Давлатнинг халқимиз олдидаги мажбуриятлари ортиши ХДП учун принципиал аҳамиятга эга
Давлатнинг халқимиз олдидаги мажбуриятлари ортиши ХДП учун принципиал аҳамиятга эга

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Менинг Конституциям” шиори остидаги навбатдаги тарғибот тадбирини Сирдарё вилояти мусиқали драма театри майдонида ўтказди.

Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Маълумки, Сирдарё аҳли меҳнатсеварлиги, самимийлиги билан ажралиб туради. Шундан бўлса керак, вилоят полиз маҳсулотлари етиштириш ва экспорти бўйича республикада етакчи ўринда туради. Сирдарёда мамлакатимиз электр энергиясининг учдан бир қисми ишлаб чиқарилади.

Янги таҳрирдаги Конституция, унга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Сирдарё аҳолисини ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирига юзлаб фуқаролар тўплангани ҳам сўзимизнинг исботидир.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова энди давлатни эмас, инсонни, унинг ҳуқуқлари кафолатини олий мақсадга кўтаришга эътибор қаратилаётгани, Янгиланаётган Конституция лойиҳасидаги янги нормалар “инсон-жамият-давлат” концепциясига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқилгани, Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари ҳам инсон ҳимояси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги билан боғлиқлиги, шунинг учун партия Конституцияга таклифлар беришга катта масъулият билан ёндашганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида янги меъёрларнинг мазмун-моҳияти, таълим ривожи ва ёшлар ҳаётидаги ўрнига доир муҳим жиҳатлар хусусида тўлиқ маълумотлар берилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони оширилмоқда. Ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча баравар ортиши кўзда тутилган.

Хусусан, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар инсон қадри учун, инсон манфаатлари учун эканлиги янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топган. Бош қомусимизда 48-модда билан ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда.

79-моддада давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Байрамона муҳитда ўтган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудуддаги фаоллар ҳам сўзга чиқиб, Асосий қомусимиз одамларимизга куч берадиган, кайфиятини кўтарадиган қомус бўлаётганини, ундаги меъёр ва қоидалар меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Очиқ осмон остидаги тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрамона кайфиятда давом этмоқда.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш