Партия томонидан илгари суриб келинаётган ташаббуслар Қонунда ўз аксини топмоқда
Партия томонидан илгари суриб келинаётган ташаббуслар Қонунда ўз аксини топмоқда

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция аъзолари «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 68-бандида давлат ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдамни жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам кўрсатиш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Лойиҳани ишлаб чиқишдан асосий мақсад “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш бўлиб, бу қатор Қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда. Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар эканлар, унинг муҳимлигини, партия электорати манфаатларига тўла мос келишини эътироф этиб ўтдилар.

Жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро шартномалар билан кафолатланган ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барқарор ва ишончли давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимининг яратилиши қонун устуворлигига хизмат қилиши баробарида юридик ёрдам олиш ва одил судловга эришиш имкониятларини оширади. Депутатлар айрим моддалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиб, таклиф ва тавсияларини билдиргач, Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларидаги ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш ҳамда пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мазкур Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили асосида шахсларнинг фаровонлигини янада ошириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг самарадорлигини қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартларга ва замон талабларига мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Хусусан, “Ижара тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунига тегишли ўзгартишлар киритиш орқали ногиронлиги бўлган шахс деб топилган ижарачи амалдаги ижара шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттириш истагини билдирган тақдирда шартноманинг амал қилиши тўхтатилмаслиги, маҳкумларни озодликдан маҳрум қилинган даврларида амалга оширган меҳнат фаолияти даврларини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида белгилаш, пенсияларнинг миқдори истеъмол нарх (тариф)лари индекси (инфляция) даражасининг ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш белгиланмоқда. Шунингдек, ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги йигирма тўрт ойдан ошмаган давр учун ҳам пенсияларни тўлаш тартиби жорий этилмоқда.

Фракция аъзолари Қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар лойиҳа инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишга, фуқароларнинг кундалик турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу ҳужжат партия томонидан илгари суриб келинаётган ташаббуслар Қонунда ўз аксини топаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Фикр ва мулоҳазалардан сўнг Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш