Ҳеч нарса инсон ҳаётидан қиммат эмас
Ҳеч нарса инсон ҳаётидан қиммат эмас

 

Инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларда қонунчилигимизда 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган бўлса-да, бу норма ишламайди. Доим ушбу модда бўйича суд қарорлари енгиллаштирилган тартибда ҳукм чиқарилган. Бу эса автоҳалокатлар яна ва яна содир бўлишига туртки бўлади. Ҳайдовчи жазо яна енгиллаштирилган тартибда ҳукм чиқарилишига ишонади. Шу боисдан, пиёдаларнинг йўлдан ўтиш қисмида йўл бермаганлик учун жарималар миқдорини максимал даражада кўпайтириш, инсон ўлими билан боғлиқ автоҳалокатларни содир этганлик учун жазони муқаррар (7 йиллик ҳукм) амалга ошишини таъминлаш лозим.

Афсуски, бугун қонунларни менсимай, одамлар ҳаётига хавф солган ҳолда йўл қоидаларини бузиб ҳаракатланиш ва уни видеога олиб тарқатиш ҳолатлари кўпайди. Улар қоидаларни бузиш билан фахрланади. Яна шундай тоифадаги эркатойлар борки, сурбетларча “жаримангни ёз, тўлаб қўяман”, деб мақтаниб ҳам қўяди. Бундайларни на жарима, на камера ва на светофор, ҳатто бирон кишини уриб юбориш эҳтимоли ҳам тўхтата олмаяпти.

Оқибатда барчамиз йўлларда автомобилларга «ортиқча хавф манбаи» сифатида қарашга мажбур бўлаяпмиз. Боламизни мактабга ёки кўчага чиқаришда, албатта, «йўлдан эҳтиёт бўлиб ўт», «автомашиналардан эҳтиёт бўл», деб тайинлаймиз. Бу биринчи навбатдаги вазифамизга айланиб улгурди. Бу йўлларнинг хавфсиз эмаслиги, йўллардаги кўнгилсизликлар кун сайин ортиб бораётганини одатий ҳолат сифатида қабул қилишни бошлаганимиздан далолат беради.

Ҳар биримиз пиёда, йўловчи ёки ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати иштирокчиларимиз. Ҳар ким йўлда хавфсиз ҳаракатланишни хоҳлайди ва шунинг учун йўл ҳаракати қоидалари жорий этилган. Қоидабузарга жазо тайинланиб, шу йўл билан тартиб сақланиши белгиланган. Қоидани буздими, албатта, жазо муқаррар бўлиши керак.

Доимо қўлимизни дуога очганимизда, юртимиз тинч бўлсин, деб дуо қиламиз. Тинчлик нима ўзи, ҳеч нимадан қўрқмай, бемалол, эмин-эркин юриш, болаларинг кўчада ўйнаб юради, мактаб-боғчага бориб-келади, деганими? Тинч замон аслида қандай бўлиши керак?

Йўлларда содир бўлаётган автоҳалокатлар, натижада ёш болалар ўлимининг кўпайгани барчамизни ташвишга солади. Мисол учун, Наманганнинг Косонсойида машина тагида ёш боланинг мажақлангани ёки Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасида 12 ёшли қизнинг машина тагида қолиб вафот этгани, буларни эшитишнинг ўзи одамни ларзага солади.

Мактаблар олдида тезликни ошириш тақиқланганини ҳаммамиз биламиз. Болалар ўтади, аммо деярли ҳеч ким меъёрга амал қилмайди. Мактабга яқинлашган сари газ босилади. Кўз олдингизга келтиринг, ахир шу мактабда сизнинг фарзандингиз ҳам ўқийди-ку. Нега қонун ва қоидага амал қилмайсиз. Мактаб борлигини биламиз, тезликни чеклаш огоҳлантирувчи белгини кўрамизу кўрмаганликка оламиз.

Ҳатто пиёдалар ўтиш йўлагида тезликни пасайтириб, кейин тўхтайдиган ҳайдовчилар йўқ ҳисоби. Болаларни-ку қўйинг, катта одамлар йўлдан ҳайиқиб, қўрқиб, юрагини ҳовучлаб ўтади.

Нега шунақа?

Чунки, пиёдалар ўтиш йўлагини менсимаймиз, гўёки у бизга тўхташ учун тўсиқ бўлолмайди, иккинчидан, жазо енгил, ҳайдовчи зар ё зўр билан бемалол қутулиб кетишига кўзи етади ёхуд ички йўлларда кузатув камералари ё йўл-патрул хизмати ходимлари йўқлигини жуда яхши билади.

Минбарларда туриб, пиёдалар транспорт воситаларидан устун, деб жар соламиз. Лекин, бугунги ҳолатимиз бунинг аксини кўрсатмаяптими?

Ҳозир биз автомобиллар учун шароитлар яхшиланганини кўраяпмиз холос, пиёдалар учун эса ноқулайликлар яратишда давом этаяпмиз.

Бу автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизими яхши эмаслигини англатади. Тизимни тубдан ислоҳ қилиш зарур.

Эътибор беринг, 2023 йилнинг январ-август ойларида 9 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган. Жумладан, 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарликлар, 26 мингга яқин маст ҳолатда автомобиль бошқариш ва 161 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.

Оқибатда эса шу даврда 5 772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларда 1 415 киши ҳалок бўлган, яна 5 448 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Таҳлилларга кўра, аварияларнинг 55 фоизи ҳайдовчилар айби билан содир бўлади. Бунда ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги ҳолати 45 фоизни, тажрибасизлиги эса 10 фоизни ташкил қилади.

Кўриб турибсизки, бировнинг қўпол хатоси ёки қоидани менсимай ҳаракатланиши ортидан кимдир оғир жароҳатланади, кимдир бир умрга ногирон бўлиб қолади ёхуд бир оила ўзининг ягона боқувчисидан, фарзандлар отасидан жудо бўлади... Йўлларимизда машинада тугул йўл ёқаларида пиёда ҳаракатланиш ҳам тобора хавфли бўлиб бормоқда.

Кўп ҳолларда пиёдаларнинг йўлларни кесиб ўтишда қийналаётгани, ҳайдовчилар эса уларга йўл бермаслигини кўрамиз.

Светофор қўйилмаган пиёдалар ўтиш йўлагида тез келаётган транспорт воситаси пиёдани кечроқ кўради. Ёки бошқа транспорт воситалари тўхтаб туриш сабабини тушунмасдан, ўтиб кетишга ҳаракат қилади. Бу эса пиёдалар ўтиш йўлларидаги ҳалокатлар сони ортишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатлар йилдан йилга ортиб бормоқда.

Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, 2021 йил давомида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатланганлиги учун қўлланилган маъмурий қоидабузарликлар сони 101 796 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 142 967 тани, 2023 йилнинг 8 ойида эса 90 211 тани ташкил қилган.

Бундай маълумотлардан одам даҳшатга тушади. Оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашишимиз керак. Ҳар бир ҳолатни ўрганиб, аниқ таҳлиллар қилиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб 11 мингга яқин пиёдалар ўтиш жойи мавжуд. Бироқ уларнинг атиги 1834 тасида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида светофор ёки бошқа йўл белгилари ўрнатилган. 2021 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда назоратсиз пиёдалар ўтиш жойларида 2784 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, улардан 1007 таси қоронғуда содир бўлган.

Шу сабабли республикамиз бўйлаб пиёдалар бошқарадиган светофорларни жорий этиш муҳим ва бу «йўл – пиёда учун» тамойилини жорий этишга хизмат қилади.

Энг ёмон жиҳати шундаки, биз юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларни олдини олишга ҳаракат қилмаяпмиз. Фақатгина воқеа содир бўлиб, шов-шув кўтарилсагина унинг сабабларини ўрганиб, ечим топишга ўрганиб қолдик.

Эътибор беринг, бунинг натижасида Тошкентда пиёдалар ўтиш жойларида светофорлар одатда ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалардан кейин пайдо бўлиши анъанага айланди.

Мисол учун, юқорида айтганимиз Абдулла Қодирий кўчасидаги автоҳалокат ва унинг натижасида ёш боланинг вафот этиши ортидан ушбу пиёдалар ўтиш йўлаги светофор билан жиҳозланди.

Яна бир мисол, пойтахтимиздаги Махтумқули кўчасида пиёдалар ўтиш йўлагида бир аёл машина уриб кетиши оқибатида вафот этгач, ўша жойга ҳам кўп ўтмай пиёдалар бошқарадиган светофор ўрнатилди.

Инсон табиати шундай, қачонки қизил белгини қўясиз, кейин тўхтайди. Шу боисдан мактаб ёнларига, пиёдалар ўтиш йўлакларига, ҳар бирида, албатта қўлда бошқариладиган светофорларнинг ўрнатилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Ҳайдовчи ва пиёда ўртасидаги муносабатни шакллантириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган таклифларимизни билдириб ўтамиз.

Биринчи таклиф шундан иборатки, йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга амал қилиш маданиятини ошириш керак. Инсонни қадрлашни ўрганмасдан туриб, бунга эришиб бўлмайди. Буни ҳукумат ё давлат даражасида эмас, ҳайдовчи ва пиёда ўртасида шакллантириш лозим. Шундагина ўзаро ҳурмат ва қонунларга итоат руҳияти шаклланади.

Иккинчидан, инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларда қонунчилигимизда 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган бўлса-да, бу норма ишламайди. Доим ушбу модда бўйича суд қарорлари енгиллаштирилган тартибда ҳукм чиқарилган. Бу эса автоҳалокатлар яна ва яна содир бўлишига туртки бўлади. Ҳайдовчи жазо яна енгиллаштирилган тартибда ҳукм чиқарилишига ишонади. Шу боисдан, пиёдаларнинг йўлдан ўтиш қисмида йўл бермаганлик учун жарималар миқдорини максимал даражада кўпайтириш, инсон ўлими билан боғлиқ автоҳалокатларни содир этганлик учун жазони муқаррар (7 йиллик ҳукм) амалга ошишини таъминлаш лозим.

Учинчидан, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Пиёдалар ўтиш йўлакларини тўлиқ автоматлаштириш ҳамда қўлда бошқариладиган светофорларни ўрнатиш керак. Ҳар қандай маблағ инсон ҳаётидан қимматли эмас.

Тўртинчидан, ҳар ҳафтада, энг кўп қоидабузарликни амалга оширган ҳайдовчилар рўйхатини вилоятлар кесимида эълон қилиб бориш тизимини жорий қилиш лозим. Ким қандай қоида бузганини бошқалар кўрадиган тизим керакка ўхшайди.

Қадимда қоидабузарлар халқ олдига олиб чиқиб кўрсатилган. Жамият ҳозир қоидабузарлар ҳақида билмаслиги ҳам катта муаммо. Ушбу тизим кўплаб чет давлатларда амал қилади. Бу ўз навбатида қоидабузарликлар сони камайишига олиб келади.

Сиз муҳим ҳисобламаган йўл маданияти ҳаётингизнинг аччиқ хотимаси бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз ўз мажбуриятимизни тўла ҳис этган ҳолда, йўлларда маданиятли йўловчи ва ҳайдовчи сифатида ҳаракатланайлик!

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 25.10.2022, №42

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш