Халқимиз ўз тараққиёт йўлини танлади
Халқимиз ўз тараққиёт йўлини танлади

 

Мамлакатимизда 2023 йил қизғин сиёсий жараёнларга бой бўлмоқда. Ушбу йилнинг 30 апрелида халқимиз томонидан илгари сурилган янгиланган Конституциямизни умумхалқ референдуми орқали қабул қилган бўлсак, жорий йилнинг 9 июль куни барчамиз учун улкан тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайлов мамлакатимиз, қолаверса, бутун халқимиз учун янги даврни бошлаб берди, десам асло муболаға бўлмайди.

Ушбу муҳим сиёсий жараёнда халқимизнинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси янада ошиб, сиёсий онги ва дунёқараши юксалди, эътиқоди янада мустаҳкамланди. Юртимиздаги ҳар бир фуқаро чин маънода “Янги Ўзбекистон учун овоз берди” ва ўз танловида асло адашмади.

Халқимиз ўз тақдири, тинч-осойишта, фаровон ҳаёти учун ҳам буюк истиқбол сари бошловчи янги тараққиёт йўлини танламоқда. Эндиликда, бизни янги давр қаршиламоқда. Бу эса юртимиз учун барча соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлисни нафақат депутат ва сенаторлар, балки бутун Ўзбекистон халқи катта қизиқиш билан кузатди. Чунки келгуси 7 йилда амалга ошириладиган ислоҳотларга ҳеч ким эътиборсиз эмас. Халқимизнинг бугунги кунда ҳуқуқий онги ошганлигини сайловолди тарғиботи жараёнларида кузатдик. Ҳар бир номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, эртанги кундаги режаларимиз қандай бўлиши ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмади.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига айланиши керак ва биз ҳар бир кунимиздан, берилган имкониятлардан халқимизни рози қилиш йўлида самарали фойдаланишимиз зарур.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли халқчил ислоҳотлар бардавомлиги ва таъсирчанлигини таъминлаш олдимизда турган долзарб вазифалардан саналади.

Зеро, халқимиз умид боғлаган ва интиқлик билан кутаётган эртанги ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз кафолати бугунги улкан ташаббусларнинг амалий натижалари, ижобий самараларида ўз ифодасини топади.

Шунингдек, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, энергия билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш бўйича белгилаб олинган вазифалар халқимизнинг эзгу тилак ва таклифларидир.

Шу билан бирга, маҳалла тизимини барча ислоҳотларимизнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари эса биз олийжаноб халқ эканлигимизни англатади.

Президентимиз мамлакатимизда саноат салоҳиятини янада ривожлантириш, юртимизни қудратли индустрия маконига, юқори технологиялар, инновациялар, жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган замонавий мамлакатга айлантириш бўйича катта-катта дастурлар қабул қилинишини айтиб ўтди. Бу эса, юртимизда қўшимча иш ўринлари яратилишига имкон беради.

Албатта, келгуси 7 йилда амалга оширилиши режалаштирилган мақсад ва вазифалар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг янада юксалишига ҳамда халқимизнинг турмуши янада фаровон ва тўкин-сочин бўлишига хизмат қилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш