Янада масъулиятли вазифалар
Янада масъулиятли вазифалар

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча, сешанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида спикер ­Нурдинжон Исмоилов янгиланган Конституциямиз, олдинда турган устувор вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бугунги ялпи мажлисимиз ўзгача тарихий муҳитда ўтказилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овози бериши орқали қабул қилингани эълон қилинди.

Юртдошларимиз референдумда фаол иштирок этиб, давлатимиз барқарорлиги ва келажаги, инсон манфаатларининг ҳуқуқий асоси бўлган янги таҳрирдаги Конституцияни, Янги Ўзбекистон олиб бораётган ислоҳотларни якдиллик билан қўллаб-қувватладилар.

Референдум жараёнлари миллий қонунчилигимизга, халқаро норма ва стандартларга ҳамда очиқлик ва ошкоралик каби умумэътироф этилган тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказилди.

Буни халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, референдумни кузатиш учун мамлакатимизга келган халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар, халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари алоҳида қайд этишмоқда.

Айтиш жоизки, референдум жараёнини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари, халқаро экспертлар, умуман, жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатиб борди.

Улар Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдум орқали, яъни халқ танлови асосида қабул қилинганини том маънодаги демократик қадам, деб таъкидладилар.

Таъкидлаш жоизки, Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнларида кенг жамоатчиликнинг юксак фаоллигига гувоҳ бўлдик.

Референдум ўтказувчи участкаларда ҳам фуқароларнинг юқори фаоллиги кузатилди. Янги конституциявий нормаларнинг сайловчилар томонидан якдил қўллаб-қувватлангани жамият бирлигидан далолат беради.

Айтиш жоизки, конституциявий ислоҳотлар жараёнида биз юртдошларимизнинг ҳамкорлигини ва хайрихоҳлигини доимо ҳис қилиб турдик. Айнан шу омил, келажак тараққиётимизнинг ҳуқуқий кафолати бўлган янги таҳрирдаги Бош қонунимизни қабул қилиш имконини берди.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституция талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка барча зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни фикрлар хилма-хиллиги ва очиқлик тамойиллари асосида амалга оширишни таъминлаймиз.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётида янги босқичнинг бошланишига, ҳаётимиз сифат даражасининг янги поғонага кўтарилишига, умуман, халқимизнинг ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги устувор мақсадларимизни таъминлашга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, бўлиб ўтган референдум мамлакатимиз истиқболи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўзбекистон халқи ўзининг келгусидаги тақдирини мустақил белгилаб олди.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясини сўзсиз қўллаб-қувватлаган ҳолда, бутун дунёга бирдамлик ва ҳамжиҳатлигимизни намойиш этдик.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши давлатнинг ўз фуқароларига бўлган ғамхўрлигини янада кучайтиради, давлат институтларининг фаолиятлари самарадорлигини янада оширади.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари кенгаймоқда. Уларнинг асосий ҳуқуқларини, хусусан, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш, уй-жойдан фойдаланиш, қулай экологик муҳит, таълим олиш ва ҳоказоларни сўзсиз ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос яратилди, деб айта оламиз.

Аҳолининг мулк ҳуқуқлари Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Ерга хусусий мулкчилик жорий этилмоқда.

Ахборот очиқлиги, сўз эркинлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилади.

Янги таҳрирдаги Конституция ҳар бир фуқаронинг ижодий ҳаёти ва ривожланиши учун барча имкониятларни яратади.

Конституциявий Қонуннинг 5-моддасига асосан амалдаги чақириқ Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ваколатларга мувофиқ амалга оширади.

Айтиш лозимки, янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши зиммамизга янада масъулиятли вазифаларни ҳам юклайди.

Биринчидан, амалдаги қонунчиликни янги таҳриридаги Конституцияга мувофиқлаштириш.

Иккинчидан, маъмурий ислоҳотлар доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифаларини ва функцияларини қайта кўриб чиқиш.

Учинчидан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг матни қайта нашр этилишини ва кўп нусхада босилишини таъминлаш.

Тўртинчидан, янгиланган Конституциянинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга мунтазам равишда тушунтириш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш лозим бўлади.

 

«Ўзбекистон овози», 3.05.2022, №16

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш