Субсидия ажратишнинг янги мезонлари
Субсидия ажратишнинг янги мезонлари

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медия марказида “Субсидия ажратишнинг янги мезонлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳри ва туманлари Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, давлат ва тижорат банклари мутахассислари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг 2023 йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, кейинги йилларда ижтимоий кам таъминланган аҳоли, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимизни камбағалликдан чиқариш, уй-жой билан таъминлаш орасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг 2023 йил 13 апрелдаги 51-сонли Фармони эса бу борадаги амалий чораларнинг мантиқий давомидир.

Дастлаб йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов Президент Фармони ижросини таъминлашда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳининг иштироки ҳақида сўзлаб, ижро депутатлар томонидан жамоатчилик назоратига олиниши муҳимлигига эътибор қаратди.

Субсидия банклар орқали ажратилар экан, бу борада молиявий муассасалар фаоллиги ва шаффофлигини ошириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Субсидия кимларга ва қай тартибда ажратилаётгани, адолатга эришиш учун қандай тартиб жорий қилингани, банкларда расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланиш ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизимини жорий қилиш юзасидан саволлар берилди. Депутатларнинг шу ва бошқа саволларига Халқ банки Кредит андеррайтинги департаменти Жисмоний шахслар кредит андеррайтинги бошқармаси бошлиғи - Мардиев Акром Джумабоевич ҳамда Қишлоқ қурилиш банки ипотека кредитлаш департаменти бошлиғи ўринбосари. Хасанов Дилшод Ғайратовичлар жавоб қайтаришди.

Давра суҳбатида шунингдек, кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши якунланган қисмини (қаватларини) гаровга қўйиш амалиётини жорий қилиш, “Менинг биринчи уйим” дастури ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашилди ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан келган масъуллар билан айрим масалалар юзасидан савол-жавоб қилинди.

Қизғин бахс-мунозараларга бой тарзда кечган учрашувда ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашда юзага келаётган айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш