Меҳнат қилаётган ҳар бир инсон асосий эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлиши керак
Меҳнат қилаётган ҳар бир инсон асосий эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлиши керак

 

Мамлакатимизда аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, айниқса, инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Янгиланаётган Конституциямизнинг 42–моддасида ҳам ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилаётгани эътиборга молик.

Амалга оширилган меҳнат фаолияти учун мос ҳақ олиш,  ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда камситилишга йўл қўймаслик адолатни таъминлашнинг муҳим шартидир. Айни чоғда ходимнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмасилигининг белгиланиши ҳам муҳим ижтимоий кафолат сирасига киради.

Ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини аниқлашда оилаларнинг минимал истеъмол харажатлари қиймати асос қилиб олинади. Энг кам иш ҳақи, нафақалар ва пенсиялар миқдори ҳар йили нархлар ўсишига мутаносиб равишда ошириб борилади.

Шу нуқтаи назардан, мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари уларнинг меҳнатига лойиқ бўлиши билан бирга, муносиб турмуш кечиришини таъминлаш, пировардида эса аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳамда мамлакатда ижтимоий адолат тамойилларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади, деб қайд этилмоқда.

Бу бежис эмас, албатта. Зеро, ходим қаерда ишлашидан қатъи назар – давлат ёки нодавлат ташкилотларидами, тадбиркорлик субъектларидами иш берувчи томонидан тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдори унинг муносиб турмуш даражасини таъминлаши керак. Меҳнат қилаётган ҳар бир инсон асосий эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлиши лозим.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори нима ва у қандай белгиланади? Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб турмуш даражасини таъминлаши учун минимал истеъмол харажатлари қиймати асосида белгиланади.

Инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш деганда, инсоннинг яшаш харажатларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, коммунал, транспорт, алоқа ва бошқа) қоплаш, шунингдек таълим олиш, соғлиқни сақлаш, дам олиш ва бошқа эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши тушунилади.

Давлат фуқарога меҳнатига яраша иш ҳақи тўланишининг чораларини кўриши ва кафолатларини таъминлаши, иш берувчи эса ходим олдидаги мажбуриятларини бажариши лозим. Давлат меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда мамлакатдаги иш ҳақининг умумий даражаси, истеъмол нархлари, ижтимоий нафақалар ва ижтимоий қатламларнинг турмуш даражасини қиёсий ҳисобга олган ҳолда ходим ва оилаларининг эҳтиёжларини эътиборга олиши ҳам зарур бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган мазкур норма ижтимоий давлатнинг энг муҳим талабини давлат сиёсати даражасига кўтармоқда ҳамда ходимларни меҳнатига яраша иш ҳақи олиши ва олаётган иш ҳақини нормал ҳаёт кечириш учун етарли бўлишини кафолатламоқда.

Мазкур модданинг кейинги қисмида эса ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши, қатъий белгилаб қўйиляпти.

Боиси иш берувчиларнинг аксарияти танловда аёллардан кўра, эркакларга кўпроқ устунлик беради. Бунинг сабаблари оддий — аёллар фарзанд парвариши туфайли ишга кечроқ келиши, ишдан вақтлироқ кетиши, ҳомиладорлик таътилига чиқиши айрим раҳбарларга маъқул келмайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этишни тақиқлаш бўйича норма киритилаётгани шубҳасиз, хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик учун муҳим қадам бўлади.

Умуман олганда, Бош қомусимизда аёлларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини камситилишини тақиқлаш гендер тенглигига эришишга хизмат килади. Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириб, уларни нормасмий меҳнат муносабатларини легаллаштиришга замин яратади. Натижада аёллар эркин меҳнат қила олади.

 

Мавжуда ХАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш