Европадаги тарихий саммит
Европадаги тарихий саммит

 

Марказий Осиё минтақасидаги беш давлат кейинги йилларда бир бутун ҳолда тилга олинмоқда. Тарихий илдизлари, маданияти, дини ва тили бири-бирига чамбарчас боғлиқ бу минтақа халқлари ва давлатларини бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш ҳам мушкул.

Мақсадлар муштараклиги асосида бирлашган Марказий Осиёни шу боис дунёнинг етакчи давлатлари бир даврада, бир стол атрофида мулоқотга чорламоқда. 28-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа Марказий Осиё давлат раҳбарлари Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан у ерда бўлишди.

Марказий Осий давлат раҳбарлари 29 сентябрь куни Берлин шаҳрида Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольц раислигида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, барқарор ва изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Тадбир қатнашчилари “Марказий Осиё – Германия” формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланганини таъкидлаган.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юксак баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини оғишмай амалга ошираётганини қайд этган.

Бугун мамлакатимиз муҳим трансформация босқичида турибди, Янги Ўзбекистон – инсон манфаатлари олий қадрият бўлган демократик давлатни барпо этиш йўлидан бормоқда. Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия қабул қилингани ва ундаги юксак мақсадлар халқаро ҳамкорларнинг салоҳиятини жалб қилиш орқали амалга оширилиши таъкидланган.

“Марказий Осиё – Германия” формати доирасида узоқ муддатли ҳамкорликнинг барча учун аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Хусусан;

– инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш,

– қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш,

– транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш,

– Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш каби йўналишлар минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида айтиб ўтилган.

 

Хориж нашрларида

Марказий Осиё минтақасининг Германия билан илк саммити бутун дунё нигоҳида бўлди. Жумладан, The Diplomat нашрида келтирилишича, – Украинадаги уруш (ва Афғонистондаги урушнинг тугаши) нафақат АҚШ, балки Европа билан ҳам Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларнинг тубдан ўзгаришига замин яратмоқда.

Европа Иттифоқи давлатлари орасида Германия Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорлардан бири бўлиб, саммитнинг аҳамиятини оширмоқда. “The Diplomat” газетасига ёзган мақоласида Халқаро Илғор тадқиқотлар институти (IAIS) ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (Ўзбекистон) қошидаги Европа тадқиқотлари маркази раҳбари Рустам Қаюмов фикрича, “Умуман олганда, Германия Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги йўналишини белгилаб беради”.

Мақолада айтилишича, Саммит якунида қабул қилинган қўшма баёнот кенг қамровли бўлиб, Германия ва Марказий Осиё ўртасида “стратегик минтақавий шериклик”ни ўрнатиш бўйича келишувга эришилди. Бу доирада ҳар икки томон ўзаро тўрт йўналишда мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва такомиллаштиради. Булар,

– иқтисодиёт, энергетика ва табиий ресурслар;

– минтақавий ҳамкорлик ва барқарорлик;

– иқлим ва атроф-муҳит;

– одамлар ўртасидаги алоқалардир.

Саммит баёнотида Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТИТР) орқали концептуал жиҳатдан савдо ва транспорт тармоғи бўлган “Ўрта йўлак”ни маъқуллангани алоҳида эътиборга лойиқлиги келтирилган.

Шунингдек, яқинда Европанинг Марказий Осиё билан барқарор транспорт алоқалари бўйича ўтказилган тадқиқоти Қозоғистон жанубини кесиб ўтувчи Марказий Транскаспий тармоғи (CТСN) “Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги энг барқарор транспорт алоқаларини” таъминлайди, деган хулосага келингани қайд этилади.

 

Euronews

Германия канцлери Олаф Шольц Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарларини жума куни ўтказилган биринчи саммитда қутлади, чунки Европа Иттифоқига аъзо давлатлар минтақада геосиёсий иттифоқчиларни қўлга киритишга интилмоқда, деб бошланади Euronews хабари.

– Берлинда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари минтақавий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақани Европа билан боғловчи “Ўрта йўлак” деб номланган йўналишни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

“Раҳбарлар “Global Gateway” (халқаро дарвоза) ташаббуси орқали “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш ва инфратузилма лойиҳалари учун маблағ жалб этишдан манфаатдор эканликларини яна бир бор тасдиқладилар”, – дейилади етакчиларнинг қўшма баёнотида.

Шарқий Европа иқтисодий алоқалари қўмитаси раиси Катарина Клаас-Мюҳлҳаусер учрашувни “тарихий” деб атади ва ҳамкорликни фаоллаштиришнинг бешта, яъни энергетика, хомашё, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва касб-ҳунар таълими каби устувор йўналишларни таклиф этди.

 

Anadolu Ajansi

Жума куни Германия ва Марказий Осиё давлатлари тарихда илк бор саммит ўтказди ва минтақани Европа билан боғловчи “Ўрта йўлак” йўналишини ривожлантиришни қўллаб-қувватлади.

Етакчилар Германия ва Марказий Осиё ўртасида “стратегик минтақавий шериклик” ўрнатишга келишиб олганликларини эълон қилдилар ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун чоралар кўришга ваъда беришди.

Шунингдек, улар минтақани Кавказ, Қора денгиз ва Туркия орқали Европа билан боғлашни мақсад қилган “Ўрта йўлак” йўналишини ривожлантириш ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

“Раҳбарлар “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш ва “Global Gateway” ташаббуси доирасида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни жалб қилишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар”, дейилади учрашувдан сўнг эълон қилинган қўшма декларацияда.

Шунингдек, улар Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЙТТБ) “Марказий Транскаспий тармоғи”ни барқарор транспорт тармоғи сифатида белгилаган якуний ҳисоботини олқишладилар.

Давлат раҳбарлари энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, энергия таъминотининг муқобил йўналишларини ривожлантириш, транспорт ва транзит алоқаларини яхшилаш, иқлим ва атроф-муҳитга зарар етказмайдиган иқтисодиёт сари интилиш мақсадларини таъкидладилар.

Расмийларга кўра, Германия канцлери ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи саммити келаси йили минтақада бўлиб ўтади.

 

Economic and Political

Германия Марказий Осиёда, қисман Россия ва Хитойнинг минтақадаги таъсирига қарши туриш учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши, ўсиб бораётган трансконтинентал алоқаларни ҳисобга олган ҳолда, Германия Болтиқ денгизидан Ҳинд океанигача, Шарқий Европадан Марказий ва Шарқий Осиёгача бўлган янги ташкил этилган савдо ва транспорт макроминтақасида ўз мавқеини мустаҳкамлаш ниятида эканлиги каби фикрлар келтирилади.

Шунингдек, Ғарбнинг Россияга қарши санксиялар режими Германия хавфсизлиги нуқтаи назаридан Марказий Осиё Республикаларининг геосиёсий аҳамиятини оширган.

Германия Марказий Осиё Республикалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун янги ташаббусни бошлагани, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер июнь ойининг учинчи ҳафтасида Қозоғистонга ташриф буюриб, Қозоғистон-Германия стратегик шериклик ва иқтисодий муносабатларни жонлантиргани, Штайнмайер ва Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги музокараларда иқтисод, энергетика ва алоқа масалалари устунлик қилганини билдирган.

Нашрда, шунингдек, темир йўл инфратузилмаси лойиҳалари Марказий Осиёни денгизга чиқиш имкони бўлмаган ҳудуддан Осиё ва Европа ўртасидаги транзит минтақага айлантираётганига эътибор қаратилган.

Жумладан, Қозоғистоннинг Хитой ва Қозоғистон чегарасида жойлашган Хоргос “қуруқ порти” кунига Хитойдан келаётган 20 дан ортиқ поездни бошқариши таъкидланган.

Украина – Россия можароси ортидан бошланган халқаро зиддиятлар оқибати бутун дунё, айниқса, Европа давлатлари кун тартибига транспорт-логистика, энергетика хавфсизлиги каби тармоқларига алтернативалар топиш масаласини олиб чиқди.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон дунё харитасида денгизга чиқиш имконияти чекланган икки давлатдан бири ҳисобланади. Яъни, бу биз денгизга чиқишимиз учун бевосита икки давлат ҳудудидан ўтишимиз керак бўлади. Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, агар бир давлат ҳудудидан ўтиб денгизга чиқиш имконияти бўлса, ундан ўша давлат коридор қилиб бериши кўзда тутилган. Агар Каспий денгизини инобатга олмаса, бирорта Марказий Осиё давлатининг чегаралари денгизга туташмаган. Демак, минтақа учун қуруқлик йўллари долзарб ҳисобланади.

Масофа жиҳатдан Хитой ёки Россия орқали денгизга чиқишдан кўра, Эрон ёки Покистон орқали чиқиш бир неча баробарга яқинроқ. Қолаверса, ҳозирги кунда актуал муҳокама қилинаётган “Ўрта йўлак” ҳам бор. Бу йўлак Хитой ва Россияга қараганда масофаси қисқа, Эрон ва Покистон орқали ўтадиган йўлакка нисбатан эса хавфсиз ҳисобланади. “Ўрта йўлак”нинг ишга тушиши бизнинг энг яқин ҳамкорларимиз саналадиган Туркия ва Озарбайжонга ҳам манфаатли ва уларнинг изчил ҳамкорлигини кутиш мумкин.

Асосийси, бутун бошли ғарб бундан манфаатдор ва Германия каби дунёнинг энг йирик бешинчи иқтисоди ташаббус кўрсатаётган пайтда бу йўналишнинг аҳамияти янада ошади. Бутун дунё якдил Марказий Осиё билан яқиндан ва самимий ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Европадаги саммит бунинг яна бир тасдиғи бўлмоқда.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 4.10.2022, №39

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш