Инвестиция — мамлакат тараққиётининг бош манбаи
Инвестиция — мамлакат тараққиётининг бош манбаи

 

Шу йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда бўлиб ўтган йирик сиёсий тадбир — муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида келгуси етти йиллик тараққиётимизнинг йўлбошчиси сайлаб олингач, орадан бир кун ўтиб, давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган биринчи селектор йиғилиши инвестицияларни иқтисодиётимизга жалб этиш масалаларига бағишланди.

Кечагина халқимиз кўтаринки руҳда ўтказган сайлов шукуҳи хаёлимизни чулғаб турган бир пайтда инвестиция масаласи кун тартибига қўйилиши кимгадир бироз нотабиийроқ туюлиши мумкин. Янги Ўзбекистон келажаги учун муносиб номзодга овоз бериб, ўз танловимизни амалга оширганлигимиз билан инвестицияларни, хусусан, чет элдан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишнинг мантиқий давомийлигини англаб олишимиз учун Президентимиз бошчилигида ўтган йиғилишнинг руғини теран ҳис қилиш керак бўлади.

 

Мақсадлар муштарак

Йиғилишнинг дастлабки қисмида Президентимизнинг сайлов якунлари бўйича билдирган фикрларидан сайлов Ўзбекистон халқининг улуғ мақсадлар йўлида бирлашганлигининг ёрқин ифодаси бўлганлигини англаб олишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, сиёсий қарашлари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, Президентимиз олға сурган “Инсон қадрини улуғлаш” ғояси атрофида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат халқимиз якдиллик билан бирлашганлигини сайлов натижалари яққол кўрсатиб турибди.

Ушбу ғояни рўёбга чиқариш мустаҳкам хуқуқий асосни талаб этар эди. Бунинг учун янгиланган халқ Конституцияси қабул қилинди. Ушбу Асосий қонунга мувофиқ халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, хоҳиш-иродаси ва ҳуқуқий маданиятини яққол намоён қилган ҳолда ўз лидерини танлаб олди. Эндиги навбат — кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган барча ватандошларимизнинг юксак ишончини оқлашдан иборат.

Бўлиб ўтган йиғилишда айнан Президентимиз халқ билдирган ишонч муқаддас эканлиги, унга юксак масъулият, ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишимиз кераклигини, ишончни оқлашда ҳар бир кун ғаниматлиги, бошланган ислоҳотлар бир сония ҳам тўхтаб қолмаслиги зарурлигини батафсил тушунтириб берди.

Давлатимиз раҳбари айни чоғда дунёда сиёсий ва иқтисодий жараёнлар шиддат билан билан ўзгараётганлиги, катта геосиёсий зиддиятлар нима билан якун топиши даргумон бўлиб турган бир пайтда Ўзбекистон ўз олдига қўйган улкан мақсадларга эришиши учун каттаю кичик, барчамиз аввалгидан беш карра, ўн карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашимиз талаб этилишини уқтириб ўтди.

 

Ишлар ҳолати улкан марраларга мос эмас

Дунё иқтисодиётида кечаётган сиёсий жараёнлар ҳамда шафқатсиз рақобат шароитида савдо ва инвестиция оқимлари йўналишлари тез ўзгариб бормоқда. Мана шундай таҳликали, ички ва ташқи таҳдидларга тўла вазиятда халқимиз муносиб ҳаёт кечириши учун имконият яратиш, меҳнат бозорига кириб келаётган юз минглаб ёшларимиз учун юқори даромадли иш ўринларини ташкил этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш энг аввало, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратишни талаб этади. Буларни эса инновацияларни, янги технологияларни жорий этмасдан, замонавий билимга эга бўлган ҳамда малакали мутахассисларсиз амалга ошириб бўлмайди.

Тасаввур қилинг, оилада товуқ боқиш учун “ҳам ем, ҳам сув керак”дан ташқари етарли шароитни яратиш, замонавий паррандачилик сирларини билиш талаб этилади. Шундай экан, нафақат мамлакат, балки дунё бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлган рақобатбардош ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун ёнингиздаги маблағ ёки банкдан олган кредит билан узоққа бориб бўлмайди. Замонавий бозор талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, глобал рақобатнинг пасту баландини биладиган ҳамкор топмасдан рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жуда мушкул. Бу тўсиқларни чет элдан инвестор жалб қилиш орқали енгиб ўтиш мумкин.

Инвестицияларнинг шундай аҳамиятига қарамасдан, илгари (бундан 6-7 йил аввал) четдан инвестиция жалб қилиш у ёқда турсин, ички инвестиция манбаларини топиш ва уни иқтисодиётга жалб қилиш ҳокимликларнинг, ҳаттоки, кўпчилик вазирлик ва идораларнинг кундалик вазифаси сифатида қаралмас эди. Ойда-йилда бу борада номигагина ҳисобот бериб қўйилар, у ҳам бўлса қоғозда қолиб кетарди.

Президентимиз бошлаган ислоҳотлар инвестицияга бўлган тушунчамизни ҳам, муносабатимизни ҳам ўзгартирди. Инвестициясиз ривожланиб бўлмаслигини секин-аста каттаю кичик англаб етмоқда. Бу борада махсус вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмалари иш бошлади. Тадбиркорларга лойиҳа тайёрлаб, инвестор ахтаришда ҳар томонлама кўмак берила бошлади.

Шу билан бирга, инвестиция фаолиятига оид қонунчилик такомиллаштирилди. Энди янги лойиҳаларни топиб, инвесторларни жалб қилиш ҳокимликлар ва тегишли тармоқ вазирликларининг кундалик ишига айланди. Бу ишларга чет элдаги элчилар ҳам жалб этилди. Бугунги кунда элчиларимиз олдига нафақат ташқи сиёсат билан шуғулланиш, балки чет эллик ҳамкорларни Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этиш борасида ҳам аниқ вазифалар қўйилган. Улар юртимизда хизмат ёки бошқа сабаб боис бўлиб турганида, ўзларига бириктирилган ҳудудларга бориб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда, бизнес лойиҳалар билан жойида танишяпти, тадбиркорларга зарур маслаҳатлар ҳам бермоқда.

Инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилган мана шундай машаққатли ва кенг қамровли ишлар ўзининг ижобий натижаларини беряпти. Агар 2016 йилда ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 1 917,7 млн. доллари миқдорида бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 10 037,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Биргина жорий йилнинг 1-чорагида 2 300,8 млн. АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестициялари жалб этилди.

Лекин, бу борадаги ишлар ҳолати белгиланган улкан марраларга мос эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, йиғилишда айрим вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар ва тармоқлар раҳбарларининг фаолиятига танқидий баҳо берилди. Аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан шакллантирилган инвестиция лойиҳалари ҳудудларнинг салоҳияти ва имкониятларига тўлиқ мос келмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги икки ой ичида саноати паст ривожланган 60 та туманга консалтинг компаниялар ва лойиҳа гуруҳлари жалб қилиниб, 6,5 млрд. долларлик 2 мингдан зиёд истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Селектор йиғилишида Президентимиз тармоқ ва ҳудудларга йил якунига қадар сармояларни фаол жалб қилиш бўйича ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбари, шунингдек, элчилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

 

Янги тизим жорий этилади

Жорий йилда жами 20,2 млрд. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Шундан 16,3 млрд. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳамда 3,9 млрд. АҚШ доллари эса халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис, давлат раҳбари инвестициялар билан ишлаш бўйича мутлақо янгича тизим жорий этилишини белгилаб берди. Ушбу тизим доирасида лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича фавқулодда чоралар кўрган ҳолда давлат инвестиция дастури доирасида 11,5 миллиард долларлик 272 та йирик лойиҳани муддатидан олдин фойдаланишга топшириш бўйича “лойиҳабай” иш ташкил этилади. Бунда ҳар бир лойиҳага бириктирилган вазир, вазир ўринбосарлари, банк раҳбарлари масъул ва жавобгар бўлади.

Янги тизим талабларига мувофиқ ҳудудларда 9 млрд. долларлик 8 мингта лойиҳани ишга тушириш белгиланган бўлиб, лойиҳалар йирик, ўрта ва кичик тоифаларга ажратилиб, улар билан манзилли иш олиб борилади. Йил якуни билан инвестициялар ўзлаштирилиши ва лойиҳани ишга тушириш муддатларига қараб масъул раҳбарлар фаолиятига баҳо берилади.

Таклиф қилинган тизимда шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, тармоқлар ва ҳудудлардаги 89 та йирик лойиҳани муддатидан олдин ишга тушириш учун инфратузилма масаласини ҳал қилиш, Ҳукумат комиссияси шакллантирилган 92 та йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишда ер ва кредит ажратиш масалалари қамраб олинган.

Ушбу тизим доирасида яна бир муҳим янгилик, хорижий кредит линиялари доирасида жалб қилинган қарийб 3 млрд. доллар бўш маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ. Ҳозирги кунда хорижий валютадаги кредит фоизлари юқорилиги сабабли (12-13 фоиз), тадбиркорлар ушбу ресурслардан фойдалана олмаётганлигини ҳисобга олиб, Президентимиз Экспорт жамғармасига қўшимча 200 млн. доллар маблағ ажратиш ҳисобига кредит фоизларининг 5 фоизгача қисмини қоплаб беришни таклиф қилди. Шунингдек, ушбу маблағлар доирасида тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилади.

Йиғилишда сўнгги икки йилда бир қатор йирик давлатлар билан ўтказилган олий даражадаги учрашувларда эришилган 71 млрд. долларлик инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Энди ушбу инвесторлар билан ишлаш бўйича ҳам янги тизим жорий этилади. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ҳамкор давлат бўйича инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши бўйича масъул шахс бириктирилади. Шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ҳар бир янги инвесторга ҳамроҳлик қилиш учун 40 кишидан иборат “инвестиция менежери” лавозими ташкил этилади.

 

Хулоса ўрнида...

Дунёда кечаётган мураккабликларга қарамасдан, Ўзбекистон 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини аҳоли жон бошига икки баробарга оширишдек улкан вазифани ўз олдига қўйган. Бу — аҳоли фаровонлигини икки карра ошириш, дегани.

Мана шундай улуғ мақсадни амалга ошириш иқтисодиётда энг самарали омилларни, хусусан, инсон капиталини бойитиш ҳисобига илмга асосланган, инновацияларни жорий этишга таянган ҳолда рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни ички ҳамда ташқи бозорларга олиб чиқишни талаб этади.

Шундай экан, инвестициялар, хусусан, чет эл инвестициялари нафақат реал иқтисодиёт, шунингдек, ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам жалб этилиши зарур. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз Президенти фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларига ҳам инвестициялар жалб этиш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Илмий адабиётларда инвестицияларга кўплаб тушунчалар берилган. Лекин йиғилишда давлатимиз раҳбари бир қарашда жуда оддий, шу билан биргаликда, масаланинг ўзагини очиб берадиган таърифни баён этди. Яъни инвестиция, бу — технология, малакали мутахассис, замонавий лойиҳалар, рақобатбардош маҳсулотлар, валюта тушуми ва ниҳоят, бюджетга даромад, дегани. Бюджет даромади, ўз навбатида, халқ фаровонлигини таъминлаш манбаидир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Президентимиз олға сурган “Инсон қадрини улуғлаш” ғоясини амалга ошириш нафақат иқтисодий, айни чоғда, ижтимоий ҳамда сиёсий барқарорликни таъминлашни тақозо этади. Бунда инвестициялар жамиятни барқарор ривожлантиришнинг бош манбаларидан бири бўлади, десак, айни ҳақиқатдир.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш