ОРТДА ҚОЛМАСЛИК ДАСТУРИ
ОРТДА ҚОЛМАСЛИК ДАСТУРИ

Уни ким тузади ва амалга оширади?

Китоб туманидаги тажрибали боғбон дўстим Ғуломжон Эрназаров билан ўртамизда шундай суҳбат бўлиб ўтганди:

– Телевизордан партиялараро мулоқотни томоша қилгандим...

– Хўш, хўш.

– Шошманг-да. Ўйлаганларимни эслай. Ҳа энди... одамлар ўзгарган, сайловда дуч келганга овоз бермайди. Ҳозир айтаман, тарафини оладиган...

– Хайрихоҳлар.

– Шундай, мен хайрихоҳман партияларингизга, чунки халқ учун жон куйдириб ишлайдиган ходиму депутатлари кўп. Бошқа партия ҳам қараб турмайди, ахир. Хуллас, астойдил тер тўкишларингга тўғри келади.

— Сиздай хайрихоҳларимиз кўпайсин!

Касаба уюшмалари Қашқадарё вилоят бирлашмасининг кенг, шинам мажлисхонасига барвақт етиб келгандим. Мендан аввалроқ келганлар, бир-бири билан оҳиста суҳбатлашётганлар анча экан. Уларга қўшилиб суҳбатлашаман, фикрларини тинглайман.

Ёнимга «Нуроний» жамғармаси Қарши туман бўлими раҳбари Полвон Тўлиев келиб, сўрашади. Полвон журналист, узоқ йиллар туман газетаси муҳаррири бўлган. У туманда 236 минг аҳоли яшаётгани, шундан 19 мингдан ортиғи нуронийлар экани, яқинда 100 ёшга етган Очил бобо Тошевнинг хонадонида бўлгани, умуман, партиямизда «устоз-шогирд» анъанаси яхши ривожланаётгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Косон туманидаги «Турон» МЧЖ раиси, туман Кенгаши депутати Азизжон Усмонов шундай дейди:

– Ўтган беш йил бу – катта давр. Бугунги анжуманга ҳар ким ўз қилган ишлари, фикр-мулоҳазалари билан келган. Ташкилотимиз фаолиятига тўхталадиган бўлсам, бу ерда 70 киши доимий иш билан таъминланган. Бу йил анча жойга қовун экдик. 200 киши вақтинча бўлса-да, ишли бўлди. Қовунларни Россия, Беларусь каби давлатларга экспорт қилдик. Катта янгиликлардан бири – электр тармоқлари учун замонавий нимстанция қурилди, аҳоли мамнун. Ер остида чучук сув бор, артезиан қудуқлар қазиб, аҳолини таъминлаш имконияти пайдо бўлди, биласиз, қишлоқларимиз даштда жойлашган. Барча астойдил меҳнат қилса, партиямиз, депутатларимиз, бўлажак номзодларнинг тарафдорлари кўпаяди...

Масъул ишларда меҳнат қилган, ҳозирда Касби тумани халқ таълим бўлими мутахассиси, партиямиз фаоли Тўра Саидов бир кун олдин партиямиз Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов туманга боргани, фаоллар, депутатлар билан суҳбатлашгани ҳақида гапириб берди. Касби — вилоятдаги энг йирик туманлардан бири. Ҳудуддаги 47 бошланғич ташкилот 2,5 минг аъзони бирлаштирган. Жуда фаол ҳудудлардан бири. Туман Кенгашига партиямиздан 14, вилоят Кенгашига 2 нафар депутат сайланган. Партия гуруҳи шу йилда 3 та муҳим масалани туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқиб, қарорлар ижроси учун курашаяпти...

Ёнимдаги ўриндиқларга ёшлар келиб ўтиришди. Уларнинг ҳаяжони менга ҳам ўтади, чунки тумандаги 6-мактабнинг иш юритувчиси Гулшан Ҳайитова, тил ва адабиёт ўқитувчиси Мадина Маликова яқинда партиямиз сафига ўтишган экан. «20 дан ортиқ ҳамкасбларимиз шу партияни танлаган, мен ўйлаб, ўрганиб, қалб амрига қулоқ солдим», дейди Мадина доно-доно қилиб...

Ҳа, мен суҳбатлашган бу кишилар Қашқадарё партия ташкилотининг VI конференциясига ибратли ишлари, режалари, орзулари билан келишган.

Партиямиз Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов конференциядаги маърузасида янги, кенг кўламли вазифалар ҳақида тўхталди. Партиямизнинг ҳудуддаги таянчи – вилоят ташкилоти бугунги кун талаблари асосида ишлай оляптими? Бажарилган ишлар таҳлили нимани кўрсатаяпти?..

Аввало, ўтган 5 йилда партия аъзолари сони вилоятда 40510 нафарга етибди. 11601 янги аъзо қабул қилинган бўлиб, уларнинг 36 фоизи аёллар, 40,3 фоизи ёшлар экан.

Музокарада қатнашган Шаҳрисабз шаҳридаги 16-мактаб директори, шаҳар Кенгаши депутати Шаҳло Раҳмонова бўлажак сайловларда номзодларнинг 50 фоизи хотин-қизлардан бўлишининг катта аҳамияти ва шундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида гапирди. Вилоят партия кенгаши раиси Олим Равшанов ҳам ҳисобот даврида бу муҳим масала ҳамиша эътиборда эканини таъкидлади. Аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш ва бошқа вазифаларни бажаришда натижалар кўзга ташланади. Рақамларга эътибор берайлик. 575 нафар хотин-қизнинг ишга жойлашишига, 306 нафарининг касаначилик билан шуғулланишига, 180 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлашига яқиндан кўмак берилган. Бу кўплаб оилаларга қувонч олиб келгани, шубҳасиз.

Ҳудудда партиямиз ёш аъзоларининг сони 13489 нафар. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар ва туманлар бўлимлари ҳамда партиянинг «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳамкорлиги яхшиланиб бораяпти. «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастурини амалга ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари жонли, ҳаётий олиб борилаяпти. Ёшларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу йилнинг 14 июнида Китоб туманида ўтказилган «Беш ташаббус — беш имконият» доирасидаги ёшлар форуми кўпчиликнинг эсида қолди.

 Қўшимча шуки, Зилола Норова Китоб туман кенгаши раислигига уч йил бурун сайлангач, ишлар тубдан ўзгарди ва жонланди. Мен Зилола билан бирга Паландара қишлоғида боғбон ёшлар, тоғли Варганза қишлоғида чевар ёшлар, Китоб шаҳрида турли тадбиркор ёшлар билан учрашиб, муаммоларини эшитгандим, туман кенгаши ёрдамида уларнинг кўпчилиги ҳал бўлди.

Асосий маърузада партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаатлар камайгани, бунинг сабаблари айтилди.

Бошланғич ташкилотлар ишини жонлантириш ҳам эътибор талаб қилади. Очиғи, уларнинг фаолиятида тузукроқ самара кўринмаяпти. Ҳудудда 792 бошланғич ташкилот бор.

«Аслида уларнинг барчаси фаолми? Таҳлиллар уларнинг 70 фоизи амалда фаолият кўрсатаётганини ошкор қилмоқда», деб тан олди О.Равшанов. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида 242 бошланғич ташкилотга янги раислари сайланган. Гапнинг сираси шуки, агар ишни ўзгартирадиган, халққа энг яқин бошланғич бўғин ишини жонлантирадиган чоралар амалга оширилмаса, кўп нарсани бой бериш ҳеч гап эмас. Олдинда сайловлар турибди...

Маърузада вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашларидаги депутатларимиз 620 дан ортиқ депутатлик сўрови юборгани тилга олинди. Агар кўтарилаётган масалалар, уларнинг ижроси ҳақида гапирилганда, (бу ҳақда очиқроқ ва батафсилроқ маълумот берилгани йўқ) ҳақиқий натижа билан кўпчилик танишган бўларди. Чунки партия ўз мақсад ва режаларини депутатлари орқали амалга оширади.

Таъкидланганидек, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ўнлаб муҳим масалалар сессиялар, доимий комиссиялар, партия гуруҳи йиғилишларида кўриб чиқилган. Партиямиз Ҳаракат дастури ижроси бўйича 184 масала партия гуруҳларида, 169 масала доимий комиссиялар мажлисида, 60 масала сессияларда таҳлил қилинган. Бундан ташқари, 24 масала ўрганилиб, шундан 15 таси сессиялар муҳокамасига киритилган.

Умуман, партия ташкилоти, депутатлар гуруҳлари обрўси ва эътиборини белгилайдиган мезонлар бугун бутунлай ўзгарди. Сайланиб олгач, халқдан, сайловчилардан узилиб қолган ёки ташаббус кўрсатишга қодир бўлмаган, одамлар ўртасида обрўси йўқ депутатлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Аммо ибрат оладиган депутатлар, партия ташкилотлари ҳам анчагина. Улар сирасига Косон, Касби, Китоб туманлари ва Шаҳрисабз шаҳар партия ташкилотларини киритиш мумкин.

Айниқса, катта ташкилотчилик, етакчилик қобилиятига эга Рашид ака Муртазаев фаолияти вилоят партия ташкилотига ўрнак бўлса арзийди. Мақтов эмас, ҳақиқатни, ишга ёрдам берадиган гапларни айтиш лозим ҳозир. Ана шу мезонларни ҳисобга олганда ҳам Рашид ака талаб даражасида ишлашга ҳаракат қилаяпти. Партия етакчисининг қандай муҳитда камолга етгани ниҳоятда муҳим.

Рашид ака анча йил мактабларга, Қарши шаҳар «Маҳалла» жамғармасига раҳбарлик қилди, партия вилоят ташкилотини ҳам бошқарди. Ҳозир ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, депутат. Уни халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши раисининг ўринбосарлигига ҳам сайлашди.

– Шаҳар кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббус кўрсатаяпти, сайловчилар ишончини оқлаяпти, – деди у. – Шаҳар Кенгашидаги партиямиздан сайланган 11 депутатнинг ҳаммаси обрў-эътиборли, қийинчиликлардан чўчимайди. Улар қайси масалани ўрганишса, маҳаллалар, ташкилотлар вакилларини жалб этишади, шошиб хулосага келишмайди. Шу тарзда ўтган даврда 14 муҳим масала сессияларда, 18 масала доимий комиссиялар мажлисларида кўриб чиқилди ва қарорлар ижроси назоратга олинди.

Яна қандай масалалар, денг. Дори-дармон воситалари, ногиронларни ижтимоий химоя қилиш, чиқиндилар тўғрисидаги қонунлар ижроси, аҳолининг кам таъминланган қатламини уй-жой билан таъминлаш, ички йўлларнинг аҳволи ва бошқа масалалар кўтарилгани одамларнинг миннатдорчилигига сабаб бўлган эди. Менинг ўзим Қарши шаҳрини сув билан таъминлаш масаласини қандай ўрганишганига гувоҳ бўлганман, Рашид ака билан бирга юриб, турли ташкилотлар вакиллари билан учрашганман.

– Вилоят партия ташкилотининг самарали фаолият кўрсатаётгани барча шаҳар ва туман кенгашлари олиб борган ишлар ҳосиласидир, – деди Р.Муртазаев музокарага чиқиб. – Гап фақат муаммони ўрганишда эмас, балки уларни ҳал этишда. Масалан, шаҳар ички йўлларнинг аҳволи ҳозир ҳам оғриқли масала. Транспорт хизмати қандайлигини муҳокама қилдик, қани энди вилоят марказида 50 тагина замонавий автобус қатнаса. Имконияти чекланган ўқувчилар, ногиронларнинг аҳволи, ўқиши, яшаш шароитини ўргандик, назорат қилиб бораяпмиз. Муаммолар кўп. Ёки дори-дармон воситаларинархида анча фарқ борлигидан қандай қилиб кўз юмамиз? Йўқ, ҳали ишлашимиз, курашишимиз керак. Жамоатчилик қабулхонамизга ҳам келувчилар кўп. Ёшларни партия ташкилотлари етакчилигига тайёрлаб бориш масаласида ҳам оқсаяпмиз. Одамларнинг дарди билан яшаш, ишончини қозониш осон эмас, лекин шунга интилайлик. Кейин яна бир гап. Партиямизнинг бирорта ташкилоти ходими, давлат мукофотига тавсия қилинмаганидан афсусланаман.

Яширмайман, Рашид аканинг мулоҳазаларини ўзгача бир қониқиш, қувониш билан эшитдим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комила Каромованинг ишлайдиган қонунларни яратиш учун лойиҳаларни вилоят ва қуйи партия кенгашларига юбориш имконияти яратилгани, янги давр талаблари ҳақидаги фикрлари эътиборни тортди. Жами 123 аъзони бирлаштирган Деҳқонобод тиббиёт бирлашмасидаги БПТ раиси Ражаб Ниёзовнинг фикрлари ҳам диққатга сазовор эди. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили Муродилла Нормуродов ва бошқалар сўзга чиқишди.

Конференция бошланмасдан аввал ЎзХДП Марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов билан анча суҳбатлашдик. Мен тўқсон тўртинчи йилдан буён партиямиз аъзоси, марказий нашрнинг вилоятдаги вакилиман. Воҳага келган партиямиз раҳбарларининг фикрларини йиғилишларда кўп эшитганман.

Партиямиз етакчиси конференцияда халқимизнинг дард-ташвишлари билан яшаш, партиямиз Дастури, Сайловолди дастури, уларга билдирилаётган фикрлар, олдинда турган сайловлар масъулияти ҳақида муҳим, ҳаётий мулоҳазаларни баён қилди ва маслаҳатлар берди.

Конференцияда бўлажак қурултойга делегатлар сайлаш, Марказий Кенгаш Ижроия қўмитасига вакиллар юбориш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди. Партия фаолларидан бир гуруҳига фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди. Яқинда партияга қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Конференция қатнашчиларининг айримларининг фикрлари билан қизиқдик.

 

Нурислом Ражабов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят бўлими бош мутахассиси:

– Қувончли томони шуки, кейинги пайтда ёшлар ўртасида жиноятчилик камайгани кузатилмоқда. Бу ёшларга яратилаётган шароит, эътибор, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказишга қаратилган тадбирлар самараси, деб ўйлайман. Партиямизнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасига ёшларни янада қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ режалар киритилишини истардим.

 

Дилшод Норов, Шаҳрисабз шаҳар партия кенгаши раиси, шаҳар Кенгаши депутати:

– Ҳар йили «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловини ўтказамиз, аммо вилоят ва Республика босқичлари ғолибларининг кейинги тақдирига деярли эътибор бермаймиз. Ёрлиқ, совғалар ўз йўлига. Ёшлар орасидан муносибларини раҳбарлик ишларига танлашимиз, агар ўрта маълумотли бўлса-ю, олий ўқув юртида ўқишни истаса, шартнома маблағларини тўлаш масаласини ҳал қилиш лозим, деб ўйлайман. Бу оддий гап эмас, бўлғуси етакчилар ёшлар орасидан чиқади, ахир.

 

Жамила Тўрақулова, Қарши шаҳридаги 29-мактаб директори, Қарши шаҳар Кенгаши депутати:

– Аввало, мактабимиз ҳақида. Унда 1400 нафар ўқувчи таълим оляпти. Муаллимларимиздан 36 киши ЎзХДП аъзоси. Партиямиз ғоя ва мақсадларини кўллаб-қувватлайдиган ёшлар жуда кўп. Партиямиз раҳбарининг депутат ва бўлажак номзод ўз ҳудудини яхши билиши, муаммоларни тўлиқ ўрганиб чиқиши керак, ана шунда одамлар унга ишонади, деган фикрлари ҳаёт талаби. Масалан, «Отчопар» маҳалласида янги кардиология шифохонаси қурилди. Шу маҳаллада 15 минг аҳоли истиқомат қилаяпти, уни иккига бўлиш масаласини тегишли ташкилотлар олдига қўйганмиз. Яна 44-мактабда 420 ўқувчи таълим олади, болалар меъёрдан анча кўп. Янги бино учун ер майдони ажратилди, аммо қурилиш ҳануз бошланмаяпти. Мен сайланган ҳудудда яна бир маҳалла – Алишер Навоий маҳалласи бор. Ҳар иккала маҳаллада ҳовлилар, ерлар анча. Агар оқар сув билан таъминланса, ноз-неъмат етиштириш имконияти кўпаяди, оилалар фаровонлиги ортади.

 

Ханифа Панаева, Қарши шаҳридаги «Дарвозатутак» МФЙ раиси, шаҳар Кенгаш депутати:

– Партиянинг қуйи бўғинлари фаолияти суст, деган мулоҳазалар йиғилишларда кўп айтилмоқда. Эски хулоса билан номига танқид қилиш яхши эмас, деб ўйлайман. Партия ташкилотлари ҳақида «ёппасига ёмон ишлаяпти», деб хулоса чиқариш ярамайди. Масалан, бизда яхши, одамлар партия фаолларидан рози. Демак, ҳар бир ҳудудни чуқур ўрганиб, кейин асосли танқид қилиш фойдали бўлади, деб ўйлайман.

 

Раъно Жонқувватова, Ғузор туманидаги «Қовчин» МФЙ маслаҳатчиси, Қашқадарё вилоят Кенгаш депутати:

– Энг қудратли корхоналар, конлар ўзимизда эди-ю, зор яшаб келардик. Елдик, югурдик, яқинда 8 минг аҳоли яшайдиган қишлоқдаги хонадонларга табиий газ кириб келди. Одамларнинг қувончини айтинг. Яна бошқа яхши ишларимиз кўп, вақтингизни олмайман. Ҳаракат қилсак, бўлажак номзодларимиз халқ ишончини қозонади. Мен бунга ишонаман.

Шунингдек, шу куни ташкилий пленум бўлиб ўтди. Унда Олим Равшанов ЎзХДП вилояти кенгаши раиси, Музаффар Туропов ўринбосар этиб қайта сайланди.

Мен анжуман давомида турли-туман фикр, таклифларни эшитар эканман, шиддат ва ўзгача шижоат билан давом этаётган ислоҳотлар, халқимизнинг сиёсий фаоллиги ошиб бораётгани ҳақида ўйлайман. Яна партиямизнинг ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ва демократия ғояларидан иборат мафкураси кўп қалблардан жой эгаллашига ишонаман. Ортда қолмаслик, ҳаёт билан тенг қадам ташлаш бўйича дастурни ҳар бир ҳудуд, бўлажак депутатлар ўзлари тузиши ҳақидаги янгича ёндашув кўпчиликка манзур бўлгандай туюлди.

Англадимки, партиямиз катта ўзгаришлар остонасида турибди. Талаб ҳам, масъулият ҳам кучаймоқда.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш