Yale University учинчиси бўлди
АҚШга жўнаб кетишимдан олдин Ўзбекистонда таҳсил олдим: мен бир йил Молия институтида ўқидим, кейин Тошкент давлат техника университетига ўқишимни кўчириб ўтказдик. Сабаби у ерда Ўзбекистон—Малайзия бизнес бошқаруви факультети очилганди. Бакалавриатнинг сўнгги йилида чет эл университетларига талабаларни ўқишга юбораётган «Умид» жамғармаси ҳақида кўп эшита бошладик. Кейин кўпчилигимиз фонднинг стипендия дастурларига жиддий қизиқиш билдира бошладик, чунки бизда ҳеч қандай тил тўсиғи йўқ эди — факультетда дарслар инглиз тилида олиб борилар эди.
Мен TOEFL ва GRE тестларини топширишим (Graduate Record Examinations — Америка университетларида магистратура ёки аспирантурага кириш учун зарур бўлган тест), шунингдек, «Маънавият ва маърифат» имтиҳонидан ҳам ўтишим керак эди. Энг муҳими, учинчиси мени кўпроқ ташвишлантирарди — чунки халқаро стандартлаштирилган синовлардан фарқли ўлароқ, бу тестлардан ҳар қандай саволларни кутиш мумкин эди.
Эсимда бир пайт менга ҳар томондан табриклар ёғила бошлади: улар мен қандай омадли эканмимни таъкидлашар, энди Йел университетидек таълим даргоҳида ўқишим ҳақида гапиришарди. Ростини айтсам, ўша пайтларда мен Йелнинг юқори даражадаги статусидан хабарим йўқ ва бошимга қандай омад қуши қўнганини тушунмасдим. Ахир 1998 йилда керакли маълумотни топиш ҳозиргидек осон эмас эди.
АҚШда ўқиш
Йелда сиз таълим дастурингизни ўзингиз тузасиз, шунинг учун мен иқтисодиёт ва ахборот тизимларини ўрганишга ҳаракат қилдим. 20 йил олдин АҚШдаги IT-соҳа вакиллари ва оддий фойдаланувчилар нима тўғрисида баҳслашишганини биласизми. Сизга айтаман, улар қайси операцион тизимни танлаш устида бош қотиришар, ҳаттоки Маc ёки IBM яхшироқлиги ҳақидаги кўплаб муҳокамалар сабаб кичик низолар ҳам чиқиб турарди. Ҳамма ўзича ҳақ эди ва ўз фикрини охиригача ҳимоя қилишга тайёр эди.
Бизнинг Йел университетидаги ўқитувчимиз яқин келажакда қурилмаларнинг бренди ва операцион тизимлар аввалги қийматини йўқотишини айтганди, чунки барча маълумотлар «облако», яъни ташқи виртуал ресурсларда сақланади деганида нафақат менга, балки бу гапларни эшитган барчага бу ғоялар фантастика бўлиб туюларди, лекин бугун ўйлаб қоламан: у қандай қилиб буни олдиндан кўра билди?
«Умид» жамғармаси нафақат ўқишимиз учун, балки рейслар, турар жойлар учун ҳам пул ажратган. Аммо мен қўшимча даромад олишни хоҳлардим, айниқса, қўшма штатларда бу мутлақо оддий ҳолат. Ҳа, албатта, университет қатор чекловлар қўйди: ўқиш билан бирга ишлаш ҳафтасига 17 соатдан ошмаслиги керак. Табиийки, кўпчилик университетнинг ўзида ишлашни афзал кўришди – Йел бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганди ва ҳатто талабалар учун бўш иш ўринлари реестри ҳам мавжуд эди.
Кўплаб иш жойларини таниқли Йел кутубхонаси таклиф қиларди — у АҚШда учинчи ўриндаги кутубхона саналарди. Сизга кутубхонада ишлаш жуда оддий туюлиши мумкин. Аслида, китобхонлар қолдирган китобларни йиғиш ва баъзан оғир фолиантларни баланд жавонларга жойлаб қўйиш жуда қийин иш бўларди. Ўша пайтда бунинг учун соатига камида 5 доллар тўлашарди. Шунда мен оғир меҳнат талаб қилмайдиган иш топишим кераклигини англадим ва шунчаки вакансиялар рўйхати ичидан энг юқори иш ҳақи таклиф этилаётган «програмист» вакансиясини топдим. Университет кутубхонасига микрофильмларнинг тугалланмаган компьютер маълумотлар базасини тўлдириш учун мутахассис керак эди, чунки унинг муаллифи ўқишни тугаллаб Йелни тарк этган. Менга вазифам бир йил ичида дастурни маълумотлар билан тўлдириш ва унга қидирув тизимини жорий қилишим кераклигини айтишди. Мен ҳаммасини тахминан бир ҳафта ичида тугатдим, қолган вақт эса иш берувчи билан келишилган ҳолда дастурни техник қўллаб-қувватлаб турдим. Бу ерда ҳеч нарса бузилмагани учун бўш вақтимдан фойдаланиб, «Умид»чиларнинг онлайн мунозара платформасида фаол иштирок этдим.
Қайтиш ёки қайтмаслик?
1999 йилда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида «Умид» стипендиатларининг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан тарихий учрашуви бўлиб ўтди. Ислом Абдуғаниевич биз билан жуда илиқ суҳбатлашди, барчага қайтиб келиб, республика равнақи йўлида ишлашни таклиф қилди. Мен ўша учрашувдан хотира бўлиб қолган фотосуратга қараб, суратдаги ҳамма студентлар ичида битта мен давлат хизматида раҳбарлик лавозимида ишлаётганимни тушунаман. Мен бунга ҳеч қандай алоҳида баҳо бераётганим йўқ, шунчаки ҳақиқатни айтаман. Америкада қолишни ўйлаганмидим? Ростини айтсам, мен бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаганман, ҳаттоки битиришимдан бироз олдин йиллик иш ҳақи 100 000 АҚШ доллари бўлган иш таклифларини ҳам олганман. Ўшандаги ҳолатим, ўзимни эслайман ва мен ватан ҳисси юрагида жўш урган ёшлардан бўлганимни англайман. Биласизми, магистратуранинг биринчи курсини тугатганимда таътил пайтида АҚШ бўйлаб саёҳат қилиш ўрнига мен Тошкентга келиб, Молия вазирлигида ёзги амалиётни ўтадим. Менимча, ўша вақт менга иш ҳақи тўланмаган. Аммо шундай бўлса ҳам менинг омадим келганини англардим. Биринчи раҳбарим мен каби чет эл маълумотига эга ёш мутахассисларга алоҳида эътибор берадиган, Москва давлат университетини битирган инглиз тилида эркин суҳбатлаша оладиган Улуғбек Рўзуқулов эди. Мен валюта-иқтисодиёт бош бошқармасининг халқаро бўлимида ишлаганман. Улуғбек Убайдуллаевич кўплаб инглиз тилида сўзлашадиган ёшларни атрофида тўплаганди. Менга Молия вазирлигида ишлаш ёқди, шунинг учун магистратуранинг иккинчи йилидан кейин бу ерга қайтиб келдим ва ҳатто «Умид» жамғармасининг ёш кадрларни тақсимлашини кутиб ўтирмасдан дарҳол ишни бошладим. Лекин жамғарманинг асосий мақсади битирувчиларни давлат секторига жойлаштириш бўлганлиги сабабли менинг қароримга ҳеч ким эътироз билдирмади. Кадрларни тақсимлашга келадиган бўлсак, умид қиламанки, «Эл-юрт умиди» жамғармаси олдинги хатоларни қайтармайди. Мендан фарқли ўлароқ, кўплаб бошқа «Умид»чиларнинг биринчи раҳбари борасида омади келмаган.
Мен битта мисол келтираман: АҚШ университетларидан бирининг битирувчиси ўзи туғилиб ўсган Сурхондарё вилоятига қайтиб келади, чунки «Умид» уни вилоят ҳокимлигига тақсимлаган. Унга сиз молия бошқармасида ишлайсиз деб айтишди. Аслида эса у деривативлар бўйича мутахассис эди. Бизнинг фонд бозоримиз ҳалигача бу мутахассисга мос иш таклиф қила олмайди, тушуняпсизми, бизда ҳали бу яхши ривожланманган йўналиш ҳисобланади. Бу нотўғри режалаштириш, ноёб мутахассисларга талаб йўқлиги ва тақсимлашга номақбул ёндашувдир. Хўш, кейин уни ҳеч бўлмаганда фонд биржасига юборишга нима халақит қилганди? Кўплаб «Умид»чилар асосан хизматлари тақсимланган жойларида ўзларини намоён қилиш имкониятини топа олмаганликлари сабаб давлат хизматини тарк этишди. Ҳа, кейин давлат хизматидаги иш ҳақи жуда паст эди, иш тартиби жуда қийин эди, агар раҳбар билан муносабат яхши бўлиб, ривожланиш имконияти бўлганида эди кам ойлик ва оғир ишга ҳам чидаса бўларди…
Нима учун?
Бу ғояни янги «Эл-юрт умиди» бренди остида тиклаш жуда зарур ташаббусдир, халқаро даражадаги мутахассисларсиз муносиб турмуш даражасига эга мамлакат қуриш мумкин эмас. Чунки Ўзбекистонни жадал ривожлантиришнинг энг самарали йўли — бу хорижий инвестицияларни жалб қилиш. Мен бир умумий ҳақиқатни айтаман: инвестицияларни жалб қилиш учун потенциал инвесторлар билан мулоқотда бўлиш керак. Улар эса ўзига ўхшаш менталитетга, умумий қадриятларга эга бўлган одамлар билан ўзаро алоқада бўлишга тайёр. Улар ўзлари ўқиган университетларнинг битирувчиларига кўпроқ ишонишади. Ғарбдаги университетларнинг бўйинбоғлари одамларни ўзгача ришталар билан боғлайди ва бу алоқалар ҳаёт давомида сақланиб қолади. Иккинчидан: яқинда биз Халқ таълими вазирлигида бизнинг «English speaking nation” лойиҳамизни амалга ошириш учун USAIDнинг 50 миллион АҚШ долларлик грантини жалб қилишга муваффақ бўлдик. Айтишим мумкинки, ушбу грантни ажратиш бўйича музокараларнинг бошланишида менинг Йел университети битирувчиси эканлигим муҳим рол ўйнади. Шундай қилиб, давлат томонидан бизнинг таълимимизга қилинган инвестициялар ҳали ҳам сезиларли дивидендларни олиб келмоқда. Лойиҳа 2003 йилда тўхтатилганлиги эса жуда ачинарли.
Шунга қарамай, «Умид» битирувчиларини раҳбар лавозимларига тайинлаш, Президент Шавкат Миромонович даврида бошланди. Ҳозида «Умид»чилардан 5 таси вазир лавозимида фаолият олиб бормоқда. Лекин давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган давлат сиёсатини бекам-у кўст амалга ошириш, қўйилган улкан мақсадларга эришиш учун ҳозирда мамлакатимизга кўплаб юқори малакали раҳбарлар ва чет эл маълумотига эга мутахассислар керак. «Umid Reunion 2.020» конференцияси «Умид» битирувчиларини Ўзбекистонга қайтишга ва ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беришга илҳомлантиради деб умид қиламан. Мен ўзим, мактаб таълимини ривожлантиришга қодир бўлганларни Халқ таълими вазирлигидаги муҳим лавозимларга таклиф қилишга тайёрман. Шу билан бирга, мен ушбу тадбир фақат танқидлар ва юқоридан берилган маслаҳатлар билан чекланмаслигини истардим. Ўргатиш осон, бизга эса ҳақиқий, амалий ёрдам керак.