“Ўзбекистон-2030” стратегияси: аҳолининг фаровонлигига хизмат қилади
“Ўзбекистон-2030” стратегияси: аҳолининг фаровонлигига хизмат қилади

 

Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мазкур тарихий ҳужжатлар келгуси етти йилда мамлакатимизда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон-2030” стратегияси муҳим тарихий ҳужжат бўлиб, унда бешта устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад белгилаб олинган. Ҳар бир мақсадда кўзланган марраларимиз бор, ҳар бир мақсад халқимизнинг яхши яшаши ва фаровон турмуш кечиришига қаратилгани билан жуда муҳимдир. Эътиборлиси, мақсадлар аниқ, вазифалар аниқ, ижрочилар, масъуллар аниқ белгилаб берилган.

Стратегия билан танишар экансиз ижтимоий соҳага кўпроқ мақсадлар қўйилганлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, 22-29-мақсадларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар ўрин олган. Бу мақсадларда ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларнинг барчасини тўлиқ қамраб олинишига эришиш белгиланмоқда. Бу мамлакатимизда барча ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимиз ижтимоий ҳимоя қилинишини англатади.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир инсон бугун давлат ҳимоясида, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган инсонлар ягона реестри ташкил этилади. Хатловдан ўтказилади. Шунингдек, ижтимоий хизматларни мажмуавий амалга ошириш учун республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти ташкил этилиши белгиланмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг манзилли ва тизимли ҳимояси таъминланади. Бизнинг партиямиз электоратининг ижтимоий ҳимояси сайловолди дастуримизда илгари сурилган ғоя ва мақсадларимизга тўлиқ мос келади.

Бундан ташқари, стратегияда мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш ҳам ўрин олган бўлиб, 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш ҳамда камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.

Бунинг учун албатта тизимли ишлар “хонадонбай”, “фуқаробай” ишлар ташкил этилади. Касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Пировардида партиямизнинг электорати бўлган фуқароларнинг яшаш шароит ўзгаради. Ҳаётда ўз ўрни ва келажагини белгилаб берувчи муҳим ислоҳотлардан рози бўлади. Муҳими инсон қадри деган шиор амалда ўз исботини топади.

Биз депутатлар ҳам ушбу етти йилга мўлжалланган стратегиянинг мақсадлари аниқ ва пухта бажарилишида фаол бўлишимиз керак. Бу йўлда бор куч ва имкониятимизни сафарбар қилсак, кўзлаган марраларимизга эришамиз.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 
 
 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш