Тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратилади
Тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратилади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 2-ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар. Ушбу Қонун билан давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатлар такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, 11-моддада Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида харидор сифатида иштирок этиши қонунчиликка мувофиқ тақиқланган шахслар, шунингдек иштирок этиши инсофсиз рақобатга олиб келиши мумкин бўлган, талабгорларга нисбатан аффилланган шахслар давлат мулки хусусийлаштирилаётганда харидор бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу ноҳалол рақобатнинг олдини олишга хизмат қилади. Фракция аъзолари Қонун билан соҳага киритилаётган ўзгартиришларни муҳокама қилиб, айрим моддалар юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Мунозаралардан сўнг лойиҳа ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган ҳолда маъқулланди.

Йиғилишда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси 1-ўқишда муҳокама қилинди.

Бугунги кунда нодавлат электрон архивларни ташкил этишда маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби мавжуд. Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектлариги қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида нодавлат архивларни ташкил этиш хабардор қилиш тартиб-таомилига ўтказилмоқда. Мазкур ҳужжат амалиётга тадбиқ этилса, нодавлат электрон архивларни ташкил этиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилади ҳамда нодавлат архивларни ташкил этишда унинг ташкилий ҳужжатлари (устав, таъсис шартномаси, муассислар йиғилиши қарори) архив иши ҳудудий бошқармалари билан келишиш ва ҳудудий бошқармалар томонидан эксперт-текширув комиссиясининг архив ҳужжатларини сақлаш шароитлари ва архивнинг таъминланганлигини ўрганиш натижаларига асосан ижобий хулосани олиш бекор бўлади.

Депутатлар қонун тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратишини алоҳида эътироф этган ҳолда уни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, лойиҳани 1-ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритишни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш