Фракциямиз 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз йиғилишида 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб муҳокама қилинди.

Лойиҳада мамлакат иқтисодиёти 2026 йилда 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,0 миллиард АҚШ доллари этиб белгиланмоқда.

Келгуси йилда Давлат бюджети харажатлари 402,4 триллион сўм бўлиши кутилмоқда ва ундан иш ҳақи, ижтимоий нафақалар ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 172,8 трлн сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Бюджетдан ижтимоий соҳага 220 трлн сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу жами харажатларнинг 54,7 фоизини ташкил этади. Хусусан, нафақалар, моддий ёрдам ва аҳолига бошқа имтиёзли тўловлар учун 17 триллион ажратилиши белгиланмоқда.

Йиғилишда депутатлар ҳукумат вакиллари, мутасадди ташкилотлар масъуллари билан Давлат бюджетида кўзда тутилаётган таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларидаги режалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб, мутасаддилар билан савол-жавоблар ўтказишди.

Жумладан, фракциямиз аъзоси Дилбар Мамаджонова келгуси йилда ҳам темир йўл орқали маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишда кўрилган зарарни қоплаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилганига эътибор қаратди.

Маълумки, бугун аҳоли орасида темир йўл транспортига талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Депутатимиз шундай вазиятда вазирлик маҳаллий йўловчиларни ташиш йўналишида қачон даромадга чиқишни режалаштираётгани ва бунинг учун қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани сўради.

Саволга жавоб берган Транспорт вазирлиги мутасадди вакили бу вақтинчалик ҳолат эканлиги, келажакда бу йўналишда Бюджетдан маблағ олиш тугатилиши ҳақида гапирди.

Лекин фракциямиз аъзолари масъул томонидан келажакда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида етарлича маълумот берилмагани, савол очиқ қолгани қайд этилиб, келгусида вазирлик томонидан фракциямизга асосли жавоб берилиши сўралди.

Фракциямиз аъзоси Одилжон Иминов қўшилган қиймат солиғидан тушадиган даромаднинг бир қисми маҳаллий бюджетларга қолдирилаётганини рағбатлантирувчи ҳолат, деб таърифлади. Депутатимиз маҳаллий бюджетга қолдирилаётган маблағлар қандай тақсимланиши, хусусан, ўша маблағдан қанчаси ижтимоий соҳага ажратилиши мумкинлиги билан қизиқди.

Саволга жавоб берган масъулнинг келтиришича, 2026 йилдан бошлаб академик лицей ва техникумларни сақлаш, умум таълим мактабларини қуриш, таъмирлаш маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилади ва ўша маҳаллий бюджетларда қолдирилаётган тушумлар айнан ушбу харажатларга йўналтирилиши режалаштирилган.

Бюджет лойиҳаси муҳокамаси давомида фракциямиз аъзолари Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларида устуворлик касб этадиган соҳа ва йўналишларга ажратилаётган маблағлар, кўзда тутилаётган марралар ҳақида лойиҳа ижодкорлари билан қизғин муҳокама олиб борди. Масъуллар ҳам ҳар бир билдирилган фикр ва йўлланган саволларга атрофлича жавоб беришди.

Депутатлар 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлашга овоз бериб, бу ҳақда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш