Сайлов комиссиялари тизими мақбуллаштирилади
Сайлов комиссиялари тизими мақбуллаштирилади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини 2-ўқишда муҳокама қилишди.

Кейинги йилларда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур Конституциявий Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари Қонун сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилишини инобатга олган ҳолда моддама-модда муҳокама қилдилар. Лойиҳани янада такомилига етказиш юзасидан фирк-мулоҳазалар билдирилгач, 2-ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 44 та моддадан иборат бўлиб, Болалар омбудсманини сайлаш тартиби, унинг асосий вазифалари белгиланмоқда. Энг асосийси 20-модда билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти ойдинлаштирилмоқда. Болалар омбудсманининг ваколатлари кенгайтирилиши билан бирга вазифалари оширилмоқда. Масалан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил таълим, тарбия, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойларига, жазони ижро этиш муассасаларига ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши белгиланмоқда. Вояга етмаган шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига чек қўйиш учун чоралар кўриши назарда тутилмоқда.

Депутатлар Қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг муҳимлигини, Боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини миллий қонунчиликка, хусусан 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига имплементация қилишга кўмаклашишини таъкидлаб ўтдилар.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, Болалар омбудсмани боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафили бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, боланинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқлари таъминланишида ёрдам беради.

Фикр мулоҳазалардан сўнг Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш