Ҳар бир ташрифда чуқур маъно, қатъий мақсад бор
Ҳар бир ташрифда чуқур маъно, қатъий мақсад бор

 

Мамлакат етакчисининг бирон мамлакат ёки ўзимиздаги ҳудудга ташрифи бежизга бўлмайди. Президент Ўзбекистон номидан жаҳон давлатлари билан мулоқот қилади, кенг қамровли, кўп ўлчамли дипломатик алоқаларни ривожлантиради, ҳамкорлик, дўстликни мустаҳкамлайди.

Давлат раҳбарининг юртимиздаги ҳар бир ҳудудга ташрифида ҳам чуқур маъно, қатъий мақсад бўлади. Айниқса, Фарғона, Тошкент ва Бухоро вилоятларига ташрифлар давомида бутунлай янгича ёндашувга ўтилди. Бугунги мураккаб давр кўзи билан қараганда, ҳаёт-мамот масалалари аниқ бир ҳудуд мисолида республикамиздаги барча мутасаддилар гувоҳлиги ва иштирокида муҳокама қилинди.

Ютуқлар эътироф этилиб, қатор камчиликлар, мамлакат миқёсидаги муаммоли масалалар чуқур таҳлил қилинди. Мутасаддиларга аниқ натижаларга хизмат қиладиган вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг аксарияти ижтимоий-иқтисодий масалаларга, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари, электорат ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ бўлмоқда.

Бу партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, бутун республикадаги депутатлик корпусини ҳушёрликка, депутатлик ва жамоат назоратига масъул сифатида янада масъулиятли бўлишга ундаши зарур. Халқ демократик партияси фаоллари буни чуқур англаган ҳолда, Президент таъкидлаётган масалалар, илгари сураётган ғоя-ташаббуслар, кун тартибига қатъий қўйилаётган вазифалар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирмоқда.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Иқтисодиёт ривожи, маҳаллаларда ҳаёт яхшиланиши, халқнинг давлатдан розилиги турли омилларга боғлиқ.

Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ўтказган видеоселектор йиғилиши бугунги кун учун энг муҳим иккита – озиқ-овқат ва энегетика хавфсизлиги масалалари чуқур кўриб чиқилди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалаларида вазифалар белгилаб берилди.

Албатта, бу борада натижалар бор. Масалан, ўтган йили фуқароларнинг деҳқончилик билан шуғулланиши ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши учун шароит яратилган эди. Яъни, аҳолининг муносиб даромад топиши учун пахта-ғалла майдонларининг қисқартирилиши ҳисобига юртдошларимиз ихтиёрига 200 минг гектар экин майдонлари ажратиб берилди.

Натижада 700 минг нафар аҳоли доимий ва 1 миллион 300 минг нафари мавсумий иш билан таъминланди. Ички бозорга картошка, пиёз сабзи ва бошқа бир қатор маҳсулотлар етказиб берилиши нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшяпти. 605 мингдан ортиқ деҳқоннинг даромади ошиб, турмуш кечириши яхшиланди.

Давлат раҳбари томонидан ушбу йўналишда янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилгани эса аҳолининг ислоҳотларга хайрихоҳлигини янада оширмоқда.

Хусусан, дастлабки босқичда фуқароларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун экин ерлар 10 йил муддатга ажратилган эди. Давлат раҳбари шу ҳақда тўхталар экан, ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган ердан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётганини танқид қилди.

Жумладан, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди. Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилган, холос.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилиши белгиланди. Албатта, бундай қулай имкониятдан самарали фойдаланган ва ердан яхши даромад қилган фуқароларнинг ишлари инобатга олинади, манфаатдорлиги янада оширилмоқда. Бундай адолатли ёндашувни ҳалқимиз меҳнатга, яхшиликка интилишни рағбатлантириш, деб қўллаб-қувватламоқда.

Шунингдек, аҳолини сифатли чорва маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида фуқароларга бўш турган 100 минг гектар яйловлардан 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага берилиши қайд этилди.

Партиямиз учун қувонарли жиҳати шундаки, ерлар “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ажратилганда, барча тўловлардан озод қилиниши белгиланди. Имкониятлар яратилишидан барча депутатларимиз, аъзоларимиз мамнун, айни пайтда депутатлик ва жамоат назоратини кучайтириш зарурлигини ҳам англамоқда.

Чунки, ҳар бир яратилган имконият иш жойига эга бўлмаган ҳамда хориждан қайтган кўплаб фуқароларнинг иш билан таъминланишига, қўшимча даромад манбаига эга бўлишига замин яратади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорлар учун ҳам қатор шароитлар яратилмоқда. Натижада полиз маҳсулотларини етиштирувчи иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони йилдан-йилга ошиб бориб, иссиқхоналар майдони 3 бараварга ошди. Етиштирилган маҳсулотлар 90 минг тоннадан 300 минг тоннага етказилгани ва бунинг ортидан 150 минг нафардан ортиқ фуқаро иш билан таъминлангани, рўзғорига даромад киргани қувонарли.

Ушбу соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар имкониятлар эшигини очиб, соҳанинг янада кенгайишига асос бўлмоқда. Бу, албатта, мамалакатимизда озиқ-овқат хавсизлигини кучайтиришда, нархларнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, экспорт салоҳиятини янада ривожлантиради.

 

Феруза ОҚИЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро туман бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

– Уй-хонадонлар, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб бориш бугунги кундаги энг долзарб вазифага айланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ромитан туманида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта дастур қабул қилингани, бунинг учун ҳар бир вилоят баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчатлари экиши, барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиш зарурлиги тўғрисида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш кераклигини уқтириб, барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришни топширди.

Бугун юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган шундай хайрли ишларга ҳар бир инсон камарбаста бўлиши фаровон келажагимиз кафолатидир. Зеро, фарзандга муносиб исм қўйиш, уни тарбиялаш, касб-ҳунарли қилиш ота-онанинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу билан бирга, хонадонда фарзанд туғилса, кўчат экиш ҳам анъана сифатида қаралган. Давлатимиз раҳбари шу анъанани қайта ривожлантириш ва доимий маданиятга айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Келинг, масалани рақамларда кўриб чиқайлик. Бухоро вилоятидаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 15797 та туғилиш қайд қилинган. Агар дунёга келган ҳар бир чақалоқ учун 5 тадан кўчат ўтказилса, уларнинг сони 80 мингга яқинлашади. Агар бу рақамларни бир йилда вилоятда, мамлакатда туғилиши мумкин бўлган болаларга кўпайтирсак, рақамлар янада ортиши табиий.

Аксарият юртдошларимиз маблағ топса, тўй қилади, уй қуради, автомобил сотиб олади. Агар шуларнинг ёнига дарахт экишни одатга, анъанага айлантирсак, алоҳида лойиҳага ҳам, оворагрчиликларга ҳам ҳожат қолмайди. Дабдабани хушловчи одамлар миллионлаб пулини бир неча соатлик тадбирларга сарфлаб юборади. Ёши улуғ инсонлар бошчилигида экиладиган кўчат эса янги меҳмон билан бирга ўсади. Хонадон, маҳалла, юртнинг файзига файз қўшади.

Ҳар бир гўшанинг ўзига хос табиати мавжуд бўлиб, Бухоро воҳаси чуқурликда жойлашгани сабаб ерлари, сувлари шўр ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, иқлимга чидамли дарахтлар экишга тўғри келади.

Аммо сув сероб баъзи ҳудудларда экилган кўчатларнинг кейинги тақдири билан кўпчиликнинг иши бўлмаяпти. Ниҳоллар қаровсиз қолиб, қуриб кетаётгани ачинарлидир.

Йиғилиш давомида Давлатимиз раҳбари томонидан тегишли ҳудудлар раҳбарларига қаровсиз қолган 10 миллион туп дарахт ўрнига яна шунча дарахт кўчатини сув таъминоти яхши бўлган ҳудудларга экиш топширилди. Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш йўлга қўйилиши, бу орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ҳар бир кўчатни кафолатли сотиб олиш тизими яратилиши зарурлиги таъкидланди.

Бухоро вилоятида 3 та туманда ўрмон хўжаликлари мавжуд бўлиб, турли хилдаги манзарали дарахт кўчатлари ва мевали дарахтлар етиштирилади. Миллионлаб кўчатлар экишимиз учун, албатта, бундай хўжаликлар ҳар бир туманда ташкил этилиши, деҳқон, фермерларимизни ҳам бу йўналишга даъват этишимиз керак бўлади.

Йўл четларига ота-боболаримиз экиб келган терак кўчатлари ўтқазишни оммалаштириш лозимлиги таъкидланди. Бу энг ҳаётий ташаббус, деб ўйлайман. Чунки, терак экиш учун алоҳида инвестицияга ҳам, қўшимча маблағга ҳам эҳтиёж йўқ. Озгина хоҳиш ва меҳнат кифоя.

Биламиз, тераклар қаламча ҳолатида экилади. Айниқса, кўк терак экилса, бир неча йилда улардан қурилиш саноатида фойдаланиш мумкин. Бу ташқаридан қимматга сотиб олинаётган ёғочларга бўлган талабни ҳам камайтиради. Натижада ички бозорда нархлар барқарорлашади.

Бунинг учун маълум муддатга шартнома тузиш орқали одамларга йўл четларини бўлиб бериш бўйича шароит яратиш топшириғи берилди. Албатта, фақат экиладиган тераклар унинг ўзига берилишини таъминлаш муҳим. Манфаат бор жойда натижа ҳам бўлади.

Шунинг учун ҳар бир оила давлат раҳбари ташаббусини қўллаб-қувватлаши, терак ва ток экишга мажбурият эмас, қадрият, табиат олдидаги бурч сифатида ёндашиши керак, деб ўйлайман. Биз депутатлар, партия фаоллари, нуронийлар билан бирга бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтирамиз.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Жамият ўзгарди, халқимиз фикри, ҳаётга муносабати ўзгарди. Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришилаётган натижалар ҳар бир юртдошимизнинг ўзига, давлатга нисбатан талабчанлигини ҳам оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида Оҳангарон тумани, Ангрен ва Оҳангарон шаҳарларида жойлашган “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар ва янги лойиҳалар фаолияти билан танишди. Яқингача ҳам чўл ва дашт бўлган бу ерлар бугунга келиб, обод ва саноат инфратузилмаси ривожланган ҳудудга айланмоқда. Янги имкониятларни ишга солиш орқали Оҳангарон туманида йил якунигача қўшимча 180 миллион долларлик 100 та лойиҳа бошланиши кутилмоқда.

Умуман, Тошкент вилоятида ишларни самарали ташкил қилиш орқали йил якунига қадар 2 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш, бюджетга қўшимча 1 триллион сўм тушириш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилди.

Шунингдек, Тошкент вилоятидаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуалари ишга туширилди. Уларда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланглари, рангли металлар ишлаб чиқарилади. Умуман, мазкур корхоналарда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, бандлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири саналади. Бунинг учун аввало ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал этилиши лозим. Хусусан, одамларни уйли ва ишли қилиш, ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаш муҳим. Чунки ҳамма ҳам ташаббускор бўлавермайди. Фаоллик кўрсатаётганлар эса атрофидагиларни ҳам ана шунга рағбатлантиради, одамларнинг бандлигини таъминлайди, энг камида ўзи иқтисодий қарам бўлмайди. Имкони бор одам катта орзу-мақсадлари сари қадам ташлайди, дунёқараши ҳам, режалари ҳам ўзгаради.

Шу билан бирга, солиқ тўловчилар сафи кенгаяди. Бюджет тушумлари миқдори ортади. Бу эса янги мактаб, боғча, тиббиёт масканлари, замонавий спорт майдончалари-ю пенсия ва нафақаларнинг ошишини англатади. Бир сўз билан айтганда, турмуш фаровонлигига хизмат қилади.

Аммо бунинг учун ёндашув муҳим. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, солиқчилар тадбиркорларга пул ундириш нуқтаи-назаридан эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали ўстириб, солиқ базасини кенгайтириш манбаи сифатида қараши зарур.

 

Саврон МИРЗАЕВ,

Пискент туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДР гуруҳи аъзоси:

— Яна бир масала. Тан олиш керак, субсидиялар ўз вақтида эгаларига етиб боришини таъминлашда ҳам сусткашликларга йўл қўйилмоқда. Маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари ташкилотчилигида бандлик, ёшлар ва аёллар жамғармалари орқали берилаётган субсидиялар, оилавий кредитлар ҳисобидан меҳнат қуроллари ва тадбиркорлик учун зарур маҳсулотларни харид қилиш тизими яхши ишламаётгани таъкидланди.

Масалан, маблағлар аҳолига тўғридан-тўғри берилмайди. Маҳаллабай ва Ёшлар агентликлари ҳамда Марказий банкнинг “маркет плейслари” орқали “тендерларда ғолиб бўлган таъминотчилар”га ўтказиб берилади. Яъни, танлов йўқ, агентлик ёки банкнинг электрон платформаларидаги сотувчилар нимани қанча нархда таклиф қилса, одамлар шуни олишга мажбур бўлмоқда. Уларнинг барчаси партиямиз электорати вакиллари ҳисобланади.

Аҳолида танлаш имконияти етмаганидай, таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар бозордан 20-25 фоиз қиммат. Натижада олинаётган кредит маблағлари оилаларни янада қийин аҳволга солиб қўйиш ҳорлатлари тез-тез учрамоқда. Олинган қарзни қайтариш билан боғлиқ муаммолар эса банклар ва одамлар ўртасидаги тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу сабабли Бош прокуратура, Ҳисоб палатасига имтиёзли маблағлар ҳисобидан аҳолига маҳсулот ва хизматлар тақдим қилаётган “маркет плейслар” фаолияти шаффофлигини текшириш топширилди.

Албатта, биз буни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин бу қўллаш амалий иш, аниқ натижа билан бўлиши зарур. Умумий танқид билан депутатлар ишида самара кўринмайди, номига ёндашув депутатга, партиямизга ҳам обрў олиб келмайди. Шунинг учун ҳар бир ҳудуддаги партия гуруҳи субсидиялар самарадорлиги бўйича режа асосида фаолият юритиши шарт.

Ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағлар ўз эгаларига тўғридан-тўғри етиб бориши ва унинг кўпроқ маҳсулот ҳамда хизматларга сарфланиши аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга замин бўлади. Биз бу тизим тўғри ишлаши учун ўзимизни жавобгарлардан бири деб билишимиз зарур.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тинчлик ва хотиржамлик. Бу икки сўз замирида нафақат бирор бир мамлакат, балки бутун инсониятнинг тараққиёти учун хизмат қиладиган тушунчалар мужассам. Сабаби, тинчлик бор жойда барака бўлади, одамлар орзу мақсадлари сари интилади. Хотиржамлик эса киши ҳаётидан кўнгли тўқлиги, оғир муаммоси йўқлигини билдиради. Шу маънода бугунги ислоҳотлар замирида халқимизнинг эзгу мақсадларига муштарак тушунчалар жой олган.

Давлатимиз раҳбари Фарғонага ташрифи давомида билдирган фикрлардан шунга яна бир карра амин бўлдим. Чунки одамларни рози қилиш учун аввало уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш зарур. Вилоятда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қайд этилган масалалар чуқур ўйлашга, ишимизни, ўзимизни ислоҳ қилишга ундагани рост.

Таъкидланганидек, вилоятда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Фарғона аҳолиси турмуш шароитини янада яхшилаш, вилоят иқтисодиётига фаол инвестициялар жалб қилиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марралар олинди. Ҳамюртларимиз бугун аниқ натижаларни кутяпти. Шу сабабли ҳокимлар ёки вазирлар янги қурилган объектларни кўрсатиш билан қутулмаслигига урғу берилди. Масалага ичкаридан ўрганиш ва баҳо бериш орқали кимнинг қандай ишлаётгани намоён бўлади.

Умуман, мамлакат етакчиси Фарғонадаги ишларга танқидий таҳлилий нуқтаи назар билан ёндашиб, кескин чоралар кўрди. Чунки кўплаб йўналишларда олдинги қаторда бўлиб келган вилоятда бугун қониқарсиз натижалар олиняпти. Масалан, инвестициялар жалб қилиш кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар камайиб кетгани рақамлар билан айтиб ўтилди.

Шунингдек, бир пайтлар саноат ўсиши бўйича пешқадамлардан бири бўлган Фарғона ўтган олти ойдаги натижалар сабаб 12-ўринга тушиб кетган. Бунга сабаб ҳамма туманда ҳам фаолият бирдек йўлга қўйилмагани экани билдирилди. Аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилган, холос.

Соҳалар кесимида рақамлар таҳлил қилинар экан, бой берилган имкониятлар ва бунинг сабаблари ҳам айтиб ўтилди. Табиийки, масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга чоралар ҳам кўрилди.

Йиғилишда Президент топшириғига кўра, вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилди.

Мисол учун, Бешариқда аниқланган захиралар ҳисобига, жорий йилда 100 миллион долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаш ва қўшимча 10 миллиард сўм солиқ тушумини таъминлаш учун барча имкониятлар бор. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 14 минг аҳоли доимий иш жойи, даромад манбаига эга бўлади.

Президент Фарғонада бошланган ушбу тажрибани барча ҳудудларда йўлга қўйиш учун йил якунига қадар “сафарбарлик” эълон қилди.

 

Гулчеҳра ЖЎРАЕВА,

Фарғона вилояти оила ва хотин қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Биламизки, оилалар жамиятни ташкил қилади. Оилалар тинчлиги ҳам бевосита мамлакатдаги осойишталикка хизмат қилади. Бунинг учун табиийки, улардаги масалаларни ҳал қилиш муҳим саналади. Шу мақсадда давлатимиз томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Масалан, минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмдан 570 минг сўмга оширилгани сабабли Фарғонада яна 9 минг оила камбағал тоифасига қўшилди. Шу боис мутасаддиларга ушбу оилаларнинг ҳар бирига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш топширилди.

Фарғонада аҳолига деҳқончилик учун аукционга чиқарилиб, талабгор аниқланмаган 1 минг 157 гектар экин ерларини аҳоли учун қулай ҳудудларга алмаштириш, бу ерларда камида 15 минг иш ўрни яратишга кўрсатма берилди.

Яна кўплаб соҳаларда аҳолининг турмуш фаровонлиги оширишга хизмат қилувчи топшириқлар юклатилди. Уларнинг ижроси устидан назорат олиб бориш эса биз депутатларга катта масъулият юклайди. “Давлат раҳбари вазифа берди, биз назорат қилмасак ҳам бажарилади”, деган қараш билан ёндашсак, адашамиз. Чунки бизни халқ сайлаган, муаммоларига ечим топишга, уларнинг овози бўлишимизга ишонч билдирган.

Шу сабабли ҳаракатларимиз ҳам, гап-сўзимиз ҳам шунга мос равишда ўйланган, мулоҳазали бўлиши зарур. Маҳаллий ижро ҳокимиятидан ҳисоб сўраши учун, аввало, депутатнинг ўзида билим ва тажриба бўлиши лозим. Билдирилган фикрлар, асосли танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, ҳаракат қилинса, нафақат одамлар олдида, балки виждон олдидаги бурч ҳам адо этилган бўлади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 16.08.2022, №31

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш