Кун тартибига бир қанча қонун лойиҳалари киритилди
Кун тартибига бир қанча қонун лойиҳалари киритилди


Халқ демократик партиясининг фракциясида аҳолининг оғирини енгил қилишга, ҳуқуқий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Шулардан бири, "Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эди.

Ушбу қонун Фуқаролик кодекси ва Ер кодекси сервитут шартномаси, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сервитутни ўзгартириш, бекор қилиш, сервитут учун ҳақ тўлаш, оммавий сервитутни белгилашга оид қоидалар билан тўлдирилмоқда.

Маълумот учун, “сервитут” ҳуқуқи бу – ўзганинг кўчмас мулкидан чекланган тарзда фойдаланишдир.

Бундан ташқари, ижара муносабатларининг объектларига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) белгиланмоқда, ер участкаларини ижарага беришнинг тартиби ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасига мулк ҳуқуқини бекор қилиш ҳоллари аниқлаштирилмоқда.

Қонун ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишига, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига янги ваколатлар юклаш, унинг судьялари ваколат муддатларини белгилашга доир янги нормалар белгиланган. Қонун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлиши, тўғридан-тўғри амал қилишига ҳамда давлат органларининг фаолиятида конституциявий қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса берилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу куни, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Маълумки, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳаларда халқаро стандартларни тизимли равишда жорий этиш долзарб масала. Шунинг учун бу йўналишда катта ишлар қилинмоқда. Бажарилаётган ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ҳам муҳим саналади.

Қонунда “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўлчаш воситаларини қиёслаш хизматлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилишини, ўлчаш натижалари давлат аҳамиятига
эга бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини, шунингдек, метрология текшируви ҳамда давлат метрология назорати функцияларининг ажратилиши назарда тутилмоқда.

Қонун метрология соҳасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилишига ва фаол рақобат муҳити шакллантирилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП матбуот хизмати

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш