Чақалоқлар қаерга ўтирсин?
Чақалоқлар қаерга ўтирсин?

 

Ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ кўплаб янгиликлар кенг муҳокама қилинмоқда. Айниқса, одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлган тақдирда одам ташиш тақиқланиши билан боғлиқ масала юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда.

Аслида бу янгилик эмас. Бу норма 2022 йил 12 апрелда тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 159-бандида белгиланган.

Амалдаги тартибга кўра, транспорт воситасида техник тавсифномадан ортиқча одам бўлса, у ҳатто чақалоқ бўлса ҳам, мумкин эмас. Кўриниб турибдики, автомашининг орқа ўриндиғида фақатгина 3 нафар йўловчи бўлиши талаб этилади.

Жамоатчилик бу меъёрга бекорга фаол муносабат билдираётгани йўқ. Бунинг учун жиддий сабаб ва асослар бор.

 

4 ва ундан кўп болали оилалар 500 мингдан ортиқ

Агар она чақалоғини тиззасида олиб ўтирса ҳам, бу, албатта, қоидани бузиш ҳисобланиб, жарима солишга асос бўлади. Тўғри, қоидага барча амал қилиши лозим. Бироқ, янги қоидаларни белгилашда реалликни ҳисобга олиш, хусусан, болажон халқимизнинг кундалик ҳаётида ноқулайликларни келтириб чиқармаслигига эътиборли бўлиш мақсадга мувофиқ.

Ўзимни оилам мисолида тушунтирсам. Шахсий автомашинамда Фарғонага борадиган бўлсам, икки нафар ёш фарзандим, аёлим ва ота-онам билан биргаликда кета олмайман. Чунки биз 6 кишидан иборатмиз. Автомашинамнинг техник тавсифномасида эса 5 киши, деб кўрсатилган. Кўриниб турибдики, 1 киши ортиқча. Ёки фарзандимни қолдириб кетишим керак ёки ота-онамни йўловчи машинада Фарғонага юборишим керак. Мана, муаммо қаерда. Бу биргина шахсий автомашинаси бор одамнинг муаммоси.

Ана энди муаммонинг бошқа тарафига эътибор қаратсак. Бугун мамлакатимиз аҳолиси 36 миллион 24,9 минг кишига етди. Ҳар йили бу рақам ошиб боради. Мисол учун, биргина 2023 йил январь ойининг ўзида 76199 нафар чақалоқ туғилган. Январь ойида 1816 та эгизак чақалоқ туғилган. Ёки бўлмаса, мамлакатимизда 4 ва ундан кўп болали оилалар сони 500 мингдан ортиқни ташкил қилади. Ўзбекистонда 38,6 фоиз уй хўжаликларида 6 ва ундан кўп кишилар истиқомат қилмоқда.

Хулоса чиқариб олаверинг, шунча оилаларни автомобиль хизматидан фойдаланишда қандай ноқулайликлар кутмоқда.

 

Боланинг ортиқчаси бўладими?

Ҳар бир оилада ҳам автомобил йўқ ва улар бевосита йўловчи транспорт воситаси, яъни такси хизматидан фойдаланади. Расмий статистикага кўра, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомобиллар сони 3637119 тани ташкил этмоқда. Бу ҳар 1000 кишига 95 та автомашина тўғри келади, дегани.

Тасаввур қилинг, эр-хотин ва унинг уч нафар фарзанди Қашқадарё вилоятига ота-онасини кўриб келиш учун бориши керак. Такси чақирди, олд ўриндиққа ота, орқа ўриндиққа эса она ва уч фарзанд ўтирди. Афсуски, ҳайдовчи орқага 4 киши мумкин эмас, бир киши тушиб қолсин, мумкин эмас, деб туриб олди. Энди нима бўлади? Бу ҳолатда ҳам бир киши қолиши ёки бошқа машинада кетишига тўғри келадими?

Бу каби бўлиниб-бўлиниб кетиш ўз-ўзидан қўшимча йўлкира тўлашга мажбур қилади, буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди.

Яна статистикага назар соламиз. Ҳар куни вилоятлардан Тошкент шаҳрига келиб-кетувчи автомобиллар 260 мингтани ташкил этади. Уларнинг қанчасида “ортиқчалик” муаммоси юзага келади?

Тўғри, транспорт воситасининг техник тавсифномаси бор. Тўғри, хорижий тажриба шундай дейлик. Хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғриси ҳам шу дейлик, аммо биз болажон халқмиз, чет элликларга ўхшаб битта фарзандли оила эмасмиз.

Ушбу норма фақат йўловчилар, хизмат кўрсатувчиларнигина эмас, кўпчиликни қийнаётган масала. Ҳатто йўлда ортиқча одам олибсиз, деб ҳайдовчига жарима ёзадиган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимини ҳам қийнайдиган масала.

Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тушунтириш берибди. Кейинги пайтда транспорт воситаларида керагидан ортиқча, ҳаттоки 10-15 талаб болани олиб юриш ҳолатлари кўпайгани, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланган ва вафот этган йўловчилар сони ортаётгани сабаб қилиб келтирилибди.

Бундай ҳолатлар бўйича албатта чоралар кўрилгандир. Лекин қўлдаги чақалоқлар, етаклаб юриладиган мурғак болаларнинг нима айби бор?

Қизиқ, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ва ўлим ҳолатининг кўпайиши чақалоқлар ва болаларни олиб юриш натижасида бўляптими? Шунинг оқибатида юзага келган йўл-транспорт ҳодисаси барча ҳолатларнинг қанча қисмини ташкил этади? Умуман, бу масалада аниқ ва асосли таҳлил юритилганми?

Ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб, қарорлар қабул қилиш яхши, лекин айрим масалаларда реалликни ҳам ҳисобга олиш керак.

 

Жамоат транспорти техник тавсифномага амал қилмайдими?

Энди масаланинг бошқа томонига эътибор қаратсак. Йўл ҳаракати қоидаларининг 159-банди талаблари жамоат транспортларига ҳам тааллуқлидир. Ҳар куни жамоат транспорти хизматидан минглаб, миллионлаб фуқароларимиз фойдаланади.

Яна статистикага юзланамиз. Тошкент метрополитенида 2022 йилнинг бир кунида ўртача 374,6 минг нафар йўловчи ташилган. Ёки бўлмаса, Самарқанд шаҳрида трамвай транспортида қарийб 3 млн йўловчи ташилган. Тошкент шаҳрининг ўзида аҳолининг 20 фоизи, 2,7 млн нафар инсон жамоат транспортидан фойдаланади.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида 1300 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. “SAZ”, “MAN”, “Isuzu” каби автобуслар ҳамда 20 дона электробуслар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Энди автобусларнинг техник тавсифига назар соладиган бўлсак, “SAZ” автобуслари йўловчи сиғими 56 нафарни, ўриндиқлар сони 26 тани ташкил қилади, “MAN” автобуси 85 йўловчи сиғимига, 30 ўриндиққа эга. “Isuzu” автобуси эса 38 йўловчи сиғими, 16 ўриндиққа эга.

Энди тасаввур қилинг, қайси автобус ўз сиғимига мос равишда ҳаракат қиляпти экан? Ҳар бир йўловчи биладики, 38 йўловчи сиғимига эга “Isuzu” автобуси камида 60 та йўловчи билан ҳаракат қилади. Йўловчилар эрталабда бир оёқда турадиган вазиятларга тушиб қолади.

Бироқ нима учун жамоат транспортлари (автобус, метро) техник тавсифномада белгиланган нормадан ортиқча одамларни ташишига эътибор қаратилмайди? У ерда ҳам тартиб-қоида бузилмоқда-ку? Ёки билиб туриб, онгли равишда кўз юмиладими?..

Айрим масалаларда кўрмаганга олиб, одамларга ноқулайлик туғдирадиган баъзи нарсаларда кўзларимизни катта-катта очиб қарашимиз қанчалик тўғри?

Бу жуда долзарб, юртимиздаги ҳар бир оилага таъсир кўрсатадиган масала. Шунинг учун саволлар масъуллар асосли жавоб бергунича очиқ қолаверади.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 8.03.2022, №9

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш