Фракциямиз ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади
Фракциямиз ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан киритилган Ҳукумат аъзолигига номзодлар кўриб чиқилди.

21 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Халқ демократик партияси фракцияси Бош вазирликка Абдулла Арипов номзодини қўллаб-қувватлаган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларини Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Қонунга асосан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси, фракциялар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилиши белгиланган.

Йиғилишда Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар ҳақида атрофлича ахборотлар берди.

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қанча мукаммал қонун, фармон ва қарорлар қабул қилмайлик, агар улар жойларда етарлича амалга оширилмаса, меҳнат ва саъй-ҳаракатлар натижаси сезилмай қолавериши таъкидланган эди. Қайси соҳада қонунлар қандай ишлаши ёки ишламаслиги эса кўп жиҳатдан вазирлик ва қўмиталар раҳбарларига, ҳукумат аъзоларига боғлиқдир.

Халқ демократик партияси фракцияси ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқишда масаланинг ана шу томонига алоҳида эътибор қаратди.

Ислоҳот ва ўзгаришлар ҳудудларга, олис қишлоқ ва маҳаллаларга етиб бориши, одамларнинг кундалик турмушига ижобий таъсир кўрсатиши, ижтимоий муаммоли масалалар жойларда самарали ҳал этилиши Ҳукумат ва унинг бўлажак аъзоларининг энг муҳим вазифасига айланиши зарур.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида жойларда кўплаб муаммоларга ечим топиш зарурлиги, одамларнинг эҳтиёжлари кун сайин ортиб бораётгани, янги ҳукуматнинг барча аъзоларидан ўзи масъул ва жавобгар бўлган соҳаларга танқидий ёндашиб, келгусидаги ишларни ортиғи билан бажариш, халқимиз ва парламентга берилган ваъдалар устидан тўлиқ чиқиш талаб этилиши қатъий таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасида улкан масъулият тургани, кейинги йиллардаги изчил ислоҳотлар ўз меваларини берадиган, халқимизнинг ҳаёт шароитини яхшилайдиган муҳим, айтиш мумкинки, тарихий паллага етиб келганимиз қайд этилди.

Яқин йилларда Ҳукумат қай даражада самарали иш юритиши кўп жиҳатдан унга аъзо бўлаётган кадрларнинг билими, тажрибаси, салоҳияти ва фидойилигига боғлиқдир.

Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан киритилган Ҳукумат аъзолигига номзодларнинг ўз соҳаси бўйича яқин истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар режаси эшитилди. Депутатлар ҳукумат аъзолигига номзодларга саволлар берди, таклиф-мулоҳазаларини ҳам билдирди.

Депутатлар ҳар бир номзод бўйича ўз муносабатларини билдиришди. Номзодларнинг ҳаётий тажрибаси, берилган вазифаларни бажаришда масъулликни қай даражада ўз бўйнига олиши ва уларнинг раҳбарлик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама якунида номзодларни Ҳукумат аъзолигига тасдиқлаш ҳақидаги қарор қўллаб-қувватланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш