Энди нафақа тайинлашда маҳалла аралаша олмайди
Энди нафақа тайинлашда маҳалла аралаша олмайди

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон иқтисодий фаровон, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланди. Айниқса, ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар самарасини одамлар ўз кундалик ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.

Юртимизда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа, моддий ёрдам уларнинг фуқаролар йиғинига қилган мурожаати асосида ҳудуддаги мутасадди ташкилот вакилларидан тузилган махсус комиссия қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда берилиши ҳаммамизга яхши аён.

Лекин моддий ёрдамнинг тайинланиши инсон омилига боғлиқ бўлиб қолгани туфайли ҳар доим ҳам у шаффоф, адолат тамойиллари асосида белгиланавермайди. Яъни, айримлар кишилар моддий аҳволи қониқарли бўлса-да, “олғирлик” қилиб, бу имкониятдан фойдаланишга уринади. Баъзида айрим фирибгар масъуллар томонидан моддий ёрдамни ўз қариндошлари, яқинларига ажратиб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш бўйича қарор оиланинг даромади, бандлиги ва бошқа маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотларига асосан чиқарилади.

Бироқ, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг электрон маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги сабабли, нафақа тайинлаш учун аризаларда ушбу маълумотлар маҳалла раислари томонидан белгилаб берилади. Бунда ушбу оила аъзосидан бандлик талаб этилмайди.

Амалиётда эса маҳалла раисларининг ҳам ўз ҳудудидаги оила аъзоларининг барчаси қаерда эканлиги тўғрисида тўлиқ маълумот мавжуд эмас. Натижада, ариза топшираётган оиланинг аъзосини чет элда эканлигини аксарият ҳолатда фуқаронинг сўзига асосан белгилаб берилади. Бунда, ушбу фуқаро бошқа вилоятда ёки пойтахтда норасмий иш билан банд бўлса ҳам “чет элда ишлайди” деб белгилаб бериш ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, ўтказилган ўрганишлар давомида 2 607 та ҳолатда фуқаролар хорижда бўлмасада, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан “чет элда ишлайди”, деб белгилаб берилиши натижасида нафақалар нотўғри тайинлангани аниқланиб, мазкур нафақа тўловлари тўхтатилган.

Шу жиҳатдан, нафақа тайинлашда инсон омилини камайтириш ва маблағларни мақсадсиз сарфланишини олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатга асосан эндиликда янги тартибда фуқаронинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани тўғрисида маълумотларни “Электрон ҳукумат” ахборот тизимидан фуқаронинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетгани ва Ўзбекистон Республикасига қайтгани қайд этилган маълумотларга асосан электрон шаклда аниқланади. Бу орқали маълумотларни соҳталаштириш ёки маҳалла раислари томонидан билиб-билмасдан нотўғри маълумот бериш ҳолатларига барҳам берилади.

Охирги йилларда юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтиришга қаратилган салмоқли ишлар қилинди. Ижтимоий нафақалар ва тўловларнинг тайинланиш механизмларини такомиллаштириш орқали эса ушбу турдаги давлат ёрдамини мақсадли сарфланиши таъминланади.

Ушбу ҳужжат билан фуқароларни бандлигини белгилашда инсон омили бартараф этилиб, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида аниқланади. Бу орқали нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашда шаффофликни таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган янги ўзгаришлар халқимизга катта руҳий куч ва ғайрат бағишлайди. Асосийси, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш баробарида, аҳолининг давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан тўла баҳраманд бўлишида ҳам муҳим омил бўлади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш