2020 йил 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларнинг дастлабки ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП партиясининг фракциясини тузиш, шу билан бирга, фракция раҳбарини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, сайловда эришилган натижалар ҳақида ахборот берди.
Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 22 депутатлик ўрнига, Қорақалпоғситон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 201 та, туман, шаҳар Кенгашларида 1384 та депутатлик ўрнини эгаллади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиядан сайланган депутатларнинг 5 нафари фан илмий даражага эга бўлиб, мутахассислиги бўйича 6 нафари иқтисодчи, 6 нафари педагог ва 3 нафари шифокор, 7 нафари бошқа касб эгалари. Депутатларнинг тенг ярми, яъни 11 нафари аёллар.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, сиёсий партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида Халқ демократик партиясининг 22 нафар аъзодан иборат фракциясини тузиш ҳамда Қонунчилик палатасида рўйхатга олишни сўраш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан фракция раҳбарини сайлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Бу вазифага Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Иноятов сайланди.
Йиғилишда сўзга чиққан фракция аъзолари сайлов миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга мос тарзда, юқори талабчанлик муҳитида ўтгани, халқимиз янги парламентдан, жумладан, Халқ демократик партияси депутатларидан катта натижалар кутаётгани, сайловчиларнинг юксак ишончини оқлаш учун жонкуяр, фидойи бўлиб, қатъият билан ишлаш кераклигини алоҳида таъкидлашди.
Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинади. Ушбу дастурга мувофиқ партия фракцияси фаолияти асосий уч йўналишда олиб борилади.
Биринчи йўналиш – қонун ижодкорлиги бўлиб, партия фракцияси электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган бир қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиши режалаштирилган.
Иккинчи йўналиш – фракциянинг депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент эшитувлари ташкил этиш бўйича ишларни изчил йўлга қўйишдан иборат бўлади.
Учинчи йўналиш – сайловчилар ва электорат вакиллари билан доимий мулоқотни амалга ошириш. Бу йўналишда депутатлар сайлов округларида бевосита мулоқот орқали фаол иш олиб боради. Аҳоли орасида сиёсий-ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаолликни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланади.
Халқ демократик партияси фракцияси яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳақида қонун қабул қилиш таклифини биринчи қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суриши мўлжалланган.
Партия депутатларининг таъкидлашича, бу ташаббус Конституциямизда назарда тутилган, лекин йиллар давомида рўёбга чиқмасдан қолаётган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилашда долзарб ва принципиал аҳамиятга эга. Бу меъёр қонунан белгиланса, пенсия, стипендия, нафақаларнинг миқдори ошишига сезиларли ижобий таъсир кўратади.
Бундан ташқари, партия Сайловолди дастурида “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида” қонун қабул қилиш ташаббусини илгари суриш ҳам кўзда тутилган. Ушбу қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли юртдошларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга ҳуқуқий асос яратади.
Халқ демократик партияси депутатлари партия Сайловолди дастурида режалаштирилган вазифалар ижросига чуқур жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёндашишларини алоҳида таъкидлашди.
Фракциянинг таъсис йиғилишида бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати