Ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари таъминланади
Ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари таъминланади

 

Бугун одамлар қонунларда ўз ҳаётининг кафолатини кўришни истайди. Борган сари ҳаволаки нормаларсиз, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан эҳтиёж ортиб боряпти. Зеро, қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши лозим.

Қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифаси бўлиб, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Шу сабабли айни чоғда қуйи палатага киритилган ҳар бир қонун лойиҳасининг муҳокамаси депутатлар томонидан билдирилган кўплаб саволлар, фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида янада такомиллаштирилиб, пишиқ-пухта ҳолатга келтирилмоқда. Аниқроқ айтганда, қонунларда халқ манфаатлари акс этмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси обдон муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2022 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўллаган байрам табригида билдирилган таклифдан келиб чиққан ҳолда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда муҳим янгиликлар ўрин олган.

Таклиф этилаётган лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 208-моддасининг биринчи қисмига 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилашга қаратилган ўзгартириш киритилмоқда.

Албатта, кейинги йилларда соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Қувонарлиси, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб келаётир.

Ишончим комилки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 
 
 
 
 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш