштиришда бунга амал қилиш зарурлигини эслатди...

Орада ҳис-ҳаяжонли тортишувлар ҳам бўлди, буни ҳам тушуниш мумкин. Талабаларга шароит бўлиши муҳим мавзу, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ҳамма бу мавзуни юрагидан ўтказиб гапиради...

Депутат ва мутасаддилар ўртасидаги қизғин давом этган муҳокамаларда баҳслашувлар, эътирозлар, таклифлар ҳам бўлди. Аммо бор муаммоларни қандай ҳал қиламиз, деган савол ҳақида мулоқот кенгаймади. Бунинг сабаби бор эди.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Биз кимнидир танқид қилиш ёки кимгадир эътироз билдириш учун йиғилмадик. Йиғилишдан асосий мақсад – масалага оқилона ечим топиш. Мана, натижалар кўрсатиб турибди, режалар қониқарсиз амалга оширилган. Шунинг учун режаларнинг амалга оширилишига тўсиқ бўлаётган жиҳатлар ҳақида бизга айтсаларингиз, масалага қонуний ечим топишга ҳаракат қиламиз. Чунки бизда қонун ташаббускорлиги функцияси мавжуд. Сизлар муаммоларни айтасиз, биз эса уни бартараф қилишга ёрдамлашамиз. Муаммоларни бир-биримизга очиқ айтишимиз керак, шундагина оқилона ечим топишимиз мумкин.

Шунинг учун муҳокамага вазирлик раҳбариятидан вакил таклиф қилинган эди. Келган мутахассислар яхши таҳлил қиляпти. Лекин улар қарор қабул қилувчи ёки умумий вазиятни тўлиқ биладиган масъуллар эмас. Муаммоли ҳолатлар вазирлик раҳбариятига янада аниқроқ кўринади. Бундай муҳокамалар танқид учун ўтказилмайди. Вазирлик буни тўғри тушунишини истардик. Йиғилиш қарорида ўрганиш, муҳокама бўйича аниқ позициямизни маълум қиламиз...

 

 

Муҳокамалар йиғилиш тугаганидан сўнг ҳам давом этди. Вазирлик мутасаддилари депутатлар вазирлик ваколатида бўлмаган масалаларда ҳам бизни айблашяпти, аслида муаммонинг илдизи бошқа жойда, масалан, турар жойлар қурилиши учун ер ажратилмагани вилоят ҳокимликлари билан боғлиқ масала, бу ҳақдаги саволни ҳокимликка бериш тўғри бўларди, улардан ҳам вакиллар чақирилса тўғри бўларди, дейишди.

Энди ўринбосар келмагани масаласи ҳақида. Маълум бўлишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан йиғилишда вазир ўринбосари қатнашиши маълум қилинган. Лекин бундай бўлмаган, изоҳ ҳам берилмаган. Бошқарма ва бўлим бошлиқлари келишган.

Вазир ўринбосари нега келмагани ҳақида турли қарашлар бўлди. Биров қўрқди, деса, биров ҳурмат қилмади, деди. Қайси бири тўғрилигини вазирлик албатта билса керак.

Вазир ўринбосари келганида вазирлик ва фракция ўртасида бир-бирини тушуниш осонлашар, асосийси, муаммоли ҳолатлар сабаблари янада аниқроқ кўринар эди. Тўғри, вазирлик янги ташкил қилинди, улар ҳам янги функцияларини тизимлаштириб олиши учун вақт керак бўлаётгандир. Лекин ҳурмат учун қанча вақт керак?..

Тортишувлар, баҳс, тушунмасликлар бўлиши ҳаётнинг бир қисми. Асосийси, парламент ва вазирликлар орасида соғлом мулоқот муҳити ривожланиши муҳим. Шунда тортишувдан фойда, баҳсдан натижа, тушунишдан хулоса пайдо бўлади. Халқимизда «бир кўрган – таниш, икки кўрган – билиш», деган аслида эзгу ниятли нақл бор.

Жараён бошланди, тўхтаб қолмаслиги муҳим. Парламент ва вазирликлар орасидаги муносабатлар натижага қараб мустаҳкамланиб боришига ишонамиз. Айниқса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги демократик тамойилларни тушуниб, амал қилиб, ёшларга, кўнгли тоза қоракўзларга ўрнак бўлиши аниқдек туюлади...

Халқ демократик партияси талабалар турар жойи масаласини ўрганиши бир марталик мажлис учун эмас. Вазирлик шундай ўйлаган бўлса, адашади, биз масалани маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга ҳудудларда ҳам давом эттирамиз, дейишди депутатлар. Мақсад – Президент ва ҳукумат қарорлари нега бажарилмаётганининг тагига етиш, ёшларга шароит яратиш, нотўғри кайфият ҳосил бўлишига йўл қўймаслик экани айтилди.

Кейинги мажлисда вазирни билмадигу ўринбосарларидан бири, албатта, қатнашиб қолса керак.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 1.03.2022, №8

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш