Наманган шаҳрида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлашда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши ўртасида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улар маҳаллаларда бамаслаҳат ва ҳамкорликда иш олиб бориб, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган хотин-қизлар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича самарали ишларни амалга оширмоқдалар.
Ўзбекистон ХДП Наманган шаҳар кенгаши томонидан Наманган шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази билан ҳамкорликда “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон ХДП вилоят ва шаҳар кенгаши масъуллари, мономарказ тикувчи-дизайнери, модельер Лутфия Қорабоева мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот бериб ўтдилар. Шунинг билан бирга, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувида фаоллиги ошганини қайд этилди.
Учрашув давомида Чинор МФЙ да яшовчи 1998 йилда туғилган Сурайё Бекназарова 2 нафар вояга етмаган фарзандлари билан ота ҳовлисида яшаётганлиги сабабли уй-жой олишида ҳамда тиббиёт коллежига ўқишга киришида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат Наманган шаҳар кенгаши раиси томонидан назоратга олинди.