Сайловолди дастури ижроси таҳлили: Ғоялар амалга ошмоқда
Сайловолди дастури ижроси таҳлили: Ғоялар амалга ошмоқда

 

Бутун дунёда демократия инсон учун, давлат учун, жамият учун идеал тушунча сифатида англанади, унга интилиш эзгу мақсад ҳисобланади. Демократиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири халқ фикри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган ғоялар илгари сурилади. Улар рўёбга чиқиши учун курашилади.

Мамлакатимиздаги энг тизимли ва тажрибали партиялардан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритилиши, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги амалда таъминланиши билан боғлиқ муҳим ғояларни олға суриб келади. Партия тизимида тажриба асосида шаклланган, халқимизнинг табиатига хос бўлган мулоҳазакорлик ва вазминлик позицияси асосида мунтазам амалий фаолият юритилмоқда. Шовқин-сурон кўтариш, айюҳаннос солиш партия етакчилари, фаолларига хос хусусият эмас.

Очиғини айтиш керак, мустақилликнинг дастлабки йилларида, парламентаризм, кўппартиявийлик шаклланиш босқичларида ғоялар рўёбга чиқиши осон кечмаган. Кейинги йилларда мамлакатда юзага келган фаол мулоқот ва ташаббускорлик муҳити, юритилаётган манзилли ижтимоий сиёсат Халқ демократик партиясининг муҳим таклифлари амалга ошишига имкон яратмоқда.

Кейинги йилларда аксарият давлатлар ҳукуматлари сиёсатида, халқаро майдонда ҳам ижтимоийлашиш тенденцияси кўпроқ кўзга ташланмоқда. Чунки ижтимоий масалаларни самарали ҳал этмасдан туриб жамиятда ижтимоий барқарорлик муҳитини таъминлаш мумкин эмас. Дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган ижтимоий инқирозли ҳолатлар шуни уқтирмоқда.

Жорий йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Унинг биринчи моддасида Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилгани ҳам Халқ демократик партияси ғоялари мустаҳкам ва стратегик аҳамиятга эга эканини қатъий тасдиқламоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги ғоя ва таклифлар бўйича амалга ошаётган 5 та мақсад мисол келтирсак, фикримиз янада аниқлашади.

 

1 МАҚСАД

Таълимда ижтимоий тенглик

Яқин йилларда таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар мана шу ғоя рўёбга чиқишига асос бўлиб хизмат қилди. Мақсад эса ҳамма учун тенг бўлган сифатли ва кафолатли таълим тизимини яратиш эди.

Нималарга эришилди?

– 2021 йилданбошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилди. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилди.

Ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунида ўқувчиларга имтиёзли таълим кредитлари бериш, шунингдек, кам таъминланган болаларнинг таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланган.

– Етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг контракт пуллари тўлаб берилади.

– Хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шароитлар яратиш, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтириш белгиланган.

– 2021 йил 1-сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин 7 ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

– 2022/23 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланган.

Ҳар қандай тараққиётнинг асосида таълим ётади. Таълим тизимида амалга ошириладиган ислоҳотлар инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Конституциямизда таълим олиш ҳамма учун кафолатланган. Бугунги кунда ҳар ким ўзи хоҳлаган таълим шакли ва йўналишида таҳсил олиши мумкин. Бу имконият, айниқса, олий таълим соҳасида яққол кўринади. Ким қайси мутахассислик бўйича қандай мутахассис бўлиб чиқишини ўзи ҳал қилади. Давлат ҳамма учун имконият яратиб бермоқда, ундан қандай фойдаланишни эса фуқароларнинг ўзига боғлиқ.

 

2 МАҚСАД

Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси, уларни қўллаш тартибини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш ва амалда қўллашга эришиш масаласи

– «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди.

Минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик мезони ёки чегараси сифатида фойдаланилади.

– 2022 йилдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб билиш этиш жараёнида қўлланиладиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилди.

– ҳар йили августь ойигача минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз параметрлари инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

– минимал истеъмол харажатлари таркиби камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламлари манфаатини ҳимоя қилишни ўзининг фундаментал мақсадлари қаторига киритади. Чунки бу Конституцияда белгиланган қатъий қоиданинг амалга ошишини амалда кафолатлаш билан боғлиқ принципиал масала.

Пенсия, нафақа, стипендия, меҳнатга ҳақ тўлаш ва бошқа ижтимоий ёрдамларнинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги аҳолининг ижтимоий таъминланганлик даражасини оширади. Асосийси, ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Минимал истеъмол харажатларининг халқаро нормалар асосида белгиланиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

 

3 МАҚСАД

Аёллар фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган барча вақтни пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига киритиш масаласи

Мазкур таклифни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги «Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, ёши бўйича пенсия тайинлашда ҳисобланган аёлларнинг иш стажига 18 ёшга тўлмаган ногирон болани парвариш қилиш бўйича ўтказган вақтлари ҳисобга олинади, шунингдек, бола 3 ёшга тўлгунга қадар, лекин жами 6 йилдан кўп бўлмаган вақт пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига қўшилиши назарда тутилган.

Мазкур ўзгартиришлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга 2022-йил 9-февралдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ киритилди.

Эътиборлиси, бунда фақат она емас, балки ота ҳам болага қаровчи бўлиши мумкинлиги назарда тутилган. Бу амалиёт, яъни отанинг болага қаровчи бўлиши биз учун бироз эриш туюлиши мумкин. Лекин халқаро тажрибада бу амалиёт мавжуд. Агар эр-хотин болани ким парвариш қилиши бўйича бир фикрга келса, бунинг нимаси нотўғри?..

Бугун ҳаёт инсонларни фақат ва фақат олдинга ҳаракат қилишга ундамоқда. Бу ўз-ўзидан эркакдан ҳам, аёлдан ҳам оиласи тўкис бўлиши учун тинмай меҳнат қилишни тақозо қилади. Бизда шаклланган анъанага кўра, одатда фарзанд тарбияси билан аёл, яъни она шуғулланади.

Ўзбекистон демографик ўсиш бўйича дунёдаги энг тез ўсаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Йиллик туғилиши деярли бир миллион. Ўзбекистонда оилада иккита фарзанд бўлиши кам ҳисобланади. Оилаларда ўртача 3-4 та фарзанд бўлади. Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлигини 74 ёш деб олсак, пенсия ёши аёллар учун 55 ёшни ташкил қилади. Битта аёл уч нафар фарзандни дунёга келтириб боғча ёшигача парвариш қилиши учун ўртача 10 йил умрини сарфлайди. Ваҳоланки, ўша ўн йил унинг айни шижоатга тўлган, билимга чанқоқ, ҳаётга ташна умридир. Фарзанд тарбия қилиш миллат тарбия қилиш ҳамдир. Ҳар бир ёш авлодни мамлакат тараққиётини ҳаракатга келтирувчи, унинг эртасини белгиловчи, юрт корига ярайдиган шахс бўлишига умид қиламиз. Демак, уларни дунёга келтириб, тарбия қилаётганларни ҳам эсдан чиқармаслигимиз, керак бўлса, меҳнатларини қадрлашимиз лозим.

Айни қонун уларни қадрлашга хизмат қилишига умид қиламиз. Зеро, ОНА фарзандини дунёга келтириб, уни тарбия қилиш жараёнида ҳеч кимдан ҳеч қандай рағбат кутмайди. У бунинг учун умрини беғараз тикади.

 

4 МАҚСАД

Мулкчилик шаклидан ва уларни молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, шунингдек, мажбурий тиббий суғуртанинг процессуал механизмларини қонун ҳужжатларида ишлаб чиқиш ва белгилаш масаласи

Мулкчилик шаклидан ва уларни ташкил этиш манбаларидан қатъий назар, тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш масаласи ҳал этилиши долзарб масала ҳисобланади.

Бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш орқали аҳолининг айрим тоифаларига дори воситалари, протезлар ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдам сотиб олишда бериладиган имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш ҳам муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 20-июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда фуқароларнинг энг кўп мурожаатларини келтириб чиқарадиган касаллик ва шароитларни ҳисобга олган ҳолда, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини тасдиқлаш топширилди. Тиббий ёрдам кўрсатиш даражалари ва турлари бўйича, шу жумладан, дори воситалари, сарф материаллари ва тиббиёт буюмлари бўйича кўрсатилган рўйхат Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023-йил 13-октябрдаги буйруғи билан тасдиқланган.

Худди шу қарорга мувофиқ, 2024 йилдан бошлаб ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказиш доирасида кекса авлод вакиллари учун мақсадли скрининг дастурлари жорий этилмоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш энг асосий ва устувор ғояга айланди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсад қилинган.

Инсон етук ва баркамол бўлиши учун у аввало соғлом бўлиши ҳам керак. Демократик тамойиллар устувор бўлган жамиятларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам инсон капиталини ривожлантиришда, аввало бирламчи тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг кафолатланган бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган. Бунда кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини бирламчи тиббий хизмат билан таъминлаш ҳам устувор вазифа қилиб белгиланган.

 

5 МАҚСАД

Меҳнатга лаёқатли фуқароларни ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш масаласи

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Темир дафтар» тизими яратилди.

– Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган янги тизим – «Ёшлар дафтари» жорий этилди.

– Ижтимоий қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни иқтисодий фаолликка рағбатлантириш ва амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Аёллар дафтари» яратилди.

Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 9,5 миллиондан ортиқни ташкил қилади. Бу жами аҳоли сонининг 27 фоизга яқинини шу ёшдагилар ташкил қилади, дегани. Ҳаммага маълумки, инсон вояга етиб, мустақил ҳаёт йўлини танлар экан, у аввало ўзига муносиб иш топишига ҳаракат қилади. Тўғри, баъзида ўзимиз хоҳлаган касбни эгаллашимиз учун йилларни сарфлаймиз. Лекин ўзимизга муносиб касбни топгунимизча ишламасдан, ҳаракатсизлигимиз билан унга эришолмаймиз. Ижтимоий дафтарлар эҳтиёжманд, лекин иқтисодий фаол бўлишга интилаётган фуқароларни қўллаш, муносиб даромад топишига рағбатлантиришда самарали тизим бўлиб хизмат қилмоқда.

Юқоридаги кичкина таҳлилимиз орқали эътиборингизни қаратмоқчи бўлган икки жиҳат бор. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастури ва электорати манфаатларига содиқлигидир. Баъзи одамларнинг партия ҳам, депутат ҳам сайлов ўтиши билан панага ўтиши ҳақидаги фикрлар унчалик ҳам асосли эмаслигини айтмоқчимиз. Ҳар ҳолда, ЎзХДП дастури ижроси бўйича таҳлиллар шуни кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим масала партия дастури, ғоялари долзарблигини йўқотмаслигидир. Халқ манфаатларига хизмат қилиши партия дастури ҳаётийлигини кўрсатувчи энг биринчи омиллардан ҳисобланади.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамалардан ўтмоқда. Мазкур қонун билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказиладиган сайлов тизими ўзгаради. Лойиҳада Қонунчилик палатасидаги 150 нафар депутатнинг 75 нафари партия рўйхати асосида шаклланиши назарда тутилмоқда.

Келгуси сайловлар янгича формат ва тизим асосида ташкил этилиши мақсад қилинмоқда. Шундай шароитда сиёсий партиялар ҳам янги чақириққа ўзгача иштиёқ ва стратегиялар билан тайёрланиши керак бўлади. Ғоялари амалга ошаётган Халқ демократик партиясидан халқимиз кутган, замон билан ҳамнафас, чуқур асослантирилган ғоя ва ташаббусларни кутишга ҳақлимиз.

 

Аҳмад Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 25.10.2022, №42

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш