75 га 75
75 га 75

 

Ортда қолаётган 2023 йил давлатчилигимизни демократик ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамлангани билан тарихда қолса керак.

Кеча, 10 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида сайлов қонунчилигимизда катта ўзгаришларга йўл очадиган Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Барча ривожланган давлатлар қатори юртимиз сайлов тизими ҳам эволюцион ривожланиш босқичини босиб ўтмоқда. Айни шу босқич кўпчилик мутахассислар томонидан энг муҳими, деб эътироф этилмоқда. Шундай қилиб, кеча мажлисда Қонунчилик палатасига депутатларни аралаш сайлов тизими орқали сайлаш тўғрисида лойиҳа киритилди.

Мазкур қонун бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси эди. Биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилганига қарамасдан, қонун лойиҳасида муҳим меъёрлар чуқур муҳокамадан ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш, яъни қуйи палатанинг 75 нафар депутати аввалгидек мажоритар, қолган 75 нафари эса пропорционал сайлов тизими асосида сайланиши белгиланмоқда.

Сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига ҳам киритилмоқда. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли 75 та сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса сиёсий партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.

Пропорционал сайлов тизимига кўра, 75 нафар депутатлик ўрни учун ҳар бир сиёсий партия камида 75 нафар, кўпи билан 100 нафар номзодлар рўйхатини шакллантиради ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилади.

Сайловнинг шаффофлигини таъминлаш ва сайловчиларга ортиқча қийинчиликлар туғдирмаслик учун ҳар бир сайлов участкасида сиёсий партиялардан кўрсатилаётган номзодларнинг тўлиқ рўйхати бўлади. Сайлов участкасига борган сайловчи номзодлар рўйхати билан танишиб, ўзи овоз беришни истаган партиянинг номзодлари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Умумий сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини тўплай олган сиёсий партия пропорционал сайлов тизими учун ажратилган 75 нафар депутатлик ўрнидан маълум қисмини олиши мумкин бўлади.

Масалан, юртимизда фаолият юритаётган 5 та сиёсий партиянинг 3 таси умумий сайловчиларнинг 7 фоизидан кўпроғининг овозини тўплади. Шундай ҳолатда ҳар бир партия 75 нафар депутатлик ўрнидан ўзи тўплаган овозларга пропорционал депутатлик ўрнига эга бўлади.

Янги сайлов тизимига кўра, навбатдаги сайловдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялардан ўзларининг фракциясини тузиши учун ҳозиргидек 9 нафар депутатлик ўрни эмас, балки 5 нафар депутатлик ўрни талаб қилинади. Яъни, 5 нафар депутат билан ҳам фракция ташкил этиш мумкин бўлади.

Қонун лойиҳасининг яна бир эътиборга молик жиҳати, пропорционал тизим учун ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизимдагидек, номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилмоқда.

Ўз-ўзидан савол туғилади: агар партия пропорционал тизим бўйича 10 та депутатлик ўрнига эга бўлса-ю, партия тақдим қилган рўйхатнинг бошидан фақат эркаклар жой олган бўлса-чи? Бундай ҳолат бўлиши мумкинлигини инобатга олган қонун ижодкорлари рўйхатни шакллантириш тартибини қатъий белгилаб қўйишган. Унга кўра, ҳар уч номзоддан биттаси албатта аёл бўлиши кераклиги аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, қайсидир партия 6 нафар депутатлик ўрнига эга бўлса, албатта, улардан икки нафари аёл киши бўлади. Агар 10 нафар бўлса, камида 3 нафари аёл киши бўлади.

Ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик ўринларини тақсимлаш тартиби, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қонун лойиҳасида акс этмоқда.

Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, ҳозир амалдаги мутлақ кўпчилик (50 фоиздан юқори) эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда. Бу ортиқча оворагарчилик ва мутлоқ кўп овоз йиғилмаган тақдирда қайта сайлов ўтказиш заруратини бекор қилади.

Лойиҳа муҳокамаси долзарблиги ва аҳамиятидан келиб чиқиб узоқ давом этди. Депутатлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича саволларни ўртага ташлашди. Шундай саволлардан бири, икки хил йўл билан сайланган депутатларнинг мақоми ва уларнинг депутатликдан маҳрум қилиниши масаласи бўлди. Дарҳақиқат, депутат ўзига юклатилган вазифани бажара олмаса, уни мавқеидан маҳрум қилишнинг ҳам тартиб-таомили бўлиши зарурат аслида.

Муҳокамалар узоқ ва қизғин давом этди. Депутатлар томонидан айтилган ҳар бир фикр ўринли, мазмунли бўлди. Бир-бирининг фикрини маъқулламаслик ҳолатлари ҳам учраб турди. Бу – табиий жараён. Тамоман бошқа-бошқа шахсларнинг фикри бир жойдан чиқмаслиги мумкин ҳолат. Аслида жамиятларни ҳаракатлантирувчи асосий куч ҳам ғоя ва фикрларнинг хилма-хиллигидир. Кимдир парламент фикрлар хилма-хиллиги ва ғоялар кураши бўладиган даргоҳ деса, яна кимдир парламент мамлакат ҳаётига доир масалаларга биргаликда ечим топиладиган жой, дейди.

Шу тариқа лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар тинглангандан кейин Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позицияларини билдиришди. Хусусан:

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қуйидаги фикрларни билдирди:

– Конституциявий қонун лойиҳаси пропорционал ва можаритар сайлов тизимларининг кучли жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган.

Биринчидан, аралаш сайлов тизимида сиёсий партиялар етакчи ўринга чиқади. Фикрлар, ҳаётий ғоя ва дастурлар ўртасида рақобат кучаяди. Айни пайтда жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллик, фуқаролик маърифати изчил ривожланади.

Иккинчидан, пропорционал механизм бўйича бутун Ўзбекистон ягона сайлов округи деб белгиланиши таклиф этилаётгани мамлакатимизда сиёсий бирдамликка асосланган янгича демократик муҳитни юзага келтиради.

Учинчидан, қонун лойиҳасида сайлов ва референдум жараёнларини дунёдаги илғор тажрибалар даражасида ташкил этиш бўйича муҳим янги меъёрлар белгиланмоқда.

Шу жиҳатдан Конституциявий қонун лойиҳаси фуқароларнинг, халқимизнинг давлат ва бошқарувида иштирок этишдек устувор ҳуқуқидан фойдаланиши учун янги имкониятларни очади.

Ушбу муҳим қонун лойиҳасининг долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг қуйи тузилмалари, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларидан ҳам фикр ва таклифлар олиш режалаштирилган. Лойиҳа барча жиҳатдан чуқур таҳлил қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз.

ЎзХДП фракцияси раҳбари давлат бошқарувини янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизациялашда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қиладиган Конституциявий қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, бошқа депутатларни ҳам шунга чақирди.

Жонли ва қизғин ўтган мажлисда депутатлар лойиҳанинг айрим камчиликлари, аниқлик киритилиши керак бўлган жиҳатларини кўрсатиб ўтган ҳолда, Конституциявий қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига ва парламент қуйи палатаси расмий сайтига жойлаштириладиган бўлди.

Мажлисда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Аҳмад Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири

«Ўзбекистон овози», 11.10.2022, №40

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш