Хотин-қизларга касб-ҳунарлар ўргатилмоқда
Хотин-қизларга касб-ҳунарлар ўргатилмоқда

 

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида замонавий, барча шарт-шароитларга эга бўлган Оила ва аёллар маркази барпо этилиб, ишга туширилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, хотин-қизлар билан гавжум. Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳам шу бинода жойлашган бўлиб, бугунги кунда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда, уларга ўз касбининг усталари томонидан тадбиркорлик, ҳунармандчилик, заргарлик сир-асрорлари ўргатилмоқда.

Ушбу даргоҳда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, Шайхонтоҳур тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда “Аёллар бандлиги-оила фаровонлиги” лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, Шайхонтоҳур туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, АТ Халқ банки Тошкент шаҳар филиали мутахассислари, Республика ҳамда Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ходимлари, Тошкент шаҳридаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб марказда хотин-қизларнинг касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар ўрганилди, амалиёт жараёни кузатилди. Сўнгра аёллар билан давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида давом эттирилди. Тадбир иширокчиларига мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, меҳнат қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Банкдан кредит ва субсидиялар олиш тартиб-тамойиллари ҳақида банкнинг масъул ходимлари тушунтириш бериб, йўл-йўриқлар кўрсатишди.

Судсидия олишда қийналаётган Р.Жўрабоева ҳамда Д. Темироваларга субсидия олишларида ёрдам бериладиган бўлди. Тадбир савол-жавоб, фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.

Якунда Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари, партиянинг доимий ҳамкори ва фаоли Ф. Йўлдошева Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ўқув курсларини тамомлаган 15 нафар хотин-қизларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

“Аёллар дафтари” да рўйхатда турган хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимлари, қонунлардан хабардорлигини ошириш, уларни касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилиш, бандлигини таъминлашда кўмаклашиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирларни кўпайтириш ва тизимли равишда амалга ошириш масалалари келишиб олинди.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш