Янгиланаётган Конституция
Янгиланаётган Конституция

 

Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан янгиланаётган Конституцияга киритиш юзасидан халқимиз томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув ўтказди.

Президент билан учрашувда депутат ва сенаторлар жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифларнинг ҳар бири синчиклаб ўрганиб чиқилиб, бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олингани, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилганини таъкидлашди.

Бир неча ой давом этган ўрганишлар натижасида Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланди.

Мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этгани сабабли қонун лойиҳасини референдумга қўйишдан аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.

Бунда парламент ва ҳукумат, жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳасига ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилди.

 

Моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда

Кеча, 7 март куни Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда янгиланаётган Конституция бўйича қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Йиғилишда янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги алоҳида таъкидланди.

Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётгани эътироф этилди.

Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича тўхталиб, фикр алмашилди. Хусусан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирда баён этишга барча асослар борлиги, шу боис Конституциявий қонун лойиҳаси номи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” деб ўзгартирилгани билдирилди.

Янгиланган Конституция жамият ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши айтилди.

Таъкидланганидек, аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман, мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.

Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Бунда Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.

Қолаверса, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколат Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш белгиланмоқда. Бу иккала палатанинг мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади.

Қизғин руҳда ўтган йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор ва “Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ масъул қўмиталарнинг хулосаси қабул қилинди.

 

«Ўзбекистон овози», 8.03.2022, №9

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш