Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда

 

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳаларни қамраб олган ва кейинги йилларда изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, икки давлат дўстлик ва шерикликнинг янги босқичларига қадам қўймоқда.

Ҳар иккала давлат кўҳна Шарқ цивилизацияларининг кўп асрлик дўстона ва маданий тарихига эга бўлгани эса ўзаро гуманитар алмашувларни фаол ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қиляпти. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олди. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари барча даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, янги уфқлар очмоқда.

Зеро, Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир. Икки мамлакат ҳам қадимий тарихга эга бўлиб, уларни маданиятлар муштараклиги ўзаро бирлаштириб туради ва янада яқинлаштиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17-18 октябрь кунлари ушбу мамлакатга ташрифи ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо яна бир янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға эмас. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Вьетнам Президенти Во Ван Тхионг билан музокаралар ўтказди.

Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси, ушбу мамлакатнинг етакчи «Ameri International», «CAMCE», «China Energy», «State Grid» корпорациялари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Шунингдек, форум давомида Хитой ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган ижобий таркибий ўзгаришлар ва қулай шароитлар ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Пекин шаҳрида «Бир макон — бир йўл» халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда «Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида «Яшил ипак йўлини» биргаликда барпо этиш» мавзусидаги ялпи йиғилишда иштирок этди.

Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб «Макон ва йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлаб, мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоридир. Давлатимиз раҳбари «Яшил ипак йўли» ташаббуси моҳият эътибори билан умумий «яшил» келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади.

Минтақамиздаги аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятга тўхталиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини қайд этди.

Марказий Осиёда «яшил» тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

«Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун «Келажак учун — Самарқанд мулоқоти»ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади», – деди Президентимиз.

Мамлакатимиз «Яшил ипак йўли» доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси Хитой ҳамда «Макон ва йўл» ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

«Марказий Осиёнинг «яшил» кун тартиби» ва «Яшил ипак йўли» концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини «яшил» тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, «яшил» саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган «Яшил» тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, «яшил технологиялар»ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари кам углеродли иқтисодиёт ва «тоза» технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда «Яшил молиялаштириш» жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси «яшил» маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.

«Яшил» энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва «Макон ва йўл» ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида «яшил» билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

«Яшил» тараққиёт ва экология соҳаси учун малакали кадрлар танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида етакчи хорижий олийгоҳлар ва таълим марказлари билан ҳамкорликда «Яшил» тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи «яшил» маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди.

Умуман олганда, Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада ривожланаётганидан ҳамда стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришдан иборат. Эришилган натижалар эса Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги саҳифа очади.

 

Шерзод Рахмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш