Тарихий воқеа

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бир гуруҳ депутатлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари «Қорақалпоғистон» посёлкасидаги Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси ҳудудида ўтказилган тарихий воқеага гувоҳ бўлишди. Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга магистраль қувури орқали табиий газ етказиб берилиши бошланди.

Мамлакат иқтисодиёти ривожлангани, саноат ўсгани, аҳоли сони ортгани, уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилгани сари табиий газга талаб ортиб бораверади. Охирги 6-7 йил ичида барча соҳалар ривожи учун кенг йўл очилди.

Мамлакатимизда юзлаб саноат корхоналари, кичик ва ўрта ишлаб чиқариш субъектлари ишга туширилмоқда, ташқи иқтисодий алоқалар, бизнес ҳамкорлик истиқболлари ўсмоқда. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида турар-жойлар қурилиши мисли кўрилмаган даражада ошди. Камбағалликни қисқартириш учун минглаб янги иш ўринлари яратилди, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш билан бирга, кўплаб иссиқхоналар қуриб берилди. Буларнинг ҳаммаси энергия, хусусан, табиий газга эҳтиёжни оширмоқда.

Мутасаддиларнинг ахборотига кўра, икки ярим ой ичида 1 минг 700 км. дан ортиқ газ қувурлари ревизия қилинган, таъмирланган, газо-компрессор станциялари реверс режимида ишлашга мослаштириб, газ қувурлари қайта монтаж қилингач, лаборатория текширувлари ўтказилган. Ўзбекистонда янгидан газ ўлчаш станцияси қисқа вақтда қуриб битказилган.

Газ қувури ишга тушиши билан у орқали 2,8 миллиард куб метр табиий газ етказилади. Бу нафақат Қорақалпоғистон, балки Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларигача бўлган ҳудудлардаги аҳолининг эҳтиёжини қондиришга, ҳудуд иқтисодиёти ривожига ҳам хизмат қилади.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг ривожланиши, тарихий лойиҳалар амалга оширилиши фақат эзгуликларга хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

Халилла ЕШИМБEТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 11.10.2022, №40

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш