Халқимизнинг буюк мақсадлари дунё минбарида янгради
Халқимизнинг буюк мақсадлари дунё минбарида янгради

 

Яқиндагина қабул қилинган, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган эзгу мақсадлар халқимизнинг кўнглини тоғдай кўтараётган бир пайтда, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида мазкур стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун эканлигини қайд этиб, “биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз” дея эътироф этди. Бу айни ҳақиқат.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу йил мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида 2022 йилга нисбатан 8 поғонага кўтарилди. Яъни Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллади. Бунинг асосий сабаби, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг 10 та мақсадлари бўйича кўрсаткичларида ижобий ўсиш қайд этилганидир.Улар мамлакатда камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш ва фаровонликни таъминлаш, сифатли таълим билан таъминлаш, гендер тенглигига эришиш, шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш ва бошқа йўналишлардир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги олти йил ичида амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга, кексалар, хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бор шахслар барча-барчасига муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир.

Президентимизнинг мазкур нутқида таъкидланган барча натижалар ва режалар дунё эътиборини тортгани шубҳасиз. Жумладан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани, 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинаётганининг ўзи бу йўналишда олиб борилган ишларнинг кўлами қанчалик кенг эканлигини кўрсатади. Жумладан, қисқа муддат ичида аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида ташкилий-ҳуқуқий асосларнинг яратилгани, амалий механизмларнинг ишлаб чиқилгани, тизим яратилгани ўз самарасини берди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш, аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги янгича ёндашувлар халқнинг, айниқса ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларнинг елкасидаги оғир юкни ағдарди, десак, муболаға бўлмайди.

Халқимизнинг деярли бир аср давомида қайнаб келаётган пахта қуллигидан буткул озод бўлгани, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани буларнинг барчаси эса тарихий воқеалардир.

Президентимиз нутқида таъкидланганидек, ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Бу жуда катта натижа, албатта. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Буни шунчаки эшитиш мумкин эмас. Чунки, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири олий маълумотга эга бўлиши бу нафақат барча соҳаларга ҳар йили кўплаган етук кадрларнинг кириб келишини таъминлайди, балки жамиятда билимли, тафаккури кенг, юксак маънавий салоҳиятга эга инсонларнинг кўпайишига, барқарор маънавий муҳитнинг шаклланишига хизмат қилади.

Шунингдек, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этгани, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса биринчи марта 35 фоизга етгани, аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилингани буларнинг барчаси давлатимиз томонидан гендер тенгликка эришиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар маҳсулидир.

Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг билим олишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022 – 2023-ўқув йилида магистратура босқичида ўқиётган 2 300 дан ортиқ талаба қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилгани, 1 минг 951 нафар олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган хотин-қизларга 17 миллиард 220 миллион сўм миқдорида шартнома тўлови учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратилгани келажакда барча туман ва шаҳарларимизнинг янада ривожланишига хизмат қиладиган хотин-қизлардан иборат салоҳиятли кадрларнинг етишиб чиқишига замин яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи орқали юртимизда эришилган ютуқ ва марралар ҳамда халқимизнинг буюк мақсадлари дунё минбарида янгради.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш