Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар кенгаши томонидан “Аёллар ижтимоий ҳимояси-ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида хотин-қизлар форуми ўтказилди. Ўзбекистон ХДП шаҳар кенгаши, Бухоро шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг вилоят бўлими, Банк ходимлари, ногиронлар жамияти, Бандликка кўмаклашиш маркази, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган мазкур форумда Бухоро шаҳридаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, пенсионерлар иштирок этди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик ва бошқа шаклларда ўз ишини очиш ва бизнесини бошлаш истагида бўлган ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ўз ишини бошлаши ва кредит, субсидиялар олиш орқали дастлабки сармоясини шакллантиришига кўмаклашиш, уларни қайта тайёрлаш ва касбга ўргатишга кўмаклашиш мақсади кўзланган мазкур тадбир Мустақиллик байрами арафасида тантаналарга бой тарзда ўтказилди.
Ҳудуддаги кам таъминланган, кўп болали, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, оналар ва болаларни турли касалликлардан асраб-авайлаш каби тадбирларнинг самарасини янада ошириш мақсадида мутахассисларни жалб қилган ҳолда шаҳардаги 7- Оилавий поликлиникада аёллар, оналар ва болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилганлиги ҳам иштирокчилар учун айни муддао бўлди. Кўрик давомида репродуктив саломатлиги билан боғлиқ касаллиги бор бўлган шахслар аниқланиб, уларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатилди. Касаллиги аниқланган аёллар ва болаларга даволанишлари учун тавсия ва йўлланмалар берилди.
Абдурауф Фитрат, Чорбахосса, Жўйбор, Ҳамид Олимжон маҳаллалари хотин-қизлари билан давра суҳбати ўтказилиб, хотин-қизлар муаммоларига депутатлар ёрдамида ечим изланди.
Форумнинг иккинчи босқичи эса спорт мусобақалари билан уйғунлашган ҳолда қизиқарли кечди. Шахмат-шашка ва волейбол мусобақаси ғолибларига партия ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Учинчи босқичда Чорбахосса ва Жўйбор МФЙ да истиқомат қилувчи уйда ўтирган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда мамлакатимизда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, иш билан таъминланмаган, ногиронлиги бўлган аёллар ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, улар учун қонунларда белгиланган имтиёзлар тўғрисида тушунчалар берилди. Ўзбекистон ХДПнинг мақсади, бу борада олиб бораётган ишлари ҳақида маълумотлар берилиши асносида уларнинг ҳуқуқий, сиёсий билимлари оширилди.