Самарқандлик сайловчилар билан учрашув ўтказилди
Самарқандлик сайловчилар билан учрашув ўтказилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов сайловчилар билан навбатдаги учрашувини Самарқанд вилоятида давом эттирди.

Мулоқотда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этишди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, ишончли вакил Бадриддин Насриев олиб борди. Мулоқотга киришишдан аввал ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.

Президентликка номзод дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб, бўлажак сайлов учун электорат манфаатлари ва дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қуйидан юқорига қараб йўналтирилган таклифлар асосида ҳар томонлама чуқур таҳлилдан ўтказилгани, кенг қамровли дастур ишлаб чиқилганини таъкидлади. Дастурда тўққизта йўналиш орқали юзга яқин ғоя ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Хусусан, дастурнинг барча йўналишларида ижтимоий ҳимояни кафолатлаш, ҳуқуқлар имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш, суд ҳуқуқ соҳасида қонун устуворлигига қатъий риоя этиш, давлат ва жамият бошқарувини халқ ҳокимятчилиги принциплари асосида янада демократлаштириш билан боғлиқ яна кўплаб ғоя ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Номзод дастурида белгиланган кучли ижтимоий сиёсат юритиш билан боғлиқ ғоя ва таклифлар жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга, эҳтиёжманд қатлам вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кафолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, дастур, ундаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар иштирокчиларни Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда ўз фуқаролик позицияси билан фаол иштирок этишга даъват қилишди.

 

 

 

Теглар

Фаолларимиз давлат бошқарувида Сайлов
← Рўйхатга қайтиш