Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
— Бугун оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида мустаҳкамланганлиги яққол кўзга ташланмоқда. Яқиндагина Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам оилалар ва хотин-қизларнинг ҳаёт шароитини янада яхшилашга қаратилган қатор мақсадлар ўз ифодасини топгани бунинг исботидир.
Фармонда таъкидланганидек, мазкур стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида аниқ вазифалар белгиланган.
Жумладан, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларни даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилмоқда.
Оилалар сонига нисбатан уй-жойлар сони, автомобиллар сони, маиший хизмат техникалари билан таъминланганлик даражаси ва бошқа кўрсаткичлар эса турмуш даражамиз қанчалик ўзгарганини кўрсатади.
Бу – ҳаёт. Ҳар кимнинг жисмоний, ақлий ёки ўзига боғлиқ бўлмаган бошқа имкониятлари турлича. Тан олиш керакки, орамизда оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган оилалар мавжуд. Уларнинг давлат эътиборида бўлиши ҳеч кимдан кам бўлмаган таълим, тиббий, ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун тўлиқ имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давоми сифатида “Ўзбекистон-2030” стратегиясида бу масалалар ўз ифодасини топган.
Ундаги “аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш”, “халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш” ва бошқа асосий ғоялар негизида эзгу мақсадлар мужассам. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикасида оғир шароитда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди. Айрим ҳудудларда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш қатор қийинчиликлар билан амалга оширилаётган бир пайтда Қорақалпоғистонда ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 71 фоизга етди.
Имконияти йўқлиги туфайли ёрдамга муҳтож оилалар ҳимояланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари хатловдан ўтказилди.
Қорақалпоғистонда 424 маҳаллада 21803 уй-жойни таъмирлаш учун 343,9 миллиард сўм ажратилмоқда. Шундан 21094 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатига келиб қолган уй-жойларни янгидан қуриш ишлари белгиланган. Шунча инсоннинг оғири енгил бўлиб, муаммосига ечим топилмоқда.
Стратегияда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Содда қилиб айтганда, бу тоифадаги хотин-қизларнинг бугунги замон учун зарур ва бозор иқтисодиёти шароитида талаб юқори бўлган касбларни ўрганишлари учун харажатларни давлат ўз зиммасига олаяпти. Чунки, янги ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналари, заводлар, фабрикалар уларда мавжуд бўлган техника ва технологияларда ишлаш учун касб ва малака кўникмаларини ҳам янгилаш талаб этилади.
Бу эзгу ишнинг ўзидан из қолдирадиган яна бир ижобий жиҳати бор. Демоқчиманки, бугун давлатимиз ҳомийлигида аёлларга ўргатилаётган янги касблар нафақат уларнинг ўзига, балки улар орқали сингилларига, қизларига ўтиб такомиллашиб, ривожланиб боради ва оилаларнинг даромад манбаига айланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган ҳар бир йўналиш, ҳар бир вазифа оилаларнинг тинчлиги, осойишталиги ва фаровонлиги учун хизмат қилади.
«Ўзбекистон овози», 20.09.2022, №37