Аҳолини ўзини ўзи бандлигини таъминлашда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим вазифа
Аҳолини ўзини ўзи бандлигини таъминлашда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш муҳим вазифа

 

Бизга маълумки, Ўзбекистонда шу даврга қадар амалга ошириб келинган субсидиар сиёсат дунёдаги аҳолини ижтимоий қўллаш фаолиятини тартибга солувчи асосий халқаро ҳужжат мазмунига, яъни – 1962 йилдаги Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенциясига мос келмаган. Конвенцияда: “Ҳар қандай ижтимоий кўмак бериш фуқароларни ижтимоий, интеллектуал ёки касбий ривожлантириш учун рағбатлантиришга йўналган бўлиши керак”, деб белгилаб қўйилган.

Шу боисдан ҳам Президентимиз мазкур муаммо ечимининг энг тўғри ва мақбул йўлини, яъни ҳар бир инсонни танлаган соҳасидаги билимларини юксалтириш, малакали касб-ҳунар ўргатиш, ёшларни устозларга бириктириб, тажриба орттириш механизми энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб бердилар. Янги Ўзбекистонда бугунги ижтимоий сиёсат эндиликда Халқаро Меҳнат Ташкилоти қоидаларига тўла мос келади ва унинг пировард мақсади инсонни касбий ёки интеллектуал жиҳатдан ривожлантириш орқали уни бахтли ва бой-бадавлат қилишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 31 январь куни “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-39-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатни мамлакатимизда камбағалликни камайтириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни бундан кейин ҳам изчил амалга ошириш тизимини жорий этиш мақсадида қабул қилинган қарор деб қабул қилишимиз лозим.

Қарорга асосан, 2023 йилнинг 1 февралидан бошлаб дастурлар доирасида:

Кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилади. Аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан ташкил этилган микро-марказларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида ўттиз фоиз улуш билан иштирок этиши лозим бўлади.

Дастурлар доирасида илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

Қарорга асосан, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, даромад топишга қаратилган фаолият билан шуғулланаётган фуқаролар қонунчиликда белгиланган йўналишлар бўйича ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида таснифланади ҳамда ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.

Бугунги кунда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига умумий тартибда асосий қарз бўйича 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилади.

Дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар:

- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;

- боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;

- “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.

Дастурлар доирасида кредитлар устувор равишда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга (иш ўринлари яратишга) қаратилган лойиҳаларга ажратилади;

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу рўйхатдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан ҳоким ёрдамчиси, туман давлат солиқ инспекцияси ва тегишли сектор раҳбарлари томонидан фуқаронинг унга ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали бериладиган тавсия асосида чиқарилади;

Бу эса фуқароларимизда боқимандалик кайфиятини олдини олишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 31 январида қабул қилинган “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-39 сонли Қарорида туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари билан биргаликда дастурлар ижросини, шу жумладан ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳисобот бериб бориши амалиёти жорий этилиши белгиланган.

Бу эса ўз ўзидан партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатларидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида депутатлик назоратини олиб боришни тақозо этади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур масалани ижобий ҳал этилиши кам таъминланган оила аъзолари ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига, микрокредитлар бериш ва қайта ўқитиш хизматларини тақдим этиш орқали якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликка жалб этиш, шахсий томорқа хўжаликларини ривожлантириш йўли билан оилаларни кам таъминланганликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича зарур шароитлар яратиш имконини беради

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш