Башарият муаммолари ечимига доир асосли ташаббуслар
Башарият муаммолари ечимига доир асосли ташаббуслар

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78- сессияси нутқидаги ҳар бир таклиф ва ташаббуслар, фикрлар башарият муаммоларига дахлдорлиги билан қалбимизни ғурур ифтихорга тўлдирди. Зеро, бугун дунёда геосиёсий зиддиятлар фонида сайёрамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончни тиклашга қаратилган даъватлар муҳим ўрин тутади. Боз устига давлатимиз раҳбари инсониятни ташвишга солаётган муаммоларга ва уларни ечиш йўлларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратдилар. Экологияни асраш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифалардир.

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда. Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Аммо фожиа кўлами шу қадар кенгки, унинг кўламини камайтиришда битта давлатнинг имкониятлари етмайди. Бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун Президентимиз нутқида айтилганидек, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

Бугун замонамизнинг яна бир оғриқли масаласи глобал миқёсда сув етишмовчилиги хавфидир. Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим даражага кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари хавотир уйғотмай қолмайди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Бу охир-оқибатда озиқ-овқат бўҳронини келтириб чиқариши мумкин. Агар ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади. Шу нуқтаи-назардан давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Чунки Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш муҳим вазифа. Шу ўринда мамлакатимизда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича катта миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилаётганини эслатиб ўтмоқчиман. Охирги 7 йил мобайнида мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган 1 миллион гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ҳам сувни тежаш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Боз устига, 2024 йили Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро иқлим форуми доирасида жаҳоннинг етакчи компанияларининг сувни тежаш борасидаги технологиялари кўргазмаси ҳам ўтказиладики, бу минтақа давлатлари учун ҳам илғор технологияларни жалб этишлари учун қулай майдон вазифасини ўтайди.

Давлатимиз раҳбари минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилганига ҳам тўхталди. Бундай шериклик иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу борада Президентимиз нутқида илгари сурилган “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этиш таклифи ўринли бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Минтақамиз халқларининг манфаатларига, фаровонлигига хизмат қилиши мумкин бўлган ушбу резолюциянинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилиш таклиф этилди.

Президентимиз нутқида илгари сурилган экологияга оид ташаббуслар рўёби албатта, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин оширишдек мамлакатимизнинг стратегик мақсадларининг таянчи бўлишига шубҳа йўқ.

Бошқа томондан давлатимиз раҳбарининг БМТ дек нуфузли ташкилот минбаридан туриб илгари сурган таклифлари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича вазифалар билан ҳамоҳанг. Стратегияда кўрсатилган вазифаларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 444 та яшил боғлар барпо этилади. Бунинг учун барча давлат идоралари, корхоналар, таълим муассасаларининг ҳудудида “яшил боғлар” ташкил қилинади. Айниқса, йирик саноат корхоналари жонбозлик кўрсатиши назарда тутилган. Яъни, 112 та йирик саноат корхонаси уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиши белгиланган. Ўрмонлар майдонини кенгайтириш борасида ҳам вазифалар кўзда тутилган бўлиб, хусусан, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражасини 8,1 фоизга етказиш, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 1,9 миллион гектарга етказиш, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 200 минг гектар яшил майдонларни барпо этиш мақсад-вазифалари ифодаланган. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 400 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Бу эса, ўз навбатида, турли чанг-тўзонлар кўтарилишига қарши туришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш