“Маҳаллабай” ишлаш тизими: аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва одамларни рози қилишга хизмат қиляпти
“Маҳаллабай” ишлаш тизими: аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва одамларни рози қилишга хизмат қиляпти

 

Иқтисодиётни ривожлантириш, одамларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Бу борада аҳоли ҳаётидаги муаммоларни тизимли ўрганиш ва ўз вақтида, тўлиғича ҳал этишга хизмат қилувчи “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилгани бугун ўз натижасини бераётганини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Зеро, маҳалла фақатгина юртимизга хос бўлган институт бўлиб, ушбу ноёб ижтимоий тузилма охирги йилларда аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди, десак айни ҳақиқат. Бу аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир. Чунки мавжуд муаммолар жойида, тез ва натижали ҳал қилинса инсонлар ҳаёти яхшиланади, одамларнинг эртанги кунга ишончи ортади.

Халқ билан мулоқотнинг янгича усули бўлган маҳаллабай ишлаш тизими орқали энг аввало аҳоли, хусусан ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга оид қизиқиш ва интилишлари аниқланиб, сўнг уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ҳосил қилиши учун ўқувлар ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, уларга давлат “оёққа туриб олишлари” учун амалий ёрдам қўлини чўзмоқда. Жумладан, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача субсидиялар берилади.

Ўтган қисқа даврда бу борада кенг миқёсда амалий ишлар қилинди. Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, юқорида кўрсатилган вазифаларни бажариш мақсадида 48 503 нафар фуқарога жами 196,7 млрд.сўм субсидия ажратилган. Шундан, 39 749 нафар хотин-қизларга 163,7 млрд.сўм, шу жумладан "Аёллар дафтари"га киритилган 23 199 нафарга 110.7 млрд.сўм. субсидия берилган.

Аҳамиятлиси, маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими асосида маҳалладаги иқтисодий ҳолатни, “хонадонбай” ўрганишни, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатларини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилишлари ва эҳтиёжлари мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Қолаверса, аҳолининг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш учун маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Давлатимиз раҳбарининг асосий мақсадларидан бири мазкур ишларни маҳалланинг ўзида ҳал этиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигининг вакили, яъни ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.

Ваҳоланки, ҳудудлардаги аҳволни маҳалла аҳли ва фаолларидан яхши ҳеч ким билмайди. Ҳар қандай фуқаро маҳалла фуқаролар йиғини билан узвий алоқа ўрнатган. Бинобарин, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, эхтиёжманд оилаларга манзилли ердам кўрсатиш каби энг долзарб масалаларнинг ечими биринчи навбатда маҳаллаларда топилиши керак.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугун кўплаб масалалар ортиқча қоғозбозликсиз, югур-югурларсиз маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоқда. Бир неча йиллардан буён ечими топилмай келаётган муаммоларга хонaдoнбай ишни ташкил этган ҳолда ёрдам берилмокда. Бу саъй-ҳаракатлар орқали одамларга орзу-ҳаваслар қайтмоқда, фахр-ифтихор қайтмоқда, шодлик қайтмоқда.

Бугун юртимиздаги барча соҳалар фаолиятида ва кечаётган ўзгаришлар моҳиятида маҳаллабай сўзининг аҳамияти кундан кун ортиб бормоқда. Республикамиздаги барча ташкилот ва идораларнинг мазкур амалиёт натижасида жойларда ташкил этаётган иш фаолияти айнан маҳаллалардаги ўзгаришлар ва бу орқали мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллабай иш услуби бугун аҳоли мурожаатларини ўз вақтида бартараф этиш, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, жамиятимиздаги барча соҳалар учун энг самарали йўл эканлигини кўрсатди. Асосийси, бу тизим аҳоли фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг ҳаётдан рози қилишга хизмат қилаётир.

 

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат

ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш