Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси 2020 йилнинг дастлабки ойида энг кутилган воқеа бўлди. Аввало айтиш жоизки, кутишлар ўзини ортиғи билан оқлади: мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янги поғонага олиб чиқиш, халқимизни бугун ўйлантириб турган муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Мурожаатномадаги ғоялар асосан уч жиҳати билан характерли ва юқори аҳамиятли, деб ўйлайман.
Биринчи ғоя – бундан буён ислоҳотларнинг асосий ташаббускори жамият бўлиши, вакиллик ҳокимияти ижро ҳокимияти фаолиятини изчил назорат қилиши билан боғлиқдир. Кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш, халқ иродасининг давлат учун устуворлигини таъминлаш шу ғоя орқали самарали амалга ошади. Жамиятдаги долзарб масалалар бўйича жамоатчиликнинг фикри ва кайфиятини ўрганиш ва ҳисобга олиш мақсадида янги институт – Жамоатчилик палатаси ташкил этилиши билдирилди.
Бу ўта долзарб масала ва айтиш керакки, партиямиз Сайловолди дастурида белгилаган вазифаларимизга уйғун. Шунинг учун депутатларимиз орқали сайловчилар билан, халқимиз билан янада яқиндан туриб мулоқот ўрнатишимиз зарур. Халқ демократик партиясининг республика бўйича 200 дан ортиқ Жамоатчилик қабулхоналари ишлайди, лекин биз бу тузилма фаолиятини танқидий баҳолаб, ҳозир унинг ишини кучайтириш, имкони бўлса, уни жамият миқёсида таклифлар олинадиган тузилмага айлантириш, одамларга яқинлаштириш ҳақида ўйлаяпмиз.
Мурожаатномадаги иккинчи муҳим ғоя – жамиятимиз аъзоларига ўқиш, ҳунар ўрганиш, салоҳиятини рўёбга чиқариш, ишлаб тараққиётга хизмат қилиш учун ҳар томонлама қулай шароит яратишдан иборат бўлди. Йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши ҳам шунга даъват. Яна бир фикр шундаки, инсон қачон яхши ишлар қилади, қачон кучли бўлади? Қачон у эмин-эркин бўлса, унинг йўлидан турли сунъий тўсиқлар олиб ташланса, албатта. Руҳан эркинликни туймаган инсон илм-маърифатли бўлиши, илғор замонавий кўникмаларни эгаллаши, бугунги дунёга интеграциялашиши қийин. Шу маънода, масалан, прописка тизимининг ислоҳ этилиши масаласи қўйилгани ҳам жуда долзарбдир.
Партиямиз “Ҳар бир инсон муносиб иш ўрни”, “Ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги” деган ғоялар муҳим, деб ҳисоблайди. Ишли одам ҳар хил бўлмағур хаёлларга чалғимайди, оилам, яқинларим, деб яхши мақсадлар билан яшайди. Албатта, бунинг учун унга дастлаб илм олиши, олий маълумотли бўлиши ёки замонга мос ҳунар ўрганиши учун имконият яратилиши керак. Халқ демократик партияси ўз фаолиятида бу йўналишга алоҳида эътибор қаратади.
Мурожаатномадаги учинчи муҳим ғоя, яъни мақсад жамиятдаги жуда кам даромадли қатламни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фаоллаштириш бўйича дастур амалга оширилиши бўлди. Мурожаатномада келтирилганидек, 4-5 миллион аҳоли ҳақида гап кетяпти. Халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади. Нормал турмуш кечириш учун етарли даромад топа олмайдиган қатлам бўйича манзилли дастурлар амалга оширилмаслиги кейинчалик жамиятда ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бунга дунё давлатларидан мисоллар оз эмас.
Ўзимизга савол берайлик: бугун кам даромадли инсон ким? У нега мураккаб вазиятга тушиб қолган? Албатта, бу саволларга турли нуқтаи назардан туриб турлича жавоб бериш мумкин. Лекин кам даромадли инсон деганда биринчи навбатда, ўйлашимизча, ўз вақтида яхши илм ололмаган, керакли ҳунар ўрганолмаган, бир сўз билан айтганда, тезкор замонга вақтида мослашолмаётган, ўз йўлини топишга қийналаётган одамлар кўз олдимизга келади. Бундай инсонларнинг аввало фикри, ҳаётга муносабати ўзгариши керак. Президентимиз бу масалада жуда муҳим ғояни илгари сурди: давлат ва жамият кам таъминланган одамларга ёрдам бериши, уларни ишга, ҳунарга, керак бўлса, тадбиркорликка ўргатиши, бунинг учун шароит яратиши зарур.
Халқ демократик партияси бу муҳим ғояга ўз дастурий мақсадларига эришиш йўлидаги устувор вазифа, деб қарайди. Партиямиз тизимида эҳтиёжманд оилаларга ўз ишини йўлга қўйишга ёрдам бериш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга ошириб келинган. Аммо биз бу йўналишдаги ишларимиз ва лойиҳаларимизни бугунги юксак талаблардан келиб чиқиб, қайтадан режалаштиришимиз кераклигини тушуниб етдик.
Партиямиз Сайловолди дастури асосида 2020-2024 йилларга мўлжаллаб амалий Ҳаракатлар дастурини белгилаб олган, унда 940 дан ортиқ вазифа кўзда тутилган эди. Президентимизнинг Мурожаатномасидаги ғоя ва ташаббуслардан келиб чиқиб, депутатларнинг фикр ва таклифлари асосида амалий Ҳаракат дастуримизни қайтадан таҳлил қилиб, уни такомиллаштириш жараёнини бошладик.
Умумий хулосага келадиган бўлсак, парламентга Мурожаатномада олға сурилган ташаббус, белгиланган вазифалар халқимизнинг турмуш даражасини бутунлай янги поғонага кўтаришга мустаҳкам асос бўлади. Энди фаол ва масъулиятли бўлиб, уларни рўёбга чиқариш, ҳаётимизга самарали жорий этиш ҳақида қайғуриб ишлашимиз зарур бўлади.
Партиямиз, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги 1600 нафардан ортиқ депутатлик бирлашмаларимиз Мурожаатномада илгари сурилган ташаббус ва вазифаларни амалга ошириш учун аниқ режа асосида масъулият билан иш юритади. Чунки кўзланган эзгу ниятлар, белгиланган эзгу ишлар электоратимиз, халқимиз манфаатларига, яхши кунлари ва бахти иқболига хизмат қилади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари