Парламент ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда
Парламент ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда

 

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб Президентимиз томонидан БМТнинг 78-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар атрофлича кўриб чиқилиб, фракциялар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, нутқда илгари сурилган ҳар бир фикр, ҳар бир таклиф-ташаббус моҳият-эътиборига кўра ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни кенгайтиришга, ўзаро мулоқот асосида муаммоларга янги ечимлар топишга, пировардида ижтимоий барқарорликка йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистон етакчиси янги ташаббусларни илгари суриш билан чекланмай, уларни амалга оширишда юртимиз мезбон ва иштирокчи сифатида фаол қатнашишга тайёр эканини ҳам билдирди.

Мамлакатимиз БМТнинг барқарорликка хизмат қиладиган барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари  БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” ташаббусини қўллаган ҳолда, тажриба алмашиш учун 2024 йили ушбу нуфузли ташкилот шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф қилди.

Инсон фаровонлигига эришиш аввало илм-маърифат орқали бўлади. Шу маънода, нутқда таъкидланганидек, инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир. Давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатларини инсон капиталини ривожлантиришга йўналтириш ижтимоий барқарорлик мустаҳкамлигининг, ҳаётий масалаларни ўзлари ҳал этишга қодир авлодни тарбиялашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

— Ҳамма учун очиқ ва сифатли таълимни камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили ҳисобланади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари У.Иноятов. — Инсон капитали ҳақида гап кетар экан, биринчи навбатда сифатли таълим олиш, касб-ҳунарга эга бўлиш имконияларини кенгайтириш муҳимдир. Мамлакатимиз бу йўналишда натижаларни яхшилаш бўйича катта ўзгаришлар қилмоқда, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос ўрнак ва ибрат кўрсатмоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етгани Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантиришдек эзгу мақсад йўлида қанчалик собит эканини исботлаб бермоқда.

Муҳокмалар давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилда мамлакатимизда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Шу билан бирга, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шунга кўра, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартибини ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартибини амалдаги қонунчиликда белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳасида парламент палаталарининг ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топган. Мазкур қонун лойиҳаси билан 13 та қонун, 1 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбарининг ваколатлари алоҳида моддада аниқ белгиланмоқда. Парламент текширувини Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Қўшма йиғилишида депутатлар томонидан қонун лойиҳаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, унда мустаҳкамланган устувор принципларнинг Янги Ўзбекистон ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқарилишини, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Муҳокамаларда лойиҳа юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилган ҳолда қўллаб-қувватланди.   

Кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш