Таълим ва тарбия соҳасида белгиланган марралар юксак, режалар улкан
Таълим ва тарбия соҳасида белгиланган марралар юксак, режалар улкан

 

 


Президентнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи олдиндаги етти йилликка мўлжалланган кенг кўламли дастур бўлди, десак, айни ҳақиқат. Зеро, унда барча соҳаларда амалга оширишимиз зарур бўлган долзарб вазифалар аниқ-тиниқ қилиб белгилаб берилди.

Табиийки, буларга осонлик билан эришиб бўлмайди. Бунинг учун ҳар биримиздан катта куч ва масъулият талаб этилади. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, "Ҳар бир кун — бу имконият, ҳар бир кун — бу келажак пойдевори" деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт".

Гувоҳи бўлганингиздек, нутқда Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни — билим, таълим ва тарбия соҳасини яна-да ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиши яна бир бор айтиб ўтилди. Бу бежиз эмас. Ривожланган қайсики давлат тарихини кузатманг, уларнинг барчасида илм-фанга алоҳида эътибор қаратилгани кўзга яққол ташланади.

Шу маънода айтадиган бўлсак, бу борада белгиланган марралар юксак, режалар улкан. Эътибор қаратайлик, 2030-йилга қадар аҳолининг мактабгача таълимга бўлган талаб ва эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ва қамров даражасини 100 фоизга етказиш, боғчалар моддий-техник базаси яна-да ривожлантириш кўзда тутилган.

Яна бир муҳим жиҳати, ушбу мақсадга эришиш учун 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит бериш, ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатларини солиқлардан тўла озод қилиш тартиби ишлаб чиқилади. Айни чоғда 2030-йилга қадар қўшимча, эътибор беринг, 2 мингта боғча қуриш мақсад қилинмоқда. Бу рақамларнинг ортида қанчадан-қанча меҳнат, эътибор, маблағ, давлат ғамхўрлиги ва келажакка бўлган ишонч мужассам, десак, муболаға бўлмайди.

Бундан ташқари, болаларни эрта ёшдан бошлаб замонавий ахборот технологияларига ўргатиш мақсадида ҳар бир боғчани компьютер синфи билан таъминлаш бўйича ҳам аниқ режалар, дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади.

Умуман олганда, таълим ва тарбия йўналишига бўлган эътибор яна-да кучайтирилади. Пировард мақсад эса аниқ. Яъни мақсадимиз — ана шундай замонавий шароит яратиш орқали янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам фундаменти, суянчи ва порлоқ келажагини таъминлашдан иборат.

Шомансур САГДУЛЛАЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Теглар

Депутат Фаолларимиз давлат бошқарувида Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш