Президентликка номзод наманганлик сайловчилар учрашди
Президентликка номзод наманганлик сайловчилар учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар билан водийдаги охирги учрашуви Наманган вилоятида бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси Илҳом Атабоев олиб борди. Номзоднинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Шоҳиста Турғунова сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб эшиттирди.

Сўнгра номзод сўзга чиқиб, дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмунини сайловчиларга тушунтириб берди.

Хусусан, дастурда ижтимоий тенглик тушунчасига урғу берилган. Яъни, бу ҳуқуқлар тенглиги бўлиб, улардан фойдаланишда ҳамма учун тенг имкониятлар ҳамда ижтимоий, мулкий ҳолати ва даромад даражасидан қатъи назар, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлашни англатади.

Шу билан бирга, Халқ демократик партиясидан номзод дастурининг асосий жиҳати, унда кучли ижтимоий ҳимоя йўналишига алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурда иш билан таъминланмаган фуқароларни, айниқса, ишсиз аёллар сонини камайтиришга урғу берилган.

Жамиятда, оилада аёлнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Аёлларнинг ўқиши, касб ўрганиши ва ишлаши учун шароит яратилиши ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар тизимли ҳал этилишига хизмат қилади.

Дастурнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти – барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси, деб номланган йўналишида мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, ундириладиган барча тўловларни (жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувлар) Давлат бюджетига йўналтириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий инвесторларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзлар бериш бўйича таклифлар илгари сурилган.

Шу тариқа номзод дастуридаги ҳар бир таклифни атрофлича тушунтириб берди.

Кўтаринки руҳда ўтган учрашувда сайловчилар ўзларининг самимий фикр ва мулоҳазаларини билдириб, қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш