Оила мустаҳкамлигини таъминлашда эркак ва аёлнинг ўрни

 

15 май — Халқаро оила куни

Ўзбек халқи азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор маҳоратини ишга солган. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз яхши англашган. Зеро оилани бошқариш, фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш катта санъатдир.

Аждодларимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам оилани эъзозлаш, замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, оилада гендер тенгликни таъминлаш, оила аъзоларининг турмуш шароитларини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, янги таҳрирдаги конституциянинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Оила” кодексида оила мустаҳкамлиги учун хизмат қиладиган нормалар, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаши белгилаб қўйилган.

Давлат томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, қилинаётган ишларга қарамай, афсуски, баъзан бу борада билим, тажриба ва тарбиянинг етарли бўлмагани туфайли кўпроқ ёшлар ўртасида ажрашиш ҳолатлари учраб турибди. Арзимаган баҳонани сабаб қилиб оилалар бузилиб, бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда. Статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2022 йилда никоҳдан ажралишлар сони 48,7 мингтани ташкил этиб, сўнгги 5 йилда сезиларли кўпайган. Мисол учун, 2018 йилда 32,3 мингта, 2019 йилда 31,4 мингта, 2020 йилда 28,2 мингта, 2021 йилда 39,3 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилган эди.

Умумий ҳисобда сўнгги беш йил ичида 1521,0 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 179,9 мингта ажримлар рўйхатга олинган (рўйхатга олинмаганлар қанча?). Яъни ўрта ҳисобда ажралишлар жами никоҳланганларга нисбатан 12 фоизга тўғри келган. Аниқроғи ҳар мингта оиладан 120 таси ажрашган.

179,9 мингта ажрим дегани 359,8 мингта фуқаро дегани, агар ўртача иккитадан фарзанди бўлса 719,6 минг нафар одам дегани. Битта шаҳарда ўрта ҳисобда 100 минг аҳоли бўлса, бу 7 та шаҳар ажрашганлар шаҳрига тенг бўлиб қолмоқда. Бир томондан бу рақамлар одамни хавотирга солса, иккинчи томондан, никоҳ ва ажрим масаласи оддий бир ҳолга айланиб қолишидан инсон ташвишга тушади. Бу масалага ўта жиддий муаммо сифатида қараб, уни олдини олишга барча бирдек ҳаракат қилиши лозим.

Чунки, давлат ва жамият бизнинг оиламиз учун қайғураётган бир пайтда, биз ўзимиз ҳам оиламиз бахти, саодати, фаровонлиги, уни асраб-авайлаш учун барча маҳоратимизни ишга солишимиз тўғри ҳисобланади. Бу вазифалар кўпроқ аёл ва эркак, яъни ота-она зиммасига тушади. Аёл оқила, фозила, жонкуяр, ҳар нарсада эр қадрини юксак қўядиган бўлса, эр ҳам босиқ, жиддий, меҳрибон, фарзандлари, аҳли аёлига жонкуяр бўлса эр-хотин ўртасида меҳр – оқибат бўлади. Меҳр-оқибат асосида қурилган оила эса, албатта мустаҳкам бўлади.

Демак, оилавий муносабатларда аёл ва эркак, ота-она бирдек масъул ҳисобланади. Ҳар қандай вазиятда ҳам эр ва хотин бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, камчиликларини юзига солмасдан ҳамжиҳатликда бартараф этиши фақат ва фақат оила тинчлиги, унинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Биринчи навбатда ёшларни, фарзандларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш билан биргаликда, уларга ота-оналик масъулияти ва вазифаларини ҳам ўргатиб бориш муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Ушбу масалада қиз бола ва ўғил болаларга алоҳида-алоҳида эътибор қаратилади. Тарбия ота-оналарнинг болаларига қолдирадиган энг умри узоқ меросидир. Авваламбор ота-оналар фарзандларига шахсий намуна, ўрнак бўлишлари лозим.

Инсонга ёшлигидан берилган тарбия келажагига албатта таъсир қилади, шунинг учун ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилишга, маънавий, ҳуқуқий, диний, дунёвий таълим ва тарбияни бирдек беришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Оила муқаддаслигини англаб етган ҳар бир инсон, уни асраб авайлашга ҳаракат қилиши аниқ. Зеро, инсон учун бир маротаба бериладиган синовли бу ҳаётда ҳар бир шахс ўз оиласида бахтли яшашга ҳақли.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари,

Республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш