Мақсад ва муштараклик
Мақсад ва муштараклик

 

Инсон туғилгандан охирги кунига қадар ўрганади, ўрганганларини ҳаётига татбиқ қилади. Ҳар бир инсонда маълум даражада мақсадлар бўлади. Уларнинг катта-кичиклиги эса кейинги масала. Асосийси, етиш йўли, стратегия бўлиши зарур. Мақсадга эришиш йўли, яъни стратегияси аниқ ва пухта тузилган бўлса, етиш осонроқ ва реалликка яқин бўлади.

Давлат, мамлакат-чи?..

Давлатни ҳам тирик организмга ўхшатишади. Давлатни инсонлар, яъни онгли мавжудотлар бирлашган, ягона мақсад ва умумманфаат йўлида ҳаракатланадиган тизимга асосланган мураккаб тузилмага қиёслаш мумкин. Унинг ҳам аниқ мақсади ва ўша мақсадни амалга оширадиган стратегияси бўлиши муҳим.

Умуман, ҳаётнинг ўзи олдинга янги-янги мақсадлар қўйиш ва у сари ҳаракат қилиш, орзуларга интилиш мезони асосига қурилган. Инсон ҳам, мамлакат ҳам мақсадлар учун интилиб яшаши катта натижадир.

Жорий йилнинг 31 июль кунидан бошлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. 11 сентябрь куни:

— ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;

— барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

— сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

— қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

— “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш, деб номланган 5 йўналиш ва 100 та мақсадни қамраб олган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди.

Стратегия билан танишган ҳар қандай киши унда катта мақсадлар мужассамлашгани, унинг амалга ошиши ҳар бир маҳаллага, оилага, керак бўлса, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига яхшилик кириб боришини англаши мумкин.

 

Нигора Эшметова,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Стратегия билан унинг лойиҳаси муҳокамага қўйилган пайтда танишганман. Қабул қилинганидан сўнг яна бир бор танишиб чиқдим. Хурсанд бўлдим, ғурурландим.

Стратегияда келгуси 7 йил ичида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари доирасига муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар ўрин олган. Бу партиямиз мақсадлари билан нақадар уйғун эканини ҳар биримиз чуқур англаб турибмиз.

Камбағалликни кескин қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш йўналишларида ҳам аниқ тизимли ишлар белгиланди. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун эса республиканинг барча ҳудудларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини ташкил қилиш назарда тутилган.

Шунингдек, муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш назарда тутилмоқда. Бундан кўринадики, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Фуқаролик жамияти институтларининг ҳам роли оширилади. Ногиронлар жамиятлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш, уларнинг ҳаёт тарзини яқиндан ўрганган ҳолда иш ташкил этиш орқали тенглик таъминаланади.

Стратегияда ижтимоий соҳага кўпроқ эътибор берилган. Сабаби, кейинги йиллардаги иқлим ўзгариш­лари, глобал пандемия ва халқаро майдондаги нотинчлик ижтимоий соҳаларни ривож­лантиришни талаб этмоқда. Асосийси, ижтимоий ҳимоя бўйича белгиланган вазифаларнинг туб моҳияти ижтимоий-иқтисодий фаолликни оширишга йўналтирилган. Бу ёндашувни Халқ демократик партиясининг барча фаоллари қўллаб-қувватлашига аминман.

 

Зокиржон Зоҳидов,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Стратегия билан танишиб чиқар эканман, ундаги қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш билан боғлиқ мақсадлар кўпроқ эътиборимни тортди. Бунда, айниқса, парламент ҳамда маҳаллий Кенгашнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш назарда тутилган.

Бугунги кунда қонунлар ҳуқуқий, лингвистик, гендер каби бир неча экспертизадан ўтказилади. Лекин илмий экспертиза ҳам жуда муҳим саналади. Шундан келиб чиқиб, тўғри мақсад ва тўғри банд қўйилганини алоҳида эътироф этиш керак. Зеро, ҳар бир масалада илмийлик устуворликка эга. Қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш ҳажмини 100 фоизга етказиш билан боғлиқ меъёр қонунлар сифати ҳамда натижадорлигида алоҳида аҳамият касб этади.

Шу ўринда яна бир муҳим масала. Давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ролини янада ошириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизимга ўтиш мақсади қўйилган. Аввало, таъкидлаш керакки, ҳозирда мамлакатимизда мажоритар тизимда сайлов бўлиб ўтади. Бу ўз сайлов округида энг кўп овоз олган номзод сайланган деб топиладиган тизим ҳисоб­ланади. Масалан, Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайлашда худди шунча сайлов округи шакллантирилади. Уларнинг ҳар бири фуқаролар овоз берадиган ҳудудларга бўлинади ва энг кўп овоз эгаси ғолиб, деб топилади.

Сайловда пропорционал тизим ҳам мавжуд бўлиб, унда ҳар бир партия парламентда қўлга киритадиган ўринлар сони сайловда унга берилган овозлар сонига кўра белгиланувчи тизим саналади. Мажоритар тизимдан фарқи шундаки, сайловчиларга партиядан муайян номзодга эмас, партиянинг ўзига овоз бериш таклиф этилади. Пропорционал тизимда ҳар бир партия депутатликка номзодлар мустақил равишда тузилган рўйхатни овозга қўяди. Уларга энг фаол ва энг таниқли сиёсий арбобларни киритишга ҳаракат қилиниши ҳам табиий. Депутатликка номзодлар билан танишиб чиққач, сайловчи улардан биттасига, муайян бирор бир партия фойдасига танлов қилади.

Энди айнан ушбу иккисига бирлаштирилган аралаш сайлов тизими ҳам бор. Аралаш сайлов тизимининг моҳияти шундан иборатки, депутатлик мандатларининг бир қисми ҳукуматнинг барқарор шаклланишига ҳисса қўшадиган мажоритар тизим тамойиллари бўйича, иккинчи қисми эса пропорционал тизим тамойилларига мувофиқ тақсимланади.

Бунинг ўзига хослиги шундаки, аввало аҳоли билан муносабатлар таъсирчан ва натижали бўлишига асос яратилади. Шунингдек, партиялар асосий ўринга чиқади.

Демак, партиялар ўз имкониятларини янги жиҳатлар билан кўрсатиш имконига эга бўлади, янада халқ ичига чуқурроқ кириб боради. Энг муҳим жиҳати, жамиятда ғоя ва фикрлар ривожланади, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллиги ва дахлдорлиги ортади. Бу давлат ва жамият янада равнақ топишининг энг муҳим шартларидан биридир.

Стратегияни бажонидил қўллаган ҳолда, ундаги мақсадларни рўёбга чиқариш учун астойдил меҳнат қилишни кўзлаганмиз.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Аҳмад Қурбонов тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 13.09.2022, №36

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш