Хотин-қизлар таълим олиши учун берилган имконият (имтиёзлар)дан тўғри фойдаланяптими?
Хотин-қизлар таълим олиши учун берилган имконият (имтиёзлар)дан тўғри фойдаланяптими?

 

Барчамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг олий маълумот олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун жуда кўплаб имтиёз, имконият ва шароитлар яратилиб берилмоқда. Бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиш мақсадида хотин-қизларнинг ҳам олий маълумот олишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда абитуриентлар орасида хотин-қизларнинг улуши эркакларга қараганда кўпроқни ташкил этган. Яъни тестга кирган абитуриентларнинг 467 минг 400 нафари аёллар, 421 минг 107 нафари эса эркаклар бўлган.

Бундан ташқари қизлар тўплаган ўртача баллар ҳам йигитларга қараганда яхшироқ натижани кўрсатган. Қизлар ўртача 68,2 балл, йигитлар эса 65,0 балл олишган. Бу натижа ҳам ўтган йилгига нисбатан тахминан 2 балга юқори.

Шунингдек, республикамизнинг 14 та ҳудудининг барчасида хотин-қизларнинг ўртача бали йигитларникидан баландроқ бўлган. Натижалардан кўриниб турибдики, хотин-қизларнинг фаоллиги яққол сезилмоқда.

Имтиёз асосида талабаликка тавсия этилган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар 1,9 минг нафарни ҳамда 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар 351 нафарни ташкил этмоқда.

Бугунги кундаги талабалар муаммоларидан бири уй-жой, ётоқхона бўлса, иккинчиси, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни шартнома пулини тўлаш ва таълим кредитини олиш масаласи қийнамоқда. Ва бу борада кўпгина мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда.

2022 йилнинг июль ойида Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов контракт асосида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим олишини кенгайтириш мақсадида “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан хотин-қизлар учун таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими жорий этилган.

Мазкур кредит Ўзбекистон Республикасидаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий, давлат, нодавлат, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларида ҳамда қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат, шунингдек, магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек, ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талаба хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун берилади.

Кредитнинг йиллик фоиз ставкасига кўра, фоиз тўловлари тўлиғича Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Таълим кредитини олган хотин-қизлар расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг, яъни ўқишни битиргандан кейин еттинчи ойдан бошлаб, 7 йил давомида кредитнинг асосий қарз қисмини қайтарадилар холос.

Қарорда кўрсатилганидек, таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447- сонли қарори асосида давлат ОТМларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бунинг учун талабгор тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган ОТМ ректори (филиал директори) номига 15-сентябргача ариза билан мурожаат этиши керак.

Агар талабгор ректор номига аризани 15-сентябрдан кечиктириб топширса, имтиёздан маҳрум бўлади. Шунингдек, магистратурада қўшма таълим ҳамда табақалаштирилган тўлов контракт тўловларига ушбу имтиёз татбиқ этилмайди.

Тўлов-контракт суммасини қоплаб бериш тўғрисида жорий ўқув йилининг 15 октябрига қадар тегишли ОТМ ректори (филиал директори) буйруғи қабул қилинади.

Бундан ташқари, ҳар йили Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияларига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 минг 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб берилади.

Хотин-қизлар учун берилаётган бундай имтиёз ва имкониятлардан тўлиқ ҳамда тўғри фойдаланишлари учун ушбу тартибни аҳоли, айниқса хотин-қизлар орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилишида партиямиз фаоллари ва депутатлари - барчамиз бирдек иштирок этишимиз мақсадга мувофиқдир.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП МК “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш