Ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди
Ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Вьетнам коммунистик партияси Марказий қўмитаси Ташқи алоқалар бўйича комиссияси раиси ижрочи ўринбосари Нгуен Тхи Хоанг Ван бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари У. Вафаев кириш сўзи билан очиб, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, партия томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида таништириб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини, аввало, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилаб олганига урғу берилди. Партия дастурида кўзда тутилган ижтимоий ҳимоя ва тенгликка доир ташаббуслар эндиликда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам акс этгани таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот чоғида Вьетнам Социалистик Республикаси делегацияси раҳбари ташрифдан асосий мақсад мамлакатлараро муносабатларни ривожлантириш, жумладан, икки давлат сиёсий партиялари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш эканини билдириб, дастурий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини берди.

Ўзаро самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда шунингдек, давлатлараро муносабатларнинг долзарб мавзуларида партиялараро конференциялар форматида қўшма тадбирлар ўтказиш каби ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш