Сайлов натижалари бўйича брифинг ўтказилди
Сайлов натижалари бўйича брифинг ўтказилди

 

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов бўлиб ўтди. Барчамиз гувоҳи бўлдикки, мазкур сайлов миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга мос тарзда, шунингдек, юқори даражада уюшқоқлик ва якдиллик билан ўтказилди.

Шу муносабат билан Халқ демократик партияси бирифинг ташкил қилди. Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов бу йилги сайлов янгича ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилгани, ғоя ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш учун барча партияларга кенг ҳамда тенг имкониятлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилдики, Халқ демократик партияси томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёш сиёсатчилар авлодини етиштириб чиқаришга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Парламентга сайланган депутатларимизнинг 2 нафари ҳали 30 ёшга тўлмаган. Маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар орасида ҳам ёшлар оз эмас.

Парламент ва маҳаллий кенгашлари сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, Халқ демократик партиясидан парламентга 18 нафар депутат сайланган эди. Такрорий овоз беришда 9 та округдан 4 тасида партия номзодлари депутатлик ўрнини қўлга киритди. Умумий натижаларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан 22 нафар депутат сайланди. Шундан 11 нафари аёллар (50 фоиз).

Депутатларнинг 3 нафари фан номзоди, 2 нафари фан доктори. Мутахассислиги нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, 6 нафари иқтисодчи, 6 нафари педагог ва 3 нафари шифокордир.

Сайловлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари учун бўлиб ўтди. Бу фақат парламент учун сайлов эмас, бу маҳаллий Кенгашларга ҳам сайлов. Сайловнинг натижалари фақат парламентда эгалланган ўрин билан ўлчанмайди. Албатта, бу ўрин жуда муҳим. Лекин, республика бўйича вакиллик ҳокимиятидаги умумий депутатлик ўринларини ҳам ҳисобга олиш зарурлиги брифинг давомида алоҳида таъкидланди.

Агарда умумий депутатлик ўринларини ҳисобласак, парламентга ва маҳаллий Кенгашларига 6720 депутатлик ўрни бор. Шундан дастлабки маълумотларга кўра, Халқ демократик партияси 1596 депутатлик ўрнини қўлга киритди. Сайловда эришилган умумий депутатлик ўрни бўйича партия иккинчи ўринда турибди.

Масалан, Наманган вилоятидаги 430 та депутатлик ўрнидан 142 тасини, яъни 33 фоизини Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар эгаллашди. Шундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун 13 та депутатлик ўрнидан 4 тасини (31 фоиз), халқ депутатлари вилоят Кенгашида 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз) ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларидаги 357 та депутатлик ўрнидан 118 тасини (33 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллади.

Тошкент вилоятидаги 699 та депутатлик ўрнидан 208 тасида (30 фоиз) партиядан кўрсатилган номзодлар сайланди. Шундан парламент депутатлиги учун кўрсатилган 13 та ўриндан 3 тасини (23 фоиз) Халқ демократик партияси номзодлари эгаллашди. Вилоят Кенгашида эса 60 та депутатлик ўрнидан 20 тасини (33 фоиз), туман ва шаҳар Кенгашларидаги 626 та депутатлик ўрнидан 185 тасини (30 фоиз) партия номзодлари эгаллашди.

Партия фаолларининг фикрича, ҳозирги кунда қонунларимиз яхши, ижтимоий йўналтирилганлиги, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласида амалдаги ҳужжатларда жуда кўп масалалар белгиланган. Аввало, уларнинг ижросини таъминлаш жуда долзарб аҳамиятга эга. Бунга эришилмаса, қуйида ислоҳотлар рўёбга чиқиши қийин бўлади, одамлар, халқимиз ҳаёти ва турмушида ўзгаришлар сезилмайди. Шунинг учун партия одамларнинг бевосита ҳаётига таъсир қиладиган, жойларда қонунлар, қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда қатъий ҳаракат қилади.

Партия Сайловолди дастурида парламентдаги фракцияси орқали бир қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқишни режалаштирилган. Хусусан, аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг тирикчилик учун етадиган энг кам миқдорини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси тўғрисида қонун қабул қилишга эришиш мақсади қўйилган. Янги фракциянинг биринчи қонунчилик ташаббуси ана шу бўлиши режалаштирилган.

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш