Аёлини эъзозлаган юрт
Аёлини эъзозлаган юрт

 

Инсоният яралибдики,аёл ҳамиша ҳаётнинг гултожи сифатида мадҳ этилиб, меҳрибон она, вафодор ёр, жонкуяр опа-сингил, гўзал қиз сиймосида намоён бўлади. Доимо аёлни куйлаш, уни васф этишга эҳтиёж бисёр. Шу сабабки, унинг таърифига тил ожиз. Аёл ҳақида абадул-абад қўшиқлар янграйверади.

Аслида Шарқда азалдан эркаклар улуғ саналган. Улар оилада, жамиятда аёллардан устун ҳисобланган бўлса-да, моҳиятан нозик қалб соҳибалари-аёлсиз ўша устунликни тасаввур этиш мушкул.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизни қайта тиклаш билан бирга миллий менталитетимизнинг ажралмас бўлаги бўлган оилага, аёлга бўлган ижобий муносабат янги Ўзбекистон барпо этиш йўлидаги мақсад ва ҳаракатларимизнинг узвий йўналишларидан бирига айланди. Агар аёл камситилган, аёл ва эркакларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари мувозанати таъминланмаган бўлса, жамият ўзининг юқори марраларига эриша олмайди ва баркамол ривожлана олмайди. Аёл оилада ўта муҳим роль ўйнайди. Она ва бола муносабати болаларнинг соғлом ривожланиш гаровидир. Тадқиқотлар натижасида ёшларнинг аксарияти маънавияти ва фуқаровий нуқтаи-назарининг шаклланишида оиланинг, шу жумладан, онанинг беқиёс ўрни борлиги кўп бора аниқланган.

Аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб қувватлаш, айниқса, бозор муносабатлари шароитларидан келиб чиққан ҳолда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, шу орқали бандлик муаммоларини бартараф этиш, оилалар даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, давлат ва жамият қурилишида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳуқуқий давлат эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлида олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришишда шубҳасиз, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамоллиги муҳим аҳамиятга эга. Ана шу тамойилларни инобатга олган ҳолда юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан аёллар соғлиғи муҳофазаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Соғлом авлод, соғлом бола деганда аввало соғлом наслни тушунамиз. Соғлом болани эса соғлом она дунёга келтиради. Бу борада Муҳтарам юртбошимиз томонидан бир қатор Фармонлар, қарорлар қабул қилиниб, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз таърифлари билан айтганда: “Соғлом бола деганда, аввало соғлом муҳит, соғлом она тушунилади. Зероки, соғлом наслни фақат соғлом аёлгина дунёга келтиради”. Шундан келиб чиқиб, соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Зотан, мамлакатимизда эл саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни вояга етказиш ҳамиша устувор вазифа бўлиб қолади. Фурсатдан фойдаланиб, онажонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, барча аёлларни яқинлашиб келаётган 8 март байрами билан табриклайман. Ҳамиша эъзозда бўлинг!

 

Зохида Ўзбекова,

ЎзХДП Бойсун туман кенгаши раиси,

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш