Ижтимоий ҳимоя: амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон манфаатлари устувор
Ижтимоий ҳимоя: амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон манфаатлари устувор

 

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлатимиз томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган даврда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича жиддий қадамлар ташланди.

Янги таҳрирдаги Конституциясида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, унда ижтимоий соҳадаги давлатнинг мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар қарийб 3 баробарга кўпайди. Аҳолининг бепул ва зарур тиббий хизматларнинг кафолатланган ҳажмидан фойдаланиши ҳуқуқлари киритилди.

Бош қомусимизда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишининг белгилангани ушбу соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шу сабабли, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилди. Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Асосий қонунимизда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ҳозирнинг ўзида 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади, дегани. Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келган ҳолда, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.

Сир эмаски, айни чоғда кўплаб оилалар моддий имконияти чеклангани туфайли ака-укаси, ота-онаси билан бир хонадонда яшайди. Шу боис, ҳар йили бюджетдан ўртача 10,5 триллион сўм ажратилиб, ҳудудларда қарийб 50 минг оила учун янги хонадонлар қурилмоқда. Бу йил 90 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилган. Яқин 2-3 йилда эса бу рақамни 200 мингга етказиш мақсад қилинган.

Бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар юқори натижа бераётганини кўриб, сезиб турибмиз. Шу билан бирга, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2016 йилдан 2022 йилгача ижтимоий нафақаларга ажратилаётган маблағ 10 бараварга оширилиб, 11 трлн. сўмга етказилди. Бу орқали ижтимоий нафақа олаётган оилалар сони 2,1 миллиондан ошди. Бу республикадаги барча оилаларнинг 23,3 фоизини ташкил этади.

Қайд этиш жоиз, ижтимоий ҳимоя — кенг маънода мамлакат аҳолисини ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган ҳамда жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий чора-тадбирлар мажмуидир. Бу жараёнда кам таъминланган оилаларга 2021 йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали ижтимоий нафақаларни автоматик тарзда тайинлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилгани эса тизим фаолияти шаффофлигини таъминлаш имкониятини берди.

Шу билан бирга, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини инфляция даражасига қараб индексациялаб бориш мақсадида шу йил 1 апрелдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилди. Энг муҳими, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ногиронлик пенсия ва нафақаларнинг энг ками миқдори 747,0 минг сўмга етказилди.

Инсон ҳуқуқлари демократик-ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Охирги етти йилда юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг манзилли ижтимоий мухофазасини кучайтириш, уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар қилинди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳамма вақт долзарб бўлиб келган. Юртимизда кам таъминланган оилалар, аёллар, ёшлар, кексалар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаётгани мамлакатимизда ҳар инсон давлатнинг эътиборида, ҳимоясида эканлигидан далолат беради.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш