Пулларни талон-торож қилиш ҳолатлари камаядими?
Пулларни талон-торож қилиш ҳолатлари камаядими?

 

Бугун Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан бир қатор муҳим ҳужжатлар муҳокамаси ўрин олган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси шулар жумласидандир.

Сўнгги вақтларда ғараз ниятли шахслар томонидан ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган янги турдаги ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, жиноятчи шахслар аҳолининг банк ҳисобидаги пулларини талон-торож қилишда янги усуллардан фойдаланаётганликлари, хусусан, дастурий аппарат қурилмалари ёрдамида қонунга хилоф тарзда банк картаси ёки бошқа тўлов карталарини нусхасини ясаш ёки сохталаштириш орқали ўзганинг банк ҳисобидаги ёхуд электрон тўлов ҳамёнларидаги пулларини талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бундай ҳолатларга нисбатан жавобгарлик белгиланмаганлиги ушбу қилмишларни такрор содир этилишига шароит яратмоқда.

Шунингдек, ахборотни ноошкора тўплашга мўлжалланган махсус воситаларнинг замонавий турларини мамлакатимизга эркин тарзда кириб келиши ва савдоси жадаллашиб, интернет ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилинаётганлиги сабабли истеъмолчилари қамрови кенгайиб бормоқда. Бироқ, ушбу махсус воситаларни олиб кириш, ишлаб чиқариш, ўтказиш ва ундан фойдаланишнинг қонуний тартиби белгиланмаганлиги ғараз ниятдаги шахслар томонидан шахсий сир ёки давлат сири, ҳарбий сир ва хизмат сири ҳисобланадиган маълумотларни қонунга хилоф равишда тўпланишига ҳамда улардан жиноий мақсадларда фойдаланишига шароит яратмоқда.

Бугунги йиғилиш муҳокамасига киритилган Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига кўплаб ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, юқорида қайд этилган ҳолатлар билан боғлиқ маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини белгиловчи нормалар қўшилмоқда. Шунингдек, лойиҳа билан Жиноят кодексини крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи “27811-модда” ва “27812-модда” билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳа депутатларнинг жиддий баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши, келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этишда қўл келиши, шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик белгиланиши ва юзага келаётган бошқа замонавий ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилишини эътироф этган ҳолда айрим нормалар юзасидан ўз-фикр, мулоҳазаларини билдиришди. Ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилиб, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

Бугунги йиғилишда шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш амалиётини бекор қилиш, солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Муҳокамадан сўнг лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилиб, 1-ўқишда маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш